Линклар

“OccupyWallStreet” яна ҳаракат бошлади


“OccupyWallStreet” ҳаракати АҚШ иқтисоди "мотори" бўлган Уолл стрит корпорацияларининг очкўзлигидан норози.

“OccupyWallStreet” ҳаракати АҚШ иқтисоди "мотори" бўлган Уолл стрит корпорацияларининг очкўзлигидан норози.

1 май - Халқаро меҳнаткашлар кунида “OccupyWallStreet” ҳаракати фаоллари АҚШнинг 125 йирик шаҳрида янги норозилик намойишларини уюштирди.

1 май – Халқаро меҳнаткашлар куни муносабати билан уюштирилган навбатдаги тинч норозилик намойишларига чақириқ баёнотида “OccupyWallStreet” ҳаракати америкаликларга қарата, жумладан, шундай мурожаат қилди:

"АҚШдаги корпоратив оммавий ахборот воситалари ўз эътиборини Уолл стрит қўллаган номзодлар қатнашадиган навбатдаги сайловларга қаратган бир пайтда биз Америка Қўшма Штатлари тарихидаги илк, ҳақиқатда умумхалқ, умумиллий бўлган энг катта намойишларни уюштирамиз", дейилади “OccupyWallStreet” ҳаракати вебсайтида эълон қилинган баёнотда.

Ташкилотчилар АҚШнинг бугунги иқтисодий аҳволидан норози америкаликларига мурожаат қилар экан, Вашингтонни фақатгина сиёсий ва корпоратив киборларнинг хизматини қилаётгани, миллионлаб оддий одамлар эса давлат эътибори, ҳимоясидан четда қолиб кетаётгани учун айбламоқда.

Ушбу ҳаракатнинг энг кўзга кўринган фаолларидан бири Жефф Смит мамлакатдаги ҳокимият ва капитални ўз қўлида сақлаётган 1 фоизлик киборларнинг эътиборини қолган 99 фоизлик америкаликларга қаратишнинг энг тўғри ва тезкор йўли уларнинг тинчини бузиш, деб уқдирмоқда.

Ҳаракат вебсайтида берилган баёнотда Жефф Смит: "Беқарорлик – дастуримизнинг бир қисмидир. Бу одамларни турғунликдан чиқариш ва уларни ҳозирги вазиятга муқобил йўлларни топишга мажбур қилишнинг усулидир", дейди.

“OccupyWallStreet” ҳаракати фаоллари шу тариқа Америка фуқароларини тинч йўл билан бўйсунмаслик ҳаракатига қўшилишга чорламоқда.

CNN телеканали хабарига кўра, ҳаракат ташкилотчилари АҚШнинг 125 йирик шаҳрида норозилик намойишларини ўтказиш учун ҳозирлик кўрган.

Апрел ойи ичида ўз тарафдорларини янги намойишларга чорлаган ташкилотчилар 1 май куни янада кўпроқ одмни кўчага олиб чиқиш учун 3 ярим минг АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлагани айтилмоқда.

“OccupyWallStreet” ҳаракати ўтган йилнинг сентябр ойида Ню Йорк шаҳрида пайдо бўлган эди.

Аввалига ҳукуматнинг банкларга кўрсатган ёрдами ва корпорациялар раҳбарларига ажратилган катта-катта мукофот пулларидан норози бўлган ҳаракат фаоллари аҳвол шундай давом этадиган бўлса, оддий одамларнинг иқтисодий истиқболи ўта умидсиз экани ҳақидаги шиорларни кўтариб чиққан эди.

Аммо, “OccupyWallStreet” – “Уолл стритни эгалла!” мазмунидаги шиорларни тутиб олган дастлабки норозилар полициянинг қаршилигига учраган ва кўп ўтмай намойишлар тўхтаб қолган эди.

Апрел ойига келиб яна тарғиботларини бошлаб юборган ҳаракат 1 май куни Ню Йорк ва АҚШнинг бошқа йирик шаҳарларида оммавий равишда ерга ўтириб олиш, ётиб олиб турли шиорларни жўровозда айтиш, тинч ҳолда кўча юришларини уюштириш каби акцияларни режалаган.

Полиция эса бундай норозилик ҳаракатларини баъзиларигагина рухсат бермоқда.

Хусусан, саҳарлаб Ню Йоркнинг Уолл стритига борган ва ерга ётиб олиб, баланд овозда шиорларни айтаётган гуруҳларнинг ҳаракатини полиция ходимлари тўхтатди.

Сўнгги хабарларга кўра, 1 май куни саҳарлаб Ню Йорк шаҳрида ҳаракат сафига келиб қўшилаётганлар сони кўп бўлаётгани кузатилмоқда.

Айни дамда норозилик ҳаракатлари АҚШнинг йирик шаҳарлари бўйлаб бирин-кетин бошланмоқда.

Сан Францискода норозилар шаҳарнинг муҳим транспорт қатнови тармоқларидан бири бўлган Golden Gate - Олтин дарвоза кўпригини эгаллашни режалаштирган.

Лос Анджелесда эса автомобил ва мотоциклларда бир вақтда шаҳарнинг бизнес марказига кириб бориш ва бу ердаги қатновни фалажлашни режаланган.
XS
SM
MD
LG