Линклар

logo-print

Ўзбекистон президенти 26 апрел куни “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонунга имзо қўйди ва қонун шу кундан кучга кирди.

Таркибида етти боб ва 35 та моддани мужассамлаштирган “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонунда оилавий корхоналар ташкил қилиш, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, фаолият эркинлиги ва бу корхоналарда меҳнат қилаётган ишчиларни ижтимоий ҳимоя этиш кўзда тутилган.

Оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётган субъект “оилавий корхона” номини олиши шарт қилиб қўйилди.

Қонунга кўра, оилавий корхона аъзолари оила бошлиғи, унинг хотини, болалари, меҳнатга қодир ëшга етган бошқа қариндошлари, фарзандлари, хотини, эри, туғишган¸ ўгай ака-укалар ҳамда опа-сингиллар, уларнинг хотинлари, эрлари, амакилари бўлиши мумкин. Оилавий корхона икки кишидан оз бўлмаслиги лозим.

Бир оилавий корхонада ишлаган шахс, бошқа оилавий корхонанинг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Ҳукумат идораларида ишлайдиган одамлар ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қонунда ман қилинган бошқа шахслар оилавий корхона фаолиятида иштирок эта олмайди.

Самарқанд вилоятида якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланадиган, хавфсизлик нуқтаи назаридан исмини ошкор этмаган тадбиркорнинг айтишича, Ўзбекистонда тадбиркорлик хусусида чиқарилган қонунлар жуда гўзал, бироқ бу қонунларнинг ижроси маъмурий-буйруқбозлик системасига асосланган:

- Қонунларимиз жуда яхши. Қонунни чиқарадиган одамлар ақлли одамлар, деб ўйлайман. Бироқ унинг ижросини назорат қилувчилар илмсиз ва фақат ўз манфаатини ўйлайдиган одамлар деб биламан. Яхши қонунлар чиқяпти, лекин бирорта соҳа гуриллаб ривожланиб кетгани йўқ,- дейди тадбиркор.

Йигирма йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган бу одам янги қонуннинг "оилавий корхоналар уч йилда бир текширилади", деган моддаси ҳам амалда ижро этилмай қолишига ишонади:

- Бу бизнинг тузумда мутлақо мумкин эмас. Сизни хоҳлаган амалдор хоҳлаган пайтида текширади. Бу қоғоздаги гап. Табиб табиб эмас, бошдан ўтказган табиб, дейишадику. Йигирма йилдан бери бунақа қонунларни кўравериб, бошимизда таёқ синавериб, энди қатиқни ҳам пуфлаб ичадиган тадбиркор бўлиб қолганмиз. Агар булар хоҳласа шунақа баҳоналар топадики, “мана президентни қарори бор, деб кўрсатсангиз, президентни мана бунақа қарорлари ҳам бор”, деб айтишади. Агар сиз ривожланиб кетсангиз, дарров хатга тушасиз. Амалдорлардан ёки орган одамларидан “орқа”нгиз бўлмаса сизни синдиришади,- дейди самарқандлик бу тадбиркор.

"Оилавий тадбиркорлик тўғрисида"ги қонунга кўра, янги ташкил қилинган оилавий корхоналар уч йил муддатга текширувлардан озод қилинади.

Бу имтиёз корхонанинг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ текширувларга тааллуқли.

Лекин бюджет ҳамда марказлаштирилган маблағлар ва ресурслардан мақсадли фойдаланиш билан боғлиқ текширишлар бундан мустасно.

Қонунга кўра, мамлакатда фаолият юритаётган оилавий корхоналарнинг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар кўпи билан тўрт йилда бир марта амалга оширилади.

“Мустаҳкам оила йили” деб аталаëтган 2012 йилда қабул қилинган бу янги қонуннинг мақсади оилавий тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат экани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG