Линклар

Украина қамоқхонасида мухолифат раҳбари Юлия Тимошенкога ёмон муомала қилингани ҳақидаги хабарлар ортидан Европа Комиссияси раҳбари Жозе Мануэл Баррозо ушбу мамлакатда бўладиган футбол бўйича Европа чемпионатига бормаслиги мумкинлигини айтмоқда.

Жаноб Баррозонинг матбуот вакили Пиа Хансен Киев ҳукумати Тимошенконинг аҳволи билан боғлиқ ўта ташвишли масалани ҳал этмас экан ЕИ комиссияси раҳбари Украинага бормайди, деб айтди.

-Ҳозирги вазиятда жаноб Баррозонинг Украинага бориш ва у ердаги тадбирларда қатнашиш режаси йўқ, - деди Хансен.

51 ёшли Юлия Тимошенкони Украина маҳкамаси бош вазир бўлган 2009 йилда ўз ваколатини суистеъмол қилганликда айбдор деб топган ва 7 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган.

Юлия Тимошенко ўзининг қамоқхонада калтакланганидан шикоят қилган. У ўтган йили октябр ойидан буён қамоқда сақланмоқда.

Европа Иттифоқи Тимошенко устидан қўзғатилган ишни сиёсий сабабларга асосланган, деб ишонади ва бу иш иттифоқ билан Украина раҳбарияти ўртасидаги муносабатлар совушига сабаб бўлди.

Чехия президенти Вацлав Клаус ҳам Украинага режалаган сафарини бекор қилди.

Жаноб Клаус Кримда Марказий Европа етакчилари саммитида қатнашиши керак эди.

Айни пайтда Германияда ҳам Украинада бўлиб ўтадиган футбол бўйича Еврўпо чемпионатини бойкот қилиш масаласи муҳокама этилмоқда.

Бу йилги футбол бўйича Европа чемпионати ўйинлари 8 июндан 1 июлгача Полша ва Украина стадионларида бўлиб ўтади.
XS
SM
MD
LG