Линклар

Жениш Айдаров: Ўзбекистон чегарачилари тошбўрон қилинди

  • Шерзод

Боткендаги ўзбек-қирғиз чегарасига ўрнатилган ўтказиш пунктларидан бири.

Боткендаги ўзбек-қирғиз чегарасига ўрнатилган ўтказиш пунктларидан бири.

Ўзбек чегарачилари томонидан Ўзбекистон фуқаросининг калтаклаб ўлдирилишидан норози бўлган сўхликлар чегара пунктини тошбўрон қилгани ҳақида қирғиз матбуоти хабар тарқатди.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг Боткендаги мухбири Жениш Айдаровнинг хабар беришича, 25 апрел куни Ўзбекистоннинг Сўх анклавидаги Ленбург қишлоғи аҳолиси ва ўзбек чегарачилари ўртасида тўқнашув содир бўлган.

- Боткен вилоятининг Апқан қишлоғи билан чегарадош бўлган Ўзбекистоннинг Ленбург қишлоғида жойлашган ўзбек чегарачилари Ўзбекистоннинг тожик миллатига мансуб фуқаролари қаршилигига учради.

32 ёшдаги Нодир исмли Ўзбекистон фуқароси Қирғизистонга бир қоп ловиясини сотишга олиб ўтаётган пайтда Ўзбекистон чегарачилари уни қўлга олиб, калтаклаган. Нодир чегарачилар калтаклаши оқибатида вафот этган. Марҳумнинг қариндошлари ва қишлоқ аҳолисидан мингга яқин киши тўпланиб, ўзбек чегара пунктини тошбўрон қилган, -деди Жениш Айдаров.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири ўзбек чегарачилари томонидан калтаклаб ўлдирилгани айтилган шахснинг исми Нодир деб хабар берган бўлса-да, воқеа гувоҳларидан айримлари марҳумнинг исми Нормат эканини айтмоқдалар.

Жениш Айдаровнинг айтишича, ўзбек чегарачилари тошбўрондан қочиб Қирғизистон ҳудудидаги Апқан қишлоғига ўтмоқчи бўлишган. Бу воқеага гувоҳ бўлган Апқан қишлоғида истиқомат қилувчи Назриддин мана буларни айтади:

- Ўзбекистонликлар сотмоқчи бўлган нарсаларини бир кун олдин Қирғизистон ҳудудига олиб ўтиб қўяди. Нормат бир қоп ловиясини олиб ўтаётган пайтда ўзбек чегарачилари уни ушлаб олишибди. Кейин уни калтаклаб ўлдиришибди. Бундан норози бўлган Ленбург қишлоғи аҳолисидан мингга яқини чегарани тошбўрон қилгани келишди. Ўзбек чегарачилари улардан қочиб Қирғизистон томонга ўтишмоқчи бўлди. Аммо биз Ўзбекистондаги қўшни қишлоқ аҳолиси билан жуда яқин қадрдон бўлганимиз учун ўзбек чегарачиларини қишлоғимиз ҳудудига ўтказмадик, -деди Назриддин.

Унга кўра, Апқан қишлоғи аҳолиси Ўзбекистонда бўлган фожеадан ва тўполондан хабар топгач, чегара ҳудудига тўпланган. Бўлаётган воқеани кузатиб турган.

- Қишлоғимиз аҳолиси ўзбек чегарачиларини Қирғизистон томонга ўтказмай қўйгач, Ўзбекистондаги қишлоққа ўзларининг ҳокимлари, раҳбарлари келди ва аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб борди, - деди Назриддин.

Бу воқеа ўзбек-қирғиз чегараси ҳудудида содир бўлгани учун ҳам йўл тўсилиб, ёпиб қўйилган. Апқан қишлоғига Боткен вилоят ҳокимияти ва ҳуқуқ-тартибот тузилмалари раҳбарлари етиб келиб, чегарадаги вазиятни назорат қилиб турган.

- Ўзбекистон Республикаси Сўх туманининг Ленбург қишлоғида ўзбек чегарачилари ва ўзбек фуқаролари ўртасида тўқнашув бўлган. Бу воқеа Ўзбекистон ҳудудида юз берди. Бу воқеанинг Қирғизистон чегара ҳудудига ҳеч қандай таъсири бўлгани йўқ. Бизнинг куч тизимларимиз маҳаллий аҳоли билан биргаликда чегарадаги вазиятни назорат қилиб туришди, -деди Боткен вилоят ҳокимиятининг мудофаа ва хавфсизлик бўлими бошлиғи Закир Темиров.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG