Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:24

Пора беришда даллоллик қилган адвокат жазоланди


Бу ҳақда Тошкент шаҳар прокуратураси вакили Азиз Мусашайхов 26 апрел куни маҳаллий матбуотга маълум қилди.

Маҳкама ҳукмига мувофиқ, Виктория Валиева иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ундириш шарти билан 2 йилу 3 ой ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинган.

Валиева, бундан ташқари, 3 йилгача адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Прокуратура расмийсига кўра, фуқаро В. Батдалова фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига уй-жой можароси бўйича даъво киритган. Икки нафар адвокат ёллаб ҳам ишда ютиб чиқа олмаган даъвогар “Veritably Victory” бюроси раҳбарига ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Ҳуқуқ-тартибот идорасига кўра, адвокат Валиева “ишни судья билан келишиб ҳал қилиб бериш” эвазига дастлаб 10 АҚШ минг доллари талаб қилган, савдолашувдан кейин сўралган маблағ 5 минг долларга туширилган.

Маълум бўлишича, мижоз Батдалованинг ўзи ҳуқуқ идораларига адвокат пул талаб қилаётгани ҳақида ариза берган.

Бу маҳаллий адвокатларнинг порага воситачилик қилишда айбланиб, биринчи бор қамалиши эмас. “Адвокатлар – судья билан жабрланувчилар ўртасидаги даллол” қабилидаги иддаолар ҳам кўпдан бери айтиб келинади.

Айни пайтда, куч ишлатар идоралар чизган чизиқдан чиқиб, уларнинг ғашига теккан мустақил фикрли адвокатлар ҳам турли усулларда жазога тортилиши айтилади.

Таҳлилчиларга кўра, 2008 йил сентябрда Ўзбекистон адвокатлар палатаси таъсис қилиниши ортидан улар устидан давлат назорати кучайтирилган. Адвокатурадаги ислоҳотлар тизимни ўзгача фикрловчи адвокатлардан “тозалаш” сифатида баҳоланган.

Кузатувчиларга кўра, сўнгги йилларда мамлакатда турли айбловлар билан ҳибсга олинган мухолифат вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистларни ҳимоялашга журъат қилган адвокатлар кескин камайган. Юрак ютиб бунга қўл урганлар ҳам адвокатлик гувоҳномасидан мосуво этилган.

Масалан, ҳуқуқ фаоллари, мухолиф сиёсатчилар ва журналистларни ҳимоя қилган ўзбекистонлик таниқли адвокат Руҳиддин Комиловнинг гувоҳномаси 2009 йилда бекор қилинган. Хабарларга кўра, малака комиссиясига бир неча бор ҳужжат топширган Комилов ҳар гал турли важлар билан имтиҳондан ўтказилмаган.
XS
SM
MD
LG