Линклар

Петербургдаги Хориж фуқароларини вақтинчалик сақлаш марказига бошлиқ этиб ИИВнинг Тезкор отряди офицери тайинланди.

Марказга тезкор раҳбар келди

Ленинград вилояти ва Санкт-Петербург шаҳри бўйича Ички ишлар бошқармасига қарашли Хориж фуқароларини сақлаш марказида асосан маъмурий қонунбузарликлар билан қўлга тушган марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари сақланади.

Петербург Ички ишлар бошқармасининг ўзини Елена деб таништирган ходимасига кўра, янги бошлиқ аллақачон ушбу марказда тартиб ўрнатишга киришган.

- 23 апрел куни Петербургдаги Хориж фуқароларини вақтинчалик сақлаш маркази раҳбари лавозимига Копилов Сергей тайинланди. У олдин “Гранит” Тезкор гуруҳи командири ўринбосари вазифасини бажариб келган. Шу куниёқ у марказнинг шахсий таркибига таништирилди ва ўз хизмат вазифаларини ижро этишга киришди, дея маълум қилди Петербург полиция бошқармаси расмийси.

Бошқарма ходимасининг таъкидлашича, Сергей Копилов Петербург ва Ленинград вилояти Хориж фуқароларини сақлаш маркази бошлиғи вазифасидан озод этилган Виталий Улаев ўрнига тайинланган.

- Албатта, унинг тайинланиши Марказда бўлган воқеалар билан бевосита боғлиқ, дея гапни қисқа қилди Елена.

СОБР - Ички ишлар вазирлигининг Махсус тезкор гуруҳи бўлиб, бу гуруҳлар ўта хавфли амалиётларни бажариш учун тузилган. Шимолий пойтахт полиция раҳбарияти эндиликда оддий осиёлик меҳнат муҳожирларини сақлаб туришга ўз тезкорлиги билан ном қозонган кадрларни ташлаётган кўринади.

8 апрел куни етти нафар Ўзбекистон ва тўрт нафар Тожикистон фуқароси Санкт-Петербургдаги Хориж фуқароларини сақлаш марказидан темир эшик қулфларини бузиб¸ полиция ходимларини калтаклаб қочиб кетган эди.

Шу йилнинг 21 февралида ҳам Россия ҳудудида миграция қонунчилигини бузгани сабабли изоляторга тушган Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг 8 фуқароси Санкт-Петербург шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасига қарашли Хориж фуқароларини сақлаш марказидан қочган эди.

Юридик нуқтаи назардан бу муассасада сақланаётган муҳожирлар ҳибсда сақланаётган ҳисобланмайди.

Полиция маъмуриятининг Озодликка маълум қилишича, Петербургдаги ушбу марказдан қочаётган фуқаролар ҳатто қидирувга ҳам берилмайди. Бироқ 8 апрел куни марказни ўзбошимчалик билан тарк этган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг полиция ходимларига тан жароҳати етказгани учун қидирилаëтгани айтилмоқда.

Муҳожирлар марказлари кўпаймоқда

Россияда сўнгги икки йил ичида кўпайиб бораётган Хориж фуқароларини сақлаш марказлари депортация ёки маъмурий қонунбузарликлар учун мамлакатдан мажбуран чиқариб юборилаётган чет эл фуқароларини вақтинчалик сақлашга мўлжалланган.

Муҳожирларни вақтинчалик сақлаш марказлари тергов изоляторлари ва турмалардан яшаш шароитларининг бирмунча яхшилиги билан фарқ қилади.

Хориж фуқароларини сақлаш марказларлари “Хориж фуқароларининг Россия Федерациясидаги ҳуқуқий ҳолати тўғрисида” Федерал Қонунининг 31 ва 34-моддаларига мувофиқ Россиянинг деярли ҳар бир минтақасида ташкил этилмоқда. Бу марказлар маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.

Шунга қарамасдан, Санкт-Петербургдаги хорижликларни сақлаш маркази ўз шароити, аниқроғи бу шароитларнинг йўқлиги билан бошқа муассасалардан ажралиб туради.

Ўз исмини ошкор этишни истамаган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Петербургдаги Кингиссеп шоссесидаги марказда қариб бир йил сақланган.

- У ерда мутлақо ўтириб бўлмайди. Бир йил давомида прогулкага бир маротаба бўлдим. Масалан, биринчи ойда матрассиз ётдим. Озиқ-овқатини еб бўлмайди, қуруқ сув, дейди депортация қилинганидан кейин паспортини янгилаб ортга қайтган муҳожир йигит.

Петербург Хориж фуқароларини вақтинчалик сақлаш марказидан шу йилнинг ўзида мардикорларнинг икки маротаба оммавий қочиши ортиданунинг аввалги раҳбари майор Виталий Улаев ишдан бўшатилди. У ўзининг Петербург телеканалларига берган сўнгги интервьюларидан бирида 2011 йил давомида ўз бошқарувида бўлган муассасага оид айрим рақамларни очиқлаган эди.

- 2011 йилнинг биринчи 8 ойи давомида марказимизда 1139 киши сақланган. Улардан суд қарорига мувофиқ 823 киши депортация қилинган, деган эди марказнинг собиқ раҳбари Виталий Улаев.

Айтиш жойизки, мавжуд қонунчиликка кўра, мигрантлар Хориж фуқароларини сақлаш марказларида икки йил муддатгача суд қарорини кутиб ушлаб турилиши мумкин.

Мутахассислар фикрича, бундай муҳлат одатда умуман фуқаролиги йўқ¸ яъни қайси давлага депортация қилиниши мавҳум бўлган шахсларга нисбатан қўлланилади¸ холос.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG