Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:45

Ўзбек қўшиқчилари хорижда ҳам назоратда


Феруза Жуманиёзова изнсиз хориж гастролига бориб, лицензиясидан маҳрум бўлган қўшиқчиларнинг биринчиси бўлди.
Феруза Жуманиёзова изнсиз хориж гастролига бориб, лицензиясидан маҳрум бўлган қўшиқчиларнинг биринчиси бўлди.

Артистларнинг ташқарига чиқишидан ҳайрли бир аломат кўрмаган “Ўзбекнаво” маъмурияти махсус қарор қабул қилди. Бу қарорга кўра, бундан буëн чет элга гастролга борадиган ашулачи “Ўзбекнаво” билан махсус шартнома имзолашга мажбур.

Ўзбекистон ташқарисида, хусусан Россия, Жанубий Корея ва АҚШда ўзбек диаспоралари пайдо бўлиш баробарида ўзбек қўшиқчиларининг ўша мамлакатларга гастроллари ҳам кўпайиб қолди.

Ортиқ Отажонов, Шерали Жўраев, Олмаҳон Ҳайитова, Юлдуз Усмонова ва Озодбек Назарбековларнинг АҚШ, Исроил ва Россиядаги концертлари акс этган аудио-видео албомлар сотувга чиқарилган.

Ташқарида муқим бўлган ўзбекларнинг суннат ва никоҳ тўйларига ҳам Ўзбекистондан “артист” чақириш аста секин урф бўла бошлагани кузатилади.

Ўзбекистон шоу-бизнеси билимдони, қўшиқчиларга “администратор”лик қиладиган тошкентлик Ҳилолиддин Абдужамоловга кўра, четга чиққан артистнинг икки муддаоси бор:

- Биринчидан бу артист фалон, фалон чет давлатларда концерт бериб дунëга машҳур бўлдим, деб гапириб юради. Иккинчидан иқтисодий тарафи. Гонорар дегандек. Баъзи артистлар борган жойларидаги кийим магазинларига бориб кийиниб ҳам келишади. Ҳуллас, ҳар томонлама яхши.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, айни пайтда чет элда концерт бериш таваккал бир иш:

- Шунча ҳаражат қилиб борилганидан кейин, концертга ҳеч ким кирмаса, икки қўлини бурнига тиқиб, шўппайиб қайтиб келаëтганлар ҳам бор. Бунақа пайтда ўзига тўқ бақуватлари чиқимга рози бўлиб ўзидан ўтганини ўзи билиб ўтираверади. Процентга пул олиб кетган камбағалроқ қўшиқчилар бунақа пайтда ëмон қийналади, дейди суҳбатдош.

Ўша қийналган қўшиқчилардан бир нечтаси “чет элда чув туширишди” деб арз қилганидан кейин “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси санъаткорларни хориж мамлакатларига концерт учун борганда фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирди.

“Ўзбекнаво” огоҳлантируви

Бирлашма матбуот хизмати 28 апрел куни тарқатган хабарга кўра, санъатга алоқаси бўлмаган шахслар хориж мамлакатларида, жумладан, АҚШда концерт ўтказиш юзасидан хонандалар билан музокарага киришиб, алдов йўли билан улардан пул ундириши ҳолатлари рўй бермоқда.

Шу муносабат билан, “Ўзбекнаво” хорижда концерт таклифи билан чиққан шахс ҳақида аниқ ахборотга эга бўлмай туриб шартномага имзо чекмасликни талаб қилган.

“Ўзбекнаво”га кўра, санъаткорлар хориж сафари ва унинг ташкилотчиси ҳақида бирлашма билан маслаҳатлашиши зарур.

Шу билан бирга, “Ўзбекнаво” санъаткорларни хориж сафарига чиқишдан аввал бирлашмага расмий билдиришнома бериши зарурлигини ҳам эслатган.

Мамлакатдаги санъаткорларни назорат қилувчи мазкур идора 26 апрел куни Бирлашган Араб Амирликларига изнсиз бориб келгани учун таниқли хонанда Ботир Қодировни лицензиядан маҳрум қилган эди.

Бундан олдин "Ниҳол" мукофоти совриндори Феруза Жуманиёзова ҳам яқин хорижга чиққани учун лицензиядан махрум қилинган эди.

“Ўзбекнаво” Феруза Жуманиëзова юзасидан ўз расмий нашрида изоҳ берган эди:

"Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасини расман огоҳлантирмай 2010 йил 13-16 июль кунлари Тожикистон Республикасининг бир қатор шаҳарларида ноқонуний концертлар берган Ф.Жуманиёзова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 14 ноябрдаги 498-сон Қарорининг талабларини ҳамда лицензия Битимини қўпол равишда бузган. Шу сабабли Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги Ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳининг жорий йил 20 июлдаги 14-сон мажлисида хонанданинг лицензиясини вақтинчалик тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилинган.”

“Ўзбекнаво”нинг қора рўйхати

Ўзбекистон шоу дунëсини назорат қилиш аввалига маданият вазирлигига оид филармониялар тарафидан амалга оширилган эди.

1990 йилда Туркияга кетиб қолган ўзбек қўшиқчиси Шоҳсанам Қиличевага қарши жиноий иш очиш ташаббусчиси Хоразм вилоят филармонияси бўлган эди.

Айни пайтда қўшиқчилар жиловини тутиб туриш “Ўзбекнаво” зиммасига юклатилган.

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Туркманистоннинг собиқ раҳбари Сапармурот Ниёзов тириклигида унга атаб мадҳия айтди, гўë Туркманбоши ëзди деб айтилган "Эжам" деган қўшиқни куйлади.

- Ман ҳақиқатда қалбимнинг ичигача етиб борган ҳисларимни армуғон қилдим. Сапармурод Ниëзов ëзган бу қўшиқни мен юрак-юракдан ҳис қилиб чин дилдан куйладим. Туркманча ëзилган бўлса ҳам тушуниб етдим. И ман бу қўшиқни ижро этганимда Сапармурод Ниëзов таъсирланганидан кўзига ëш олиб йиғлади, деган эди Озодлик билан суҳбатда Юлдуз Усмонова.

Ўзбекистон президенти девонидагилар ва “Ўзбекнаво” маъмурлари туркман президентига ўзбек ҳофизининг мадҳия айтганини эшитиб, мутаассир бўлмадилар. Аксинча, ҳушëр тортдилар. Ўзбекистон мустақиллиги ва наврўз тантаналарининг "бош артисти" бўлган Юлдуз Усмонованинг ишлари тескари кетишига айнан Туркманбошига аталган қўшиқ сабаб бўлгани айтилади.

Ўзбекистон ëшлари орасида таниқли “Аср” гуруҳи ашулачиси Абдулазиз Каримов криминал дунë вакили дея танилган Салим Абдувалиевга бағишлаб мадҳия айтганидан кейин лицензияси олиб қўйилди.

- Сиз энди дамингизни оларкансиз дейишди менга, деган эди Озодлик билан суҳбатда Абдулазиз Каримов.

Айни пайтда Абдулазиз Каримов қўшни Қозоғистон кафе ва ресторналарида ашула айтишга мажбур қолмоқда.

Сафар учун изн лозим


“Артист”ларнинг ташқарига чиқишидан ҳайрли бир аломат кўрмаган “Ўзбекнаво” маъмурияти махсус қарор қабул қилди.

Бу қарорга кўра бундан буëн чет элга гастролга борадиган ашулачи “Ўзбекнаво” билан махсус шартнома имзолаши шарт.

Озодлик мухбири “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси концерт-гастрол бўлими мулозими билан суҳбатлашиб масаланинг нақадар жиддий эканлигини ўрганди.

“Ўзбекнаво” маъмури (исми айтилмаслигини мақул кўрдик) Озодлик билан суҳбатда "изнсиз четга чиқадиган қўшиқчилар ўз оëқларига болта уради", деди маъноли қилиб.

Гапим қуруқ бўлмасин деган мулозим, Дубайга изнсиз боргани учун лицензиядан мосуво қилинган Ботир Қодиров тақдирини мисол қилди.

Суҳбатдан аëн бўлишича, чет элга чиқиб қўшиқ куйлашни орзу қилган қўшиқчи, қаерга бормоқчи экани, ким чақиргани, у билан гастролга яна ким бориши ҳақида махсус билдирги тақдим қилади. Ана ундан кейин махсус шартнома имзоланади.

Озодлик: Хўш масалан, хоразмлик хофиз қўшни туркманистон ëки бекободлик қўшиқчи Тожикистонга мехмонга борса, тўйда қўлига тор олиб бир жуфт қўшиқ айтса, шунга ҳам руҳсат керакми?

- Албатта. Ҳукуматнинг чиқарган қонуни бу. Тожикистонга борадими, Туркманистонгами барибир изн олиши лозим.

Суҳбатдошга кўра акс ҳолда лицензиясиз фаолият кўрсатганлик айби билан санъаткор жазоланиши мумкин.

Ўзбек шоу дунëси икир-чикирларидан хабардор Ҳилолиддин Абдужамоловга кўра, ташқарига чиқиб концерт бериб келган артистлар Америкада фалон доллар олдим, Исроилда фалон пул олдим деб мақтанишади:

- Устидан пул сочилаëтгани акс этган видеотасвирларни интернетга юклашади. Кеча Дубайда эдим эртага Парижга бораман деб ўзлари ҳақида афсоналар яратилишига сабаб бўлишади.

Суҳбатдошга кўра, айнан ана шу ҳолат боис махсус идораларнинг уларга қизиқиши ортган.

Ўзбекистон Халқ артисти мақомидаги бир ҳофиз Озодлик билан суҳбатда АҚШга бориб келганидан кейин Туркистон саройидаги махсус хонада СНБ ходими тарафидан 2 соат сўроқ қилинганини айтган эди.

Ташқарида ўзбек артистларининг бозор касод

Ўзбекистон ичкарисидаги афсоналардан фарқли тарзда ўзбек артистларининг хориждаги концертлари фойда келтирмайдиган соҳага айланаётган кўринади.

Ўзбеклар энг кўп яшайдиган ҳудуд бўлган Россиянинг Санкт Петербург шаҳрида "Обморок И Мама" ансамблини тузган асли хоразмлик ҳофиз Иҳтиëрга кўра, кейинги пайтда ташкил қилинган концертларга чипта сотилиши қийин кечмоқда.

Шералидан ҳам, Озодбекдан ҳам бездик янгилари керак

Озодлик билан суҳбатда Санкт Петербурглик Иҳтиëр россиядаги мардикорнинг чўнтагидан чипта пули чиқиши қийинлигини айтади.

Россиядаги Ўзбек миллий маркази раҳбарларидан бири Ҳусайн Бобожонов шу кунларда Ўзбекистонлик қўшиқчи Ҳулкар Абдуллаева концертини ташкил қилиш ҳаракатида юрганини билдирди:

- Шералини ҳам, Озодбекни ҳам, Юлдузни ҳам уч тўрт марта олиб келдик. Мухлислар энди Ҳулкарни талаб қилишмоқда.

Айни пайтда, ўзбек қўшиқчиларини Россияда тақдим қиладиган Ҳусайн Бобожонов бу соҳадан пул чиқишига ишонмайди.
XS
SM
MD
LG