Линклар

logo-print

Пахтага чиқмаган талабалар ўқишга тикланди


Ўзбекистон вилоятларидаги ўрта ва олий ўқув юртлари талабалари пахта мавсумида "беминнат" хашарчиларга айланади.

Ўзбекистон вилоятларидаги ўрта ва олий ўқув юртлари талабалари пахта мавсумида "беминнат" хашарчиларга айланади.

Андижон Давлат тиббиёт институтининг пахтага чиқмагани учун 2011 йилда ҳайдалган 12 нафар талабаси бир йил ўтиб ўқишга қайта тикланган, бунга сабаб бўлган мансабдорларга ҳайфсан берилган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг “Ҳуқуқ” газетасида берилган хабарда 2011 йил 7 октябрда институт ректори буйруғи билан талабалар сафидан четлатилган А.Исаков, Д.Мирзаев, А.Ҳакимов, А.Ҳошимов, Ғ.Ҳайдаров, И.Ледяева, Д.Баротов, З.Султонов, Л.Исаев, У.Қўчқоров, Ж.Камолов ва Б.Исомиддиновлар ўқишга тиклангани маълум қилинди.

Хабарда айтилишича, Андижон Давлат тиббиёт институтида меъёрий ҳужжатлар ижроси ўрганилганда қатор қонунбузарликлар, жумладан, талабаларни асоссиз равишда ўқишдан четлатиш ҳолати аниқланган.

Прокуратура бу ҳолатни “фуқароларнинг Конституциявий ҳуқуқлари бузилиши” дея баҳолаган.

Андижон давлат тиббиёт институтининг исми сир қолишини истаган ўқитувчиси, 12 талаба ҳақиқатан ҳайдалиб, ўқишга тикланганини тасдиқлади. Лекин, дейди тиббиёт институти ўқитувчиси, “бу талабалар пахтага чиқмагани учун эмас, бошқа сабабларга кўра, контракт пулини тўламагани ва шунга ўхшаш сабабларга кўра ўқишдан четлатилган”.

Воқеадан хабардор манбанинг маълум қилишича, Андижон Давлат тиббиёт институти ректори 12 нафар талабани Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг “Талабалар кузги дала амалиётини ташкил этиш тўғрисида”ги 324-сонли буйруғи асосида ўқишдан ҳайдаган. Озодлик манбасига кўра, вазирнинг мазкур буйруғи 2010 йил 25 мартда ўз кучини йўқотган.

Прокуратура хабарига кўра, 2012 йил 21 мартда номлари келтирилган бу талабалар ўқишга қайта тикланган, институтнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Мадаминжон Мадазимов, даволаш факультети декани Хусанбой Мусашайхов ва педиатрия факультети декани Абдураим Арзиқуловга ҳайфсан эълон қилинган.

Озодлик мухбири ҳайфсан олгани айтилаётган проректор билан боғланди, лекин профессор Мадазимов қайси мавзу хусусида гаплашмоқчи эканимизни эшитгач, гўшакни қўйиб қўйди.


"Ҳуқуқ" газетаси эълон қилган хабарда талабаларни бир йил сарсон қилган буйруққа имзо чеккан ректорга қандай чора кўрилгани очиқланмаган.

Биз билан гаплашган институт ўқитувчиси раҳбарларга нисбатан жазо чораси кўрилганидан бехабарлиги, лекин ўқишдан қолган “талабалар фанларни ўзлаштириб олиши учун уларга қўшимча машғулотлар тайинланди” дея маълум қилди.

Кузатувчиларга кўра, бу тарзда Конституциявий ҳуқуқларнинг бузилиши – пахта теримида қатнашмаган талабаларнинг ўқишдан ҳайдалиши ҳоллари бошқа вилоятларда ҳам мавжуд.

2009 йилга қадар теримдан бўйин товлаган талабалар “ички интизомни бузиш” қабилидаги важлар билан ўқишдан четлатилган.

Ўз исмини билдиришни истамаган тошкентлик профессорга кўра, Олий таълим вазирининг 2009 йил 19 сентябрдаги 324-сонли буйруғи билан пахта терими талабалар учун мажбурий малакавий амалиëтга тенглаштирилган. Бу билан, пахтадан бош тортган талабаларни ўқишдан ҳайдаш қонунийлаштирилган.

Озодлик мухбири билан суҳбатлашган профессор бекор қилингани айтилаётган мазкур буйруқ кейинчалик ҳам талабаларни ҳайдаш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши эҳтимолидан хавотир билдирди.

Андижон давлат тиббиёт институти талабаларидан бири Озодлик мухбри билан мкирофонсиз суҳбатда талабалар учун пахта теримига чиқмасликнинг “жиддий оқибатлари бор”лигини гапириб берди. Бунда ташқари, деди у, талабаларга ўқув юрти маъмурияти томонидан амалга жорий қилиинган “ёзилмаган қонунлар ҳақида матбуотга гапирмаслик тўғрисида аниқ тавсиялар бор”.

Озодлик мухбири билан суҳбатлашган Андижон тиббиёт институти ўқитувчиси пахтага чиқмаган талабаларга нисбатан одатда жазо чоралари қўлланилишини тасдиқлади.

“Ҳеч бир сабабсиз пахтага чиқмаган талабалар, ўқишдан ҳайдалмайдию уйларидан мажбурлаб олиб келинади. Энди биз оддий ўқиутвчимиз, бизга пахтага чиқ деса, чиқишга мажбурмиз”, дейди ўқитувчи.

Ўзбекистонда ўқув йили бошланиши билан олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари талабаларини пахта теримига сафарбар қилиш анъанага айланган.

Арзонгаров меҳнат кучи деб кўриладиган талабалар ўқиш бир четда қолиб, камида икки ой мобайнида пахта далаларига далага сафарбар қилинади.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда пахта йиғим-терим кампанияси янада кучайгани кузатилди. 2011 йилги мавсумда, одатда, мажбурий кампаниядан четда қоладиган Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртлари талабалари ҳам оммавий равишда теримга олиб чиқилди.

Ўзбекистон пахта йиғимида нафақат талабалар, балки 7 ёшгача бўлган болалар меҳнатидан фойдалангани боис халқаро ташкилотлар танқидларига дуч келади.

Ҳюман Райтс Уотч, Табиат ва адолат жамғармаси, Қулликка қарши халқаро гуруҳ ва бошқа ҳуқуқ ташкилотлари ҳисоб китобига кўра, ҳар йили Ўзбекистон пахта далаларида икки миллионгача бола тер тўкади.

Ўзбекистонда етиштирилган пахта болаларнинг мажбурий меҳнати ҳосиласи эканлигини айтган 60 дан ортиқ Ғарб ширкати, жумладан, Adidas, Burberry, Levi, H&M, ва Puma каби таниқли брэндлар ўзбек пахтасидан фойдаланишдан воз кечган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG