Линклар

Таниқли олим Зафар Мирзоённинг "Шоҳнома" муҳокамаси чоғида Ислом дини ҳақида билдирган фикрлари мамлакат матбуотида кескин баҳс бўлмоқда.


Зафар Мирзоëн Тожикистон Миллий университетининг Шарқшунослик институтини тамомлаб¸ 70-йилларда Афғонистонда таржимон бўлиб ишлаган.

Ўз илмий изланишларининг аксарини тожик миллати тарихи бўйича тадқиқотларга бағишлаган олим Фирдавсийнинг "Шоҳнома"сидаги сатрларни Қуръони каримдан устун қўйгани ҳақида "Имрўз" нашри мақола чоп этганидан сўнг бу олим тожик зиёлилари ва диндорларининг баҳси марказида қолди.

Куни-кеча Тожикистон Миллий университетининг талабаларга тўла залида "Шоҳнома" аҳамиятидан нутқ сўзлаётган Мирзоён, нашрнинг ёзишича, "Шоҳнома"ни Қуръондан устун қўйган.

Бу ҳақда хабар берган "Имрўз" нашрининг ёзишича, сўзлари орасида тожик олими "Шоҳнома"ни Қуръондан устун қўйиш билан бирга Ислом олами муқаддас билган Қуръоннинг араб тилида битилганига ҳам жиддий эътирози борлигини билдирган.

"Мен ўзим тушунмаган ва Оллоҳ билан мулоқот қила олмайдиганим тилни ўрганмайман. Бу халифаликлардан қолган тил", дея иқтибос келтиради Зафар Мирзоёндан "Имрўз" нашри.

Тожик олимининг бу баëнотига жавобан аудиторияда ўтирган талаба қиз ўрнидан туриб: "Домла, Исломни ҳақорат қилманг", дея эътироз билдирган.

Аудиторияда ўтирган айрим ўқитувчилар аввалига талаба қизнинг овозини ўчиришга уринган, аммо "Имрўз" нашри хабарига кўра, Мирзоённинг сўзларидан норозилик аломати уларнинг юзида ҳам яққол акс этган.

Шунга қарамай аудиторияда бироз баҳс кўтарилган ва эътирозларга жавобан Зафар Мирзоён кейинги пайтда тожик жамиятида исломийлашувнинг ҳаддан зиён кўпайиб бораётгани, исломийлашув домига тушаётганларнинг саводсизлиги ва бу ҳолатнинг ўта хавотирли экани ҳақида гапирган.

Тожикистонда диндорларнинг эътирози остида қолаётган Зарфар Мирзоён 27 апрел куни Озодлик билан суҳбатда ўз сўзларининг нотўғри талқин қилинганини билдирди.

Тарихчи олимга кўра¸ бунга бугунги ёшларнинг Ислом ва шунингдек, Фирдавсий меросини ҳам яхши билмаслиги ёки бундан бехабарлиги сабабдир.

Мирзоёнга кўра, бу аслида бугунги ёшларнинг тобора мутаассиблашиб бораётганидан даракдир.

- Сўнгги 10 йил ичида бизнинг ёшларимиз янада фанатлашиб кетди. Кейинги пайтларда диний ғояларнинг миллий ғоялардан устун бўлиб бораётгани кузатилмоқда. Мен бу учрашувда ишончим комил бўлган ғояларни илгари сурдим. Биз "динни миллийлаштиришимиз", яъни милий қадриятларни динимизга сингдиришимиз керак, дедим. Бу янгилик эмас, бизга қадар буни яҳудийлар ва руслар қилган, дейди тожик олими.

Олимнинг "Шоҳнома" асари сатрларини Қуръон оятларидан устун қўйиши ҳақида "Имрўз" нашри келтирган иқтибосларга жавобан Мирзоён буни жамиятда илмсизликнинг кучаяётганига йўйди.

- Мен аслида яна 50 йиллардан сўнг биз мусулмонлар ўз она тилимиз бўлган форс-тожик тилида Оллоҳга мурожаат қила олармиз, деган умиддаман, дедим. "Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм" сўзининг таржимаси "Меҳрибон ва раҳмли Оллоҳ номи билан" тарзида улуғ олим Фирдавсий томонидан жуда гўзал айтилган, дедим. Ишонинг менга, бу жумлани ҳеч ким Фирдавсийдан кўра яхшироқ ва шоирона айта олмаган. Кейин эса мен "Шоҳнома"да Қуръоннинг деярли ҳамма оятларини топиш мумкинлигини айтдим. Айримлар менинг бу сўзларимни нотўғри тушунди, афтидан. Бунда улар айбдор эмас, улар шунчаки китобни ўқимаган, билишмайди, дейди тожик олими.

Айни пайтда Зафар Мирзоён мамлакат иқтисоди ўта паст даражада қолар экан, илмсиз ёшларнинг ашшадий тарзда исломийлашуви ва бунинг тожик миллатига хос қадриятларнинг йўқолишига олиб келишидан ҳам хавотир билдирмоқда.

Мирзоён ҳар бир миллат бирор динга эътиқод қилар экан, ўзининг бу дин келгунига қадар бўлган тарихини унутмаслиги шартлигини урғуламоқда.

- Оллоҳни таниш ҳар бир кимсанинг ўзлигини таниб олишидан бошланади. Агар бу одам мутаассиб бўлса ва ўзининг Исломга қадар бўлган тарихини унутса, хатога йўл қўйган бўлади. Маънавий масъулият, деган масала ҳам бор. Айниқса, ҳозир биз жуда муҳим бир даврни бошдан кечиряпмиз ва бу пайтда дин нафақат иймонимизнинг кучланишига, балки миллий ўзлигимизни ҳам сақлашга хизмат қилиши керак. Мен учрашувдаги чиқишимда шу нарсани назарда тутган эдим, дейди Тожикистондаги зиёлилар ва диндорлар эътирози остида қолаётган тарихчи олим Зафар Мирзоён.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG