Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:03

Ҳақ-ҳуқуқларингизга қанчалик риоя қилинмоқда?


Ўзбекистонлик шифокору ўқиутвчилар дам олиш кунлари ободонлаштириш, дея аталадиган тадбирларга ҳам чиқишга мажбур.
Ўзбекистонлик шифокору ўқиутвчилар дам олиш кунлари ободонлаштириш, дея аталадиган тадбирларга ҳам чиқишга мажбур.

Ана шу савол билан Озодлик мухбири Ўзбекистонда давлат ғазнасидан маош олиб ишлаётган ишчи ва хизматчиларга микрофон тутди.

Бугун дунёнинг 80 дан ортиқ давлатида 1 май – халқаро меҳнаткашлар куни нишонламоқда.

Собиқ совет даврида бу кунни катта байрам сифатида нишонлаган Ўзбекистонда ҳозир бу байрамни катта авлод вакилларигина хотирлайди.

Озодлик мухбири бу йил шу сана муносабати билан давлат ёки жамоат ташкилотларида ишлаётган оддий ишчи-хизматчилардан айримларига микрофон тутиб, оддий бир саволни берди: “Сизнинг ҳақ-ҳуқуқларингизга қанчалик риоя қилинаяпти?”

Ҳар ишда ҳозир ўқитувчи

Шу кунларда давлат ва жамоат ташкилотларида ишлаётган оддий ишчи хизматчилар орасида ўз ҳақ-ҳуқуқларига тўлиқ риоя этилмаётганидан шикоят қилаётган соҳа вакиллари ўқитувчилар бўлмоқда.

Сирдарё вилоятининг Янгийўл туманидаги умумий ўрта таълим мактабида 28 йил давомида дарс бериб келган Гулнора Ҳакимова ўқитувчига белгиланган иш соати ва ойлик маошидан ташқари юкланган вазифаларнинг йилдан-йилга ошиб бораётганидан сўзлади.

- Авваллари эрталаб соат 8дан дарс бошласак, соат 2 дан уйга кетар эдик. Ҳозир педюклама, деган вазифа бор. Дарсдан ташқари, қўшимча машғулот, ноқобил ўқувчилар билан ишлаш, ота-оналар билан ишлаш, ўз устида ишлаш, деган бир талай иш. Ҳ Ҳоҳ қилинг, ҳоҳ қилманг, бу ишларнинг аммасига алоҳида дафтар қилиб ёзиб, кўрсатиш керак. Бу ишга маблағ тўланмайди,- дейди ўқитувчи

Бу ўқитувчига мактаб биноси ичида юклатилган вазифалар. Аммо, бугунги кунда ўқитувчининг мактаб ташқарисида ҳам бир талай иши бор, дея давом этади суҳбатдошимиз.

- Аҳоли билан боғлиқ қанақа ташкилий иш бўлса, ўқитувчининг зиммасида. Тозалик, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, ҳашар, маҳалла тадбирлари - буларнинг ҳаммасига ўқитувчилар бупл ишчи кучидек жалб қилинади. Бормасангиз, ишдан айрилишингиз мумкин,- дейди Янгийўл туманида 28 йил мактабда дарс берган Гулнора Ҳакимова.

Бундан ташқари, жамоат ишларига энг кўп жалб қилинган ўқитувчиларнинг вақти-вақти билан аҳолидан коммунал тўловларни ундириш кампанияси, қишлоқ хўжалиги ишлари, хусусан, пахта чопиғи, терими, буғдой ўрими мавсумларидаги беминнат хизматга жалб этилгани Ўзбекистонда одатга айланган ҳолдир.

Ҳамшираю шифокор пахта теримига сафарбар

Оддий ишчи-хизматчилар орасида давлат ғазнасидан ойлик олиб ишлаётган яна бир соҳа ходимлари эса тиббиёт соҳаси ходимларидир.

Ўқитувчилардан фарқли равишда тиббиёт соҳаси вакиллари ҳозирча фақат қишлоқ хўжалиги ишлари, асосан, пахта теримига жалб қилинмоқда.

2011 йилги пахта йиғим-терими мавсумида одатга кўра, ҳамширалардан тортиб шифокорларга қадар пахта теримига мажбурий жалб қилинди.

Тошкент шаҳридаги туғруқхоналардан бирида акушер-гинеколог бўлиб ишлайдиган Феруза Озодликка бу ҳақда сўзлар экан, бундай беминнат хизмат ва қўшимча юкламага норозилик билдириш имкони тиббий хизматчига умуман берилмайди.

- Масалан, менинг иккита ёш болам бор. Пахтага чиқа олмайман. Шунақа ёш болалари бор ҳамширалар бора олмайди пахтага. Бизга ўхшаганлар ўрнига мардикор ёллаймизда. Баъзилар эса эрини, баъзилар болаларини жўнатади. Хуллас мажбурий бориш,- дейди Тошкент шаҳридаги туғруқхона акушер-гинекологи Феруза.

Қашқадарё вилоятидаги марказий шифохоналардан бирида терапевт бўлиб ишлайдиган шифокор Давлат ака пахта йиғим-теримини ҳисобга олмаса, тиббиёт ходимлари зиммасига юкланган хайрия ишлар ҳозирча ўқитувчиларники каби бир олам эмаслигини айтади.

- Биз ҳар ҳолда ўқитувчиларга ўхшаб коммунал тўловларни теришга чиққанимиз йўқ ҳали. Тўғрисини айтиш керакда. Шу соат 3 гача сменамиз бўлса, ҳамшира, врач ҳаммаси ишини қилади-кетади. Энди баъзи-баъзида бошқа отделениеларга қўшимча чақириқ бўлиб туради. Қолгани ҳаммаси жойида. Отпуска, болничний ҳаммаси жойида дўхтирларда,- дейди Қашқадарё вилоятидаги марказий шифохоналардан бирида терапевт бўлиб ишлайдиган шифокор Давлат ака.

Декрет пули

Шу кунларда Ўзбекистонда давлат ва жамоат ташкилотларида ишлаб турган ишчи-хизматчилар орасида ўз ҳақ-ҳуқуқлари тўла риоя қилинмаётгани ҳақида арз қиладиган яна бир тоифа эса туғруқ ёшидаги аёллардир.

Ўзбекистонда 2008 йилдан бошлаб, туғруқ ёшидаги аёлларга тўланадиган декрет пуллари давлат мажбуриятидан олиниб, аёлларга иш берувчи ташкилотлар зиммасига ўтказилган.

Бу ҳол туғруқ ёшидаги аёлларнинг, аввало, ишга жойлашиши, кейинчалик эса декрет пулларини олиш ва ҳатто, декрет таътилидан қайтгач уларнинг иш ўринларининг сақланиб қолишида муаммоларни келтириб чиқармоқда.

29 йил давомида кутубхоначи-библиограф бўлиб ишлаган Гулчучук Тиллаева собиқ совет даврида аёлларнинг декрет пули – ҳеч ким дахл қилмайдиган ва ўз вақтида бериладиган мутлоқ мажбурият эди, деб хотирлайди.

Унинг кузатувларига кўра, ҳозир нафақат ўз-ўзини маблағ билан таъминлайдиган жамоат ташкилотлари, ҳатто, давлат бюжетидан таъминланадиган соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида ҳам декрет пулини ололмаган аёллар бор. У бир ҳамкасбини мисол келтирди.

- Икки йилдан бери шу ишчимиз декрет пулини олгани йўқ. Бўлмаса, биз ишлайдиган колллеж ҳали давлат бюжетидаги ташкилот. Касалхона ва таълим соҳаси давлат бюжетидаку?! Аммо, икки йилдан бери ололгани йўқ пулини,- дейди кутубхоначи Гулчучук Тиллаева.

Энг беминнат ишчи завод, конда

Ўзбекистонда, шунингдек, собиқ совет даврида гуриллаб ишлаган ва турли имтиёзлари, аниқ белгиланган иш соати ҳамда иш ҳаққи билан фуқароларни ўзига жалб қилган турли ишлаб чиқариш корхоналари, завод-фабрикалар, аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатувчи муассасалардаги вазият эса давлат бюжетига қарам ташкилотлардан анча фарқлидир.

Бундай ташкилотларда, баъзан, иш шароити ва ишчи хизматчининг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш масаласи қонунчилик диорасида эмас, муассаса раҳбари ва ишчи ўртасидаги ёзма, аксар ҳолларда эса оғзаки келишувларга таяниб юритилади.

Ортиқча иш соатлари, ойлик маошда акс этмайдиган қўшимча вазифалар, дам олиш кунларидаги қўшимча ишларга ишчиларни жалб қилиш – бундай ташкилотларда энг кўп учрайдиган ҳолат экани айтилади.

Самарқанд вилоятидаги "Зармитан" олтин конидаги вазиятдан Озодликка хабар берган ва исми сир қолиши сўраган манба бу кон ва Навоий тоғ-кон металлургия заводида ишлаётган ишчилар деярли барча имтиёзлардан маҳрум этилгани ҳамда жуда оғир шароитларда ишлаётганини айтган эди.

- Имтиёзлар бекор қилингани ҳам майли, чидаса бўлади. Лекин, 80-150 метр чуқурликка коннинг ичига тушиб кетаётган тошкесарларнинг на хавфсизлиги таъминланган, на тайин иш соати бор. 12-14 соатлаб ернинг остида ишлайди баъзилари. Бошлиқлар планни ошиғи билан бажариш керак, дейди. Ишчилар эса ғиринг, деса шарт бўшатади, ўрнига бошқасини олади. Ишчининг ҳуқуқлари мутлақо йўқ, деса ҳам бўлади. Бу тоғ-кон соҳасига биров қарамай қўйган, - деган эди бироз муқаддам Озодликка сўзлаган "Зармитан" олтин конида инженер техник бўлиб ишлаган собиқ ишчи.
XS
SM
MD
LG