Линклар

Шариат судлари жорий қилинмаса, “Россия қонга беланиши”ни ваъда қилган адвокат Дагир Хасавов Россияни тарк этишга мажбур бўлди. Лондонда эканлиги айтилаётган адвокат Хасавовнинг ўзи, унинг сўзлари нотўғри талқин этилганини айтмоқда.

Россияда шариат судлари жорий қилиниши лозимлиги тўғрисидаги кескин баёнотлари билан жанжалга сабаб бўлган москвалик адвокат Дагир Хасавов Лондонга чиқиб кетгани айтилмоқда.

Сиёсий қочқинлар жамияти орқали тарқатган баёнотида, Хасавов ўз ҳаётига бир нечта жиддий таҳдидлар бўлганидан кейин мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганини маълум қилди.

Россия Бош прокуратураси унинг РЕН-ТВ телеканалига берган интервюсида шариат судларини жорий қилиш тўғрисида билдирган фикрларида “экстремизм аломатлари аниқланганини” маълум қилди.

Прокуратура мазкур тафтиш натижасига кўра, РЕН-ТВ директори Александр Орджоникидзега ҳайфсан эълон қилди. Айни пайтда, Бош прокуратура Россия Тергов қўмитасига адвокат Дагир Хасавовга нисбатан “экстремистик фаолиятга даъват этиш” моддаси юзасидан жиноий иш қўзғатиш, Адлия вазирлигига эса Хасавовнинг адвокатлик мақомини бекор қилишни тавсия этди.

Юрист Дагир Хасавовнинг чиқишига муносабат билдирган Чеченистон Республикаси Президенти Рамзан Қодиров буни “провокация ва буюртма”, деб атади.

- Хасавов шарий ҳуқуқ бўйича мутахассис эмас ва шариат ҳамда шариат суди нималигини билмайди. Хасавовга ўхшаганларнинг ўйламасдан қилган баёнотлари аксинча Исломга зарар келтиради, деди Рамзан Қодиров.

Адвокат Дагир Хасавовнинг ўғли – ёзувчи Арслан Хасавов “Эхо Москвы”даги блогида ўз отаси билан Чеченистон президенти шахсий хавфсизлик хизмати ходимлари "қизиқиб қолганини" ёзди.

Россия Давлат Думасидаги ЛДПР фракцияси раҳбари Владимир Жириновский Дагир Хасавовни норвегиялик террорчи Брейвик кабилар сирасига киритишни таклиф қилди.

- Брейвик Ислом таҳдиди тўғрисида гапирган бўлса, буниси исломлаштириш бошлангани билан таҳдид қилмоқда, деди бу можарога ФСБни жалб қилишни сўраган ЛДПР раҳбари.

Айни пайтда, Лондонда қолаётган Дагир Хасавов ўз чиқиши хато талқин қилингани айтмоқда.

Адвокат Хасавов билан гаплашган Марказий-осиёлик сиёсий қочқинлар жамияти президенти Баҳром Ҳамроев айрим сиёсий кучлар шундай можаролар сунъий яратилиб турилишидан манфаатдор деган фикрда.

- Унинг чиқишларини ҳатто унга айтмасдан ёзишган. Албатта, у мусулмонларга бўлаётган тазйиқлар масаласида жуда кўп гапирган. У мусулмонларнинг қамоқхоналарда ноқонуний сақлаб турилиши, суднинг адолатсиз ҳукмлар чиқариши, оғир жиноятларда айблаб мусулмонларнинг қамалиши, сохталаштириш ҳақида гапирган. Бўлаётган вазиятларда мусулмонлар ўзларининг ҳуқуқларидан фойдалана олмаса балким шариат жорий қилиш тўғри бўлади, деган фикрни айтган. Гаплари контекстдан юлиб олингани аниқ, чунки Дагирнинг ўзининг айтишича, қамашлар давом этаверса одамлар мажбур кўчага чиқади. “Буларга қарши ҳукумат куч ишлатиб қанча қон тўкиши мумкин”, деган. Шу гапини олиб шариат қиламиз деган гапни улаб олишган, дейди адвокат Дагир Хасавовнинг фикрларига муносабат билдирган Баҳром Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG