Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:26

“Ўзавтойўл” расмийси “Нурсафардия” ғоялари тарғиботида айбланди


“Ўзавтойўл” давлат ширкатига қарашли “Магистрал” автомобил йўлларини қуриш ва таъмирлаш корхонаси раҳбари Ҳамроқул Жалилов Ўзбекистонда тақиқланган “Нурсафардия” диний оқими ғояларини тарғиб қилишда айбдор деб топилган.


Якунланаётган ҳафтада маҳаллий газеталарда эълон қилинган мақолага кўра, Ҳамроқул Жалилов ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан дастлаб давлат маблағини ўзлаштириш бўйича тергов қилинган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди Ҳамроқул Жалилов мансабидан фойдаланиб 456 миллион сўм маблағни ўзлаштирган, деган хулосага келган.

Кейинроқ “Ўзавтойўл” ширкати вакилининг уйидан ман этилган “Нурсафардия” норасмий оқимига тегишли китоблар топилган.

Бунинг ортидан унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 116-моддаси (ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш ёки уларнинг фаолиятини тиклаш, шунингдек, бундай бирлашмалар ёки ташкилотлар фаолиятида фаол қатнашиш) бўйича ҳам иш қўзғатилган.

Матбуот хабарида ушбу жиноий иш бўйича яна беш нафар фуқаро маҳкамага тортилгани айтилган, бироқ судланувчиларга қандай жазо тайинлангани очиқланмаган.

Таҳлилчилар бу давлат идораси вакилининг матбуот орқали “Нурсафардия” оқимига алоқадорликда илк бор айбланиши эканини айтмоқдалар.

Аввалроқ – жорий йил 30 январда Ўзбекистон телевидениеси эфирга узатган махсус кўрсатувда “Ҳордиқ” газетаси “Нурсафардия” ғояларини тарғиб этгани учун танқид қилинганди.

1956 йилда туғилган Сафарбой Қўчқоров Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан “Нурсафардия” диний оқимининг асосчиси деб кўрилади.

Қўчқоров муаллифлигида чоп этилган ва 2009 йилгача эркин тарқатилган китобларда “Нурсафардия” тариқат йўли сифатида талқин қилинади.

Китобларини “Шайх Сўфизода Нурсафардий” деган ёрлиқ билан эълон қилган С.Қўчқоров сўфий жанг санъати, мусиқаси, рақси, хаттотлиги, гимнастикаси, табобати, умуман, сўфий ҳаёт тарзига оид йўл-йўриқлар ишлаб чиққани ва уларни оммалаштиришга ҳаракат қилгани айтилади.

“Нурсафардия” қарашлари маҳаллий уламолар томонидан “тасаввуфнинг нотўғри талқини” дея қораланган. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси унга алоқадор адабиётларни чоп этиш ва тарқатишни ман этган.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, 2009 йилга қадар Тошкент, Сирдарё, Бухоро ва Жиззахда Қўчқоров ташкил қилган табобат маскани, гимнастика ва жанг санъати марказлари, фото, видео ва киностудиялар фаолият юритган.

2009 йил октябрда жиноят ишлари бўйича Жиззах суди С.Қўчқоров ва унинг оила аъзоларини қонунга зид равишда “Нурсафардия” диний оқимига оид китобларни тайёрлаш ва тарқатиш, тиббий маълумотга эга бўлмасдан ўзбошимчалик билан одамларни даволаш ва солиқдан бўйин товлашда айбдор деб топган.

Маҳкама ажримига кўра, ўшанда Қўчқоровлар оиласига амнистия қўлланилган.
XS
SM
MD
LG