Линклар

logo-print

Шанба куни Татаристон ички ишлар махсус гуруҳи томонидан Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганликда айбланаётган ўзбек муҳожири ҳибсга олинди. Россияда деҳқончилик қилиб, кун кечириб юрган бу йигит халқаро қидирувда бўлганини полиция ходимларидан эшитганини айтмоқда.

28 апрел куни Татаристон Республикасининг Високогорний туманидаги фермер хўжаликларидан бирида 2010 йилдан буён қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди.

“Бу шахс, оператив маълумотни текшириш давомида Татаристон Республикаси ИИВсининг Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси ва полиция спецнази ходимлари томонидан ҳибсга олинди”, дея маълум қилди Татаристон Республикаси ИИВсининг Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси бошлиғи муовини Сергей Скворцов.

- Високогорский тумани Сайя қишлоғи ҳудудида 2010 йилдан буён халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси, яъни “Конституциявий тузумга тажовуз қилиш”да айбланмоқда, дейди исми ошкор этилмаётган ўзбекистонлик ишини тергов қилаётган Сергей Скворцов.

Полиция раҳбариятининг Озодликка берган маълумотига кўра, ёши 36 да эканлиги айтилаётган Ўзбекистон фуқароси 3 нафар фарзанди ва рафиқаси билан Қозон шаҳрида яшаб келган. У Високогорний туманида етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Қозон шаҳрига олиб келиб сотиш билан кун кечирган.

Россия оммавий ахборот воситаларида бу мардикор йигит "инқилоб уюштиришга урингани" тўғрисида хабар қилинмоқда.

Озодлик радиосининг Татаристон ИИВ сидан олган оператив видеотасвирда сўроққа тутилаётган бу йигит нима учун ҳибсга олинганини билмаслигини айтади.

Оператив ходим: Сиз федерал қидирувда бўлганингиздан хабарингиз борми?

Мардикор йигит: Ҳа, Ўзбекистонда..

Оператив ходим: Қайси модда бўйича?

Мардикор йигит: Билмадим.

Оператив ходим: Нима содир этгансиз?

Мардикор йигит: Ҳеч нима содир этганим йўқ.

Оператив ходим: Сиз қидирувда эканингизни қаердан билдингиз?

Мардикор йигит: Сўроқ давомида айтишди...



Полиция ходимларига кўра, 36 ёшли ўзбекистонлик ҳозирда Қозон шаҳар тергов изоляторларидан бирида сақланмоқда, унинг экстрадиция қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Бу шахснинг ҳибсга олинганидан хабар топган Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг Марказий-осиёлик қочқинларга кўмак дастури раҳбари Елена Рябинина Озодликка якшанба куниёқ ўзбекистонлик бу йигитга адвокат тайинланганини маълум қилди.

У Жиноят Кодексининг 159 моддаси юзасидан Ўзбекистон Республикасидан Россияга охирги пайтларда келаётган сўровларнинг бирортаси бўйича бадарға қилиниши сўралаётган шахслар берилмаганини таъкидлайди.

- Ўзбекистон фуқароларни қидирувга бериши билан боғлиқ вазият ўзгаришсиз қолмоқда. Лекин бизда вазият ёмон деб бўлмайди, чунки 159 ва бунга ухшаш 244-1 (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш -таҳр.) ва 244-2 (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш- таҳр.) жиноий моддалари юзасидан айбланаётган Ўзбекистон фуқароларининг экстрадиция қилиниши бўйича қатор рад жавоблари берилган. Бироқ, озод қилинганидан кейин бу шахсларни депорт қилиш ёки ўғирлаш хавфи сақланиб қолмоқда, дейди марказий осиёлик қочқинлар масалалари бўйича ҳуқуқ фаоли Елена Рябинина.

Озодлик Қозонда ҳибсда сақланаётган ўзбекистонликнинг кейинги тақдирини кузатиб боради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG