Линклар

logo-print

Янукович Днепропетровскда яраланган одамларни бориб кўрди


Украина Президенти Виктор Янукович.

Украина Президенти Виктор Янукович.

Украина Соғлиқни сақлаш вазирлиги Днепропетровск шаҳрида 27 апрел куни амалга оширилган тўртта портлаш натижасида яраланган 30 кишидан 10 нафари болалар эканини маълум қилди.


Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари портлашда жароҳат олган 22 киши, жумладан, тўрт одам оғир аҳволда касалхонага ётқизилганини билдирди.

Украина Президенти Виктор Янукович 28 апрел куни Днепропетровск вилоят касалхонасида даволанаётган болаларни бориб кўрди.

Янукович мувофиқлаштирилган тарзда амалга оширилгани тахмин қилинтган портлашлар бўйича олиб борилаётган тергов-суриштирув жараёни билан шахсан танишди.

Украина президенти портлашлар содир этган шахсларни қўлга олишда ёрдам берадиган маълумот учун икки миллион гривна, яъни, 250 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот пули берилишини эълон қилди.

Украина Бош прокуратураси жума кунги портлаш воқеалари бўйича Жиноят кодексининг “террор акти” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилганини эълон қилган.

Днепропетровск шаҳридаги портлашдан сўнг президенти Виктор Янукович буни мамлакатга қарши қилинган хуруж дея баҳолади.

Украина Ички Ишлар вазирлигининг Тергов ишлари бўйича Бошқармаси бошлиғи Василий Фаринник 27 апрел кунги Днепропетровксдаги портлаш ортида сиёсий сабаблар йўқлигини, ҳужум жиноий характерга эга эканини таъкидлади.

Днепропетровск шаҳридаги портлаш учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади. Ҳужум сабаби ҳам номаълум бўлиб қолмоқда.

Жума кунги портлашлардан сўнг Днепропетровск шаҳрида хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари шаҳарга кириш ва чиқишда назорат ўрнатди.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, 2 майга қадар шаҳарда оммавий йиғилишлар ўтказиш таъқиқланган.

8 июндан 1 июлга қадар Украина Полша билан бирга футбол бўйича 2012 йилги Европа чемпионатига мезбонлик қилади.

Украинада шу кунларда чемпионатга тайёрларлик ишлари охирига етмоқда.

Футбол бўйича Европа чемпионати ўйинларининг Днепропетровскда ўтказилиши режаланмаган.

Днепропетровск шаҳрида портлаш амалга оширилганига қарамай, Украина расмийлари Европа чемпионати хавфсизлиги таъминланишини таъкидламоқда.

- Мен мусобақалар хавфсизлиги таъминланади деб ўйлайман. Бунинг учун биз бир йилдан кўп вақтдан бери шуғулланиб келяпмиз. Яна бир марта шуни таъкидламоқчиманки, Днепропетровскдаги портлашларни Европа чемпионатига боғлаш ўринсиз, - деди Украина хавфсизлик хизматининг Киевдаги расмийси Юрий Парамонов.
XS
SM
MD
LG