Линклар

Ўшда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари 2010 йилга нисбатан 4 баробарга кўпайди. Бундай ҳолат 2010 йилги Ўш қирғинидан сўнг аҳолига психологик ёрдам кўрсатилмагани билан боғлиқ экани айтилмоқда.

Ўш шаҳар милицияси матбуот котиби Замир Сидиковнинг айтишича, ҳар икки-уч кунда битта ўз жонига қасд қилиш ҳолати расман рўйхатга олинмоқда.

-2010 йилнинг биринчи чорагида 15 одам ўз жонига қасд қилган бўлса, 2011 йилнинг худди мана шу даврида ўз жонига қасд қилиш тўрт марта кўпайиб, 60 киши ўзини ўлдиришга ҳаракат қилган. Бугунги кунда ҳам ҳар икки-уч кунда ўз жонига қасд қилиш ҳолати рўйхатга олинаяпти. Ўз жонига қасд қилганларнинг кўпчилиги ҳалок бўлаяпти, ҳаёти сақлаб қолинганлари эса ногирон бўлиб қолмоқда, -деди Замир Сидиков.

Ўшда ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг кўпайиши фуқаролик жамияти ва расмийларни ташвишга солмоқда. Расмийлар масжид имомлари ва уламоларга бу борада аҳоли орасида тушунтириш ишларини ўтказишда кўмак сўраб мурожаат қилган.

Ўш вилоят қозиси Ниёзали Арипов уламолар аҳоли орасида ўз жонига қасд қилиш шариатга зид эканини мунтазам тарзда тушунтираётганларини, бироқ бундан натижа бўлмаётганини айтди:

- Дин хизматчилари, имомлар ўз жонига қасд қилиш динимизда тақиқланганини аҳолига тушунтирмоқда. Лекин тушунтириш ишлари натижасида ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичи камайгани йўқ. Бундай ҳолатнинг кўпайиб бораётгани моддий етишмовчилик, ижтимоий муаммолар ва таълим-тарбиянинг бузилганидан бўлиши мумкин, -деди Ниёзали Арипов.

Расмий маълумотларга кўра, 2010 йилгача ўз жонига қасд қилганлар асосан ота-онаси ёки тенгдошлари билан келиша олмай қолган ўсмирлар, севгилисидан ажралган ёшлар бўлган. Ўш қирғинидан сўнг ўрта ва кекса ёшдагилар орасида ҳам ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатлари кўпайган. Психолог Гулипа Бўрибоева буни Ўш воқеаларидан сўнг аҳолига психологик ёрдам кўрсатилмагани оқибати сифатида баҳолайди.

- Ўш воқеасидан кейинги стресс ҳолати, бир-бирига бўлган ғазаб ҳисси ҳозир ҳам сақланиб қолмоқда. Реабилитация тадбирлари амалга оширилмагани ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг кўпайишига сабаб бўлмоқда, -деди Гулипа Бўрибоева.

Ўшда намойишкорона тарзда ўз жонига қасд қилиш ҳолати 15 апрел куни содир этилди. Олой туманининг 65 ёшдаги турғуни Канибек Сейитбеков Ўш шаҳри марказий майдонига келиб, мамлакатдаги митинг ва пикетлардан, беқарорликдан чарчаганини айтиб, ўзига-ўзи ўт қўйиб юборган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG