Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:10

БМТ кузатувчилар миссиясининг янги раҳбари Дамашққа борди


БМТ ва Араб Лигасининг Сурия бўйича махсус вакили К.Аннан (ч) ва норвегиялик генерал-майор Р.Муд, Женева ш.,2012 йил 4 апрел.
БМТ ва Араб Лигасининг Сурия бўйича махсус вакили К.Аннан (ч) ва норвегиялик генерал-майор Р.Муд, Женева ш.,2012 йил 4 апрел.

БМТ Суриядаги кузатувчилар миссиясининг янги раҳбари норвегиялик генерал-майор Роберт Муд Дамашқда ўз фаолиятини бошлашини эълон қилди.


Миссия матбуот котиби Нираж Сингҳ Дамашқда журналистларга генерал майор Роберт Муд 29 апрел куни пойтахтга етиб келиши ва Суриядаги БМТ ҳарбий кузатувчилар миссиясига раҳбарлик қилишини маълум қилди.

- БМТ Бош котиби генерал-майор Роберт Мудни Бош ҳарбий кузатувчи ва Суриядаги ҳарбий кузатувчилар миссиясига раҳбар этиб тайинлади. Генерал-майор Роберт Муд Дамашққа эртага етиб боради ва миссия раҳбарлигини қабул қилиб олади, - деди Нирад Сингҳ.

Норвегиялик тинчликпарвар кучлар ветерани генерал Муд 2009-2011 йилларда Яқин Шарқда ўт очишни тўхтатиш келишувига риоя қилинишини назорат этадиган БМТ кузатувчилар миссиясига бошчилик қилган.

2009 ва 2002 йилда Муд икки марта Косовадаги тинчликпарвар кучлар таркибида хизмат қилган.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг 21 апрел кунги йиғилишида Сурияда 10 апрел куни эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувга Сурия ҳукумати кучлари ва исёнчи гуруҳлар қандай риоя қилаётганини назорат этадиган 300 нафар қуролсиз ҳарбий кузатувчилар жўнатиш ҳақида қарор қабул қилинган эди.

Шунга қарамай, Сурияда томонлар ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда.

Суриялик фаолларга кўра, шанба куни Дамашқ яқинида мухолифат тарафига қочиб ўтган аскарлар ва ҳукумат кучлари ўртасида содир бўлган тўқнашувларда камида ўн исёнчи ўлдирилган.

Суриянинг расмий SANA ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, мамлакат шимолида жойлашган Алеппода ҳукумат кучлари ва “қуролланган террорчи гуруҳлар” ўртасида рўй берган отишмаларда уч аскар ва икки “террорчи” ўлган.

Сурияда ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишув 12 апрел куни кучга кирган бўлишига қарамай, томонлар ўртасида отишмалар давом этмоқда.

28 апрел куни Дамашқ расмийлари БМТ Бош котиби Бан Ки Муннинг Сурия қўшинлари ўт очишни тўхтатиш келишувига кенг миқёсда риоя қилмаётгани ҳақидаги айбловни бир томонлама, деб уни рад қилди.

Айни пайтда, Ливаннинг разведка хизмати суриялик исёнчиларга қуроллар олиб кетаётгани иддао қилинган кема экипажи аъзоларини сўроқ қилмоқда.

Ливан армияси маълумотига кўра, Сиерра Леон байроғи кўтарилган “Лутфулла II” номли кема бортидаги контейнерларда автоматлар, артиллерия снарядлари, гранатамётлар ва бошқа турдаги қуроллар топилган.

Хабарларга кўра, кема Ливиядан Ливанга етиб келган.

Сурия ҳукумати президент Башар Ал-Ассад режимига қарши кураш олиб бораётган исёнчиларга хориждан қуроллар етказиб берилаётганини қайта-қайта таъкидлаб келаётган эди.
XS
SM
MD
LG