Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:33

“Ҳаёт учун!” марафонида минглаб одам қатнашди


“Ҳаёт учун!” марафони қатнашчилари Тошкент кўчаларидан югуриб ўтди.
“Ҳаёт учун!” марафони қатнашчилари Тошкент кўчаларидан югуриб ўтди.

Аёллар орасида кўп учрайдиган кўкрак бези саратонига қарши кураш уринишларига кўмаклашишни истаган йигирма мингдан зиёд ўзбекистонлик 1 май куни Тошкентда бўлиб ўтган “Ҳаёт учун!” хайрия форум-марафонида қатнашди.

Марафон қатнашчилари лойиҳанинг пуштиранг рамзи туширилган турли ўлчамдаги оқ футболкаларни кийиб Тошкент кўчаларини тўлдириб югиришди.


Лойиҳага Ўзбекистон президенти қизи Гулнора Каримованинг Фонд Форум ташкилоти ҳомийлик қилди.

Тадбирни ўтказишдан мақсад, дейди Фонд Форум ташкилоти вакилларидан бири, аҳоли эътиборини аёлларда учрайдиган кўкрак саратони муаммосига қаратиш ва унинг олдини олиш, аёлларга ҳар йили диагностикадан ўтиб туришлари ҳақида малъумот беришдир.

- Қатнашчилар сони йигирма мингдан ошиб кетди. Кўкрак саратонига чалинган аёллар тақдирига бефарқ бўлмаган кўнгиллилар, ўқувчилар, талабалар, оилалар, турли ташкилот ходимлари ва бошқалар бор эди, дейди тадбирга ҳомийлик қилаётган Фонд Форумнинг ўзини таништирмаган вакили.

Марафонда қатнашганлар ва уни томоша қилгани келганларга кўкрак саратони олдини олиш ҳақида маслаҳат берувчи брошюралар тарқатилди.

32 яшар Умида марафонда қатнашган минглаб тошентликнинг бири.

- Тошкентдаги Турон меҳмонхонасидан аввалги ҳайвонот боғигача узайган беш километрлик йўлни тўлалигича югириб ўтдик. Ҳам завқли, ҳам хайрли тадбир бўлди - дейди Умида.

"Гулнора Каримовага минг раҳмат!"

Футболка сотиб олиш орқали марафонда иштирок этган, ва шу йўл билан кўкрак бези саратонига учраган аёлларга кўмак учун ҳисса қўшмоқчи бўлганлардан яна бири Галина Суплатовадир.

- Бизга шу марафонда қатнашиш имкони берилганидан миннатдормиз. Буни уюштирган Гулнора Каримовага минг раҳмат. Ушбу марафонда нафақат мен, балки кўкрак бези саратонига чалинган онам ва ўғлим қатнашди. Биз марафон бошланғич чизиғидан финиш нуқтасигача югирдик,- дейди тошкентлик Галина Соплатова.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси Диёра ҳам марафон қатнашчиларидан.

- Ўзим ва коллежда тахсил олаётган укам учун иккита футболка сотиб олгандим. Биз ҳам умумхайрия ишидан четда қолмасликни хоҳладик, касалликкка қарши курашга ўз ҳиссамизни қўшмоқчимиз,- дейди тошкентлик талаба.

Ўзбек санъаткорлари ҳам четда қолмади

Ўзбекистон эстрада юлдузлари ва таниқли хонандалар ҳам ўз қўшиқлари билан хайрия марафонига ўз ҳиссаларини қўшдилар.

- Ўйлаймизки, мана шу марафон туфайли кўплаб аёллар касалликдан фориғ бўлишади ва ўз навабтида биз санъаткаорлар ҳам бу хайрли ишга ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиламиз,- дейди тадбир қатнашчиларидан бири Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева.

Фонд Форум вакилларига кўра, Ўзбекистон вилоят ва Тошкент шаҳрида ўтказилган марафонларда жами юз минг одам қатнашган ва тадбирдан тушган маблағ кўкрак саратони касаллигини олдини олиш, аёлларни бепул диагностикадан ўтказиш ва касалликка чалинган беморлар учун лозим дори-дармонларни сотиб олишга сарфланади.

Тўпланган маблағ эса 1 миллиард 50 миллион сўмни ташкил этган.


Кўкрак бези саратони Ўзбекистонда онкологик касалликларнинг энг тарқалган кўринишларидан биридир.

Ўтган ойда Ўзбекистон ҳукумати онкология хизмати соҳасини ривожлантириш ва моддий-техникавий базасини мустаҳкамлаш дастурни маъқуллади. 2012-2015 йилларга мўлжалланган дастур қиймати 70 миллион АҚШ долларига тенг экани айтилмоқда.

Бундан ташқари Ислом тараққиёт банки ҳам Ўзбекистонда онкология хизматини яхшилаш лойиҳасини амалга ошириш мақсадларига қарийб 37 миллон АҚШ доллари миқдорида кредит ажратганини маълум қилди.

Расмийларнинг айтишича, ажратиладиган маблағлар ҳисобидан янги ускуналар харид қилиш, муассасаларга грантлар ва имтиёзли кредитлар бериш кўзда тутилган. Онкологик касалликлар Ўзбекистондаги ўлимларнинг асосий сабабчиларидан бири ҳисобланади ва ижтимоий касалликлар рўйхатига киритилган.

XS
SM
MD
LG