Линклар

Китоб иқтисодиёт коллежида маош можароси


Китоб туманидаги Иқтисодиёт коллежи собиқ ўқитувчилари ўз маошларининг директор томонидан ўзлаштирилгани ҳақидаги иддаоларини, муассаса раҳбари изоҳлашдан бош тортди.

Китоб туманидаги Иқтисодиёт коллежи собиқ ўқитувчилари ўз маошларининг директор томонидан ўзлаштирилгани ҳақидаги иддаоларини, муассаса раҳбари изоҳлашдан бош тортди.

Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги Иқтисодиёт коллежида ишлаганини айтган бир неча ўқитувчи Озодликка боғланиб, коллеж раҳбарияти уларнинг маошини бермагани ва ҳаққини талаб қилгани боис, ишдан ноҳақ бўшатганидан шикоят қилди.

2011 йилнинг апрел ойида ишдан ноҳақ бўшатилганини айтган 26 яшар ўқитувчи Лобар Ҳусановага кўра, унга 900 минг сўмдан ортиқроқ миқдордаги маоши берилмаган.

- Менга 940 мингмиди, шунақа миқдорда эдида ойлигим. Беринг дедим, лекин бермади. Китоб тумани бўйича кўп жойга мурожаат қилдик. Прокуратура, МХХга бордик. Бизни ҳеч қаерда тинглашмади,- дейди Лобар Ҳусанова.

Ушбу коллежда Ахброт-технологиялари ресурс маркази раҳбари бўлиб ишлаган собиқ ходим, 49 ёшли Гулчучук Тиллаева эса ойлар давомида ололмаган маошини ишдан ноҳақ бўшатилганидан сўнг ундиришга муваффақ бўлганини айтди.

- Тўғриси, биз ойлигимиз ҳисобини ҳам билмасдик. Ведомостга суммани кўрсатмаган ҳолда қўл қўйдириб олар эди. "Мен қўл қўйдимку, энди пластикни қачон берасиз", десам: "Оласизда энди", деб аччиғланиб чиқариб юборарди. Охири мен бир неча ойдан кейин ишдан бўшадим ва пластик карточкамни қўлга олдим. Бўшаганимдан кейин менга ҳамма маошимни қайтиб берди,- дейди собиқ ўқитувчи.

Гулчучук Тиллаева ва Лобар Ҳусанованинг сўзларига кўра, Китоб Иқтисодиёт коллежида ўқитувчиларнинг маошини вақтида бермаслик ёки умуман бермаслик, шунингдек, ўқитувчиларга қарашли пластик карточкаларнинг раҳбарият томонидан асоссиз равишда йиғиб олиниши ҳоллари ҳозир ҳам давом этмоқда.

- Ҳозир ишлаб турган ходимлар билан ҳам гаплашсангиз, пластикни уларнинг қўлидан йиғиб олиб, ойлик тушуриб келади. Бу ҳолат бизнинг давримизда ҳам бор эди. Кейин ичидаги пулни ишлатиб олиб, бўшатиб қўйгандан кейин беради эгасига,- дейди Гулчучук Тиллаева.

Куни кеча Озодлик радиосига боғланган ва ушбу коллежда ўқитувчилик қилган ўғлининг ҳаққи учун курашаётганини айтган яна бир бир тингловчи ҳам айни шу ҳолатларни тилга олган эди.

- Менинг ўғлимга 1 миллион 400 минг ойликни бермаган. Ҳозиргача ишсиз юрибди. У 3 йил ишлаган, олий маълумотли эди. Булар 15 киши бўлиб, прокуратура, судга мурожаат қилишди, уларнинг арзини ҳеч ким тингламади, - дейди исми сир қолиши шарти билан сўзлаган бу суҳбатдош.

Озодлик мухбири Китоб тумани Иқтисодиёт коллежи раҳбарияти устидан Озодликка кетма-кет бўлган мурожаатлар ортидан коллеж раҳбари Шаҳодат Худойқуловага мурожаат қилди.

Озодликка итервю беришдан бош тортган Худойқулова мухбир билан ўзаро суҳбатда собиқ ўқитувчилардан тушган шикоятлардаги айбловларни тўлиқ инкор қилди.

Ўқитувчиларнинг ойлик маошлари берилмагани ёки уларнинг пластик карточкаларидаги маблағлари раҳбарияти томонидан ўзлаштирилгани ҳақидаги айбловларга жавобан бу аёл "ҳаммаси бўлмаган гап", дея гапни қисқа қилди.

Аммо, ўқитувчиларнинг айтишича, уларнинг мурожаати асосида аввалига Китоб тумани, кейин эса Шаҳрисабз туман судида маҳкамалар бўлган.

- Уларнинг иккаласида ҳам суд директорни оқлади. Бирисида эса маъмурий жавобгарликка тортилди ва амнистия акти асосида қутулиб чиқди. Яна директор бўлиб ишлаб юрибди,- дейди Лобар Ҳусанова.

Коллеж раҳбари Шаҳодат Худойқуловадан бу борада аниқ жавоб олишнинг имкони бўлмагач Озодлик мухбири Қашқадараё вилояти Касб-ҳунар таълим бошқармасига ҳам мурожаат қилди.

Бошқарма мутасаддиси Зафар Қобилов бу можародан хабардор экани, ўтган йили ўқитувчиларнинг мурожаат асосида Шаҳодат Худойқулова бир бор ишдан бўшатилгани, аммо суд қарори билан яна ишга қайта тиклангани ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.

Бироқ, ўқитувчиларнинг маошини ўзлаштириш, уларнинг пластик карточкаларини ноқонуний равишда йиғиб олиш ёки улардаги маблағларни ўзлаштириш бобида собиқ ходимларнинг арзу ҳоллари борасида изоҳ бера олмаслигини айтди.

Ўқитувчилар жамоасининг 15 кишилик аъзоси арзи асосида судга тортилган, жазо қўлланган ва бир бор ишдан олинган раҳбарнинг яна айни лавозимга ишга тайинланишига нисбатан китоблик ўқитувчиларнинг эътирозлари шу тариқа жавобсиз қолмоқда.

Бу ўқитувчилар орасида ҳанузга қадар 900 минг сўмдан тортиб, 1 миллион 200-400 минг сўмлик ойли иш ҳақини ололмай юрган ва ноҳақ ишдан бўшатилганини иддао қилган собиқ ходимлар ҳануз ҳаққини ундиришдан умидвор эканини айтмоқдалар.

Озодлик мухбири ҳозирга қадар олинган бу маълумотлар билан кифояланиб қолмай, айни масалада Республика Олий таълим вазирлиги ва Ўрта-махсус касб-ҳунар таълим бошқармаси мутасаддиларидан изоҳ олишга уринишда давом этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG