Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:15

Ўзбек санъаткорлари фирибгарлардан огоҳлантирилди


Озодбек Назарбеков ва Шукрулло Исроиловнинг АҚШдаги концерти афишаси.
Озодбек Назарбеков ва Шукрулло Исроиловнинг АҚШдаги концерти афишаси.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси санъаткорларни хориж мамлакатларига концерт учун борганда фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирди.

Бирлашма матбуот хизмати 28 апрел куни тарқатган хабарга кўра, санъатга алоқаси бўлмаган шахслар хориж мамлакатларида, жумладан, АҚШда концерт ўтказиш юзасидан хонандалар билан музокарага киришиб, алдов йўли билан улардан пул ундириши ҳолатлари рўй бермоқда.

Шу муносабат билан, “Ўзбекнаво” хорижда концерт таклифи билан чиққан шахс ҳақида аниқ ахборотга эга бўлмай туриб шартномага имзо чекмасликни талаб қилган.
“Ўзбекнаво”га кўра, санъаткорлар хориж сафари ва унинг ташкилотчиси ҳақида бирлашма билан маслаҳатлашиши зарур.

“Мўмай даромад илинжида фирибгарлар қўлига тушиб қолган санъаткорлар” ҳақидаги хабарда айнан қайси хонандалар чув тушгани очиқланмаган.

Шу билан бирга, “Ўзбекнаво” санъаткорларни хориж сафарига чиқишдан аввал бирлашмага расмий билдиришнома бериши зарурлигини ҳам эслатган.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатдаги санъаткорларни назорат қилувчи мазкур идора 26 апрел куни Бирлашган Араб Амирликларига изнсиз бориб келгани учун таниқли хонанда Ботир Қодировни лицензиядан маҳрум қилганди.

Шунингдек, айни кунларда ўзбек эстрадасининг энг машҳур вакилларидан бири Озодбек Назарбеков ва қизиқчи Шукрулло Исроилов гастрол билан Қўшма Штатларнинг бир неча шаҳарларида концерт бермоқда.
XS
SM
MD
LG