Линклар

logo-print

Тошкентда бассейн ва завод бузилмоқда


Тошкентдаги Митрофанов номидаги сузиш бассейни.

Тошкентдаги Митрофанов номидаги сузиш бассейни.

Тошкент марказида 10 гектар ҳудудга ëйилган иккита бино бузилмоқда. Бу бинолардан бирида завод яна бирида сузиш ҳовузи жойлашган.

Тошкент марказидаги “Фотон” заводи биноси ва унга туташ Митрофанов номидаги бассейн бузилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимияти қурилиш департаменти мулозимининг Озодлик билан қисқа суҳбатидан аëн бўлишича, бу икки бинони бузиш ишлари шаҳарни ободонлаштириш режасига биноан амалга оширилмоқда.

Республика касаба уюшмаси спорт-соғломлаштириш мажмуаси, Митрофанов номли бассейн 1964 йили қуриб ишга туширилган.

Тошкент Бош плани қурилиш бўлими бошлиғи Алишер Муҳаммадалиевнинг айтишича, бассейн биноси Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлигига қарашлидир.

Муҳаммадалиевга кўра, бу каби биноларнинг бузилиши ўз эгалари хоҳиши билан амалга оширилади.

Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлиги Митрофанов номидаги бассейннинг бузилиши борасида изоҳ бермади.

Митрофанов бассейни жойлашган ҳудуд бир гектардан ошиқни ташкил қилади.

Бузилаëтган бинолардан яна бири “Фотон” заводи биноси Тошкентдаги эски бинолардан бири ҳисобланади. “Фотон” заводи жойлашган ҳудуд 8 гектардан ошиқ.

Тошкент Бош плани қурилиш бўлими бошлиғи Алишер Муҳаммадалиевнинг Озодликка айтишича, шаҳар марказидаги 10 гектар жой тақдири Бош план шуғулланадиган масала эмас:

- Биз бунақа майда муаммолар билан шуғулланмаймиз. Биз шаҳарнинг умумий қиëфаси ва меъморий йўналишини белгилаймиз. Қаерда боғ, қаерда саноат зоналари бўлишини белгилаймиз, дейди Тошкент Бош план идораси мутахассиси.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган тошкентлик уй жой сотувчи даллол йигит Равшанбек бу ҳолатга ойдинлик киртитди.

Суҳбатдошга кўра, шаҳарнинг у ëки бу жойидан уй сотиб олаëтганида Бош план идорасига бориб сотиб олинаётган уй истиқболи билан қизиқилади. Яъни бу яқин орада бузиладими, йўқми, деган маънода.

Равшанбекнинг таъкидлашича, бу саволга ҳеч қачон 100 фоиз жавоб олинмайди. Бош план бор аммо бу план катталар буйруғи билан бир кунда ўзгариши мумкин.

Тошкент шаҳри Баҳодир кўчасидан уй сотиб олган Рустам исмли йигит сал ўтмай уйидан айрилганини Озодликка билдирди.

Бешëғочга яқин жойлашган бу уй ҳудуди ҳокимият тарафидан Жанубий Корея ширкатига сотилган.

Рустамжон Озодликкка ҳокимият қароридан нусҳа ҳам жўнатди. Рустамжонга кўра, Тошкент маркази турли гуруҳлар қўлида ҳомталаш бўлмоқда.

Айни кунларда бузилаëтган “Фотон” заводи биноси шаҳар марказидаги 8 гектар ҳудудга ëйилган.

Бу заводда узоқ йиллар муҳандис бўлиб ишлаган ва хозир АҚШда юк автомобили ҳайдовчиси бўлиб ишлаëтган Мирвосит Мирсобиров завод биноси бузилаëтганини интернетда ўқиб ғамгин бўлганини Озодликка билдирди:

- Эшитиб ҳафа бўлдим. Ўша ерда умримнинг бир қисми ўтди. Оддий ишчидан малакали муҳандисга айландим. Ишлаб турган корхона эди нима қилишади бузиб?- дейди собиқ муҳандис.

Мирвосит аканинг айтишича, “Фотон” заводи 1941 йил Москвадан Тошкентга эвакуация қилинган электр лампочкалари заводи асосида ташкил бўлган юксак технологияларга соҳиб бир корхона бўлган:

- Бу завод ўта мураккаб диод ва транзисторларни ишлаб чиқарар эди. Мустақилликдан кейин касса апаратларни ҳам ишлаб чиқарганмиз, дейди бузилган заводнинг собиқ мухандиси.

Ўтган йили “Фотон” заводи асосий фондларини оптималлаштириш ҳақида ҳукумат қарори чиқарилган эди.

Бу қарорда “Фотон” заводининг “Алгоритм” ишлаб чиқариш корхонаси ҳудудига кўчирилиши кўзда тутилган.

Тошкентда совет давридан қолган заводларга оид бинолар бузилиши кейинги бир йилда фаол фазага киргани кузатилади.

2011 йил январида “Ташселмаш” заводи атрофида жойлашган ва ҳали анча мустаҳкам икки ва беш қаватли уйлардан олти-еттитаси шошилинч равишда бузилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG