Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:55

Наманганда телефон “ов”и бошланди


Наманган вилоятида зўравонлик ва фаҳшни тарғиб қилувчи, шунингдек, диний руҳдаги видеороликлар тарқалишига қарши рейдлар ўтказилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистонда чоп этилувчи “Новости Узбекистана” газетаси хабар қилди. Вилоятнинг турли шаҳар ва туманларида солиқ идораси бош-қошлигида уюштирилаётган тафтишларда уяли алоқа воситалари учун аудио ва видео материаллар ёзиб берувчи шохобчалар нишонга олингани айтилмоқда.

Қайд этилишича, номақбул деб топилган видеороликларни тарқатган бир қатор шахслар аниқланган.

Тошкентдаги солиқ идорасининг ўз исмини очиқлашни истамаган расмийси ҳудудларда ноқонуний видеороликларга қарши рейдлар вақти-вақти билан ўтказилиб турилишини тасдиқлади.

Солиқ мулозимига кўра, мамлакат бўйлаб ахлоқсизлик ва зўравонлик тегирмонига сув қуяётган видеороликлар телефондан телефонга кўчиб юрибди.

– Уч-тўрт киши бўлволиб битта кишини тепкилаётган роликлар бор. Ё бўлмаса, одамни тириклай сўяётган, эркагу аёл қип-яланғоч ҳолда тасвирланган роликлар бор. Рейдлардан мақсад шунга ўхшаш видеоматериалларни тарқатаётганларга қарши курашиш,– дейди солиқ расмийси.

Солиқ вакили мамлакатда порнографияга қарши қонунчилик кучайтирилиши ортидан бундай рейдлар янада кўпайишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 13 апрелдан Ўзбекистонда порнографик маҳсулотларни тайёрлаш ва тарқатиш учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун кучга кирди.

Янги қонунга мувофиқ, ахлоқсизлик ва зўравонлик тарғиботига хизмат қиладиган маҳсулотларни тарқатиш учун энг кам иш ҳақининг 400 баробаридан 600 баробаригача жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, 6 ойлик қамоқ ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазолари кўзда тутилган.

Таҳлилчиларга кўра, уяли алоқа воситалари порнографияни тарқатувчи воситага айланиб бораётгани аҳолининг катта ёшли қатлами орасида хавотир уйғотмоқда.

– Ҳозир бир қарич боланинг қўлида ҳам телефон. Назорат қилиб бўлмайди. Бир-бири билан шаҳвоний видеоларни алмашлагани-чи! Актрисани нима қилса қилган режиссёр, номи чиққан хонанда аёлга кўз олайтирган созанда – ҳаммаси видео бўлган дейишади. Майли, уларни номма-ном санаш шартмас. Инсофни ўзига берсин. Хуллас, уяли телефон катта маънавий таҳдидга айланяпти, – дейди тошкентлик ўқитувчи Козим ака.

Расмий матбуотда олиб борилаётган “антителефон” кампанияси Козим ака каби зиёлиларни уяли алоқа воситаларидан хавотирини янада ўстирмоқда.

“Тадқиқотлар шахсни бадном қилувчи ёки жинсий эркинликка қаратилган ҳуқуқбузарликлар кўпинча телефон орқали содир этилаётганини кўрсатмоқда. Даст¬лаб одамлар учун энг қулай алоқа воситаси сифатида намоён бўлган телефондан эндиликда кўча-кўйда, бошқа жойда хоҳлаган киши яширин тарзда фойдаланиб, рухсатсиз ахборотни қўлга киритиши, уни узатиши ёки саноқли дақиқа ичида кимнидир бадном қилиши мумкин”, деб ёзади Адлия вазирлиги ва Бош прокуратуранинг “Ҳуқуқ ва бурч” журнали.

Бироқ маҳаллий ҳуқуқ фаолларининг хавотир билан қайд этишича, уяли алоқа устидан назорат кучайган бир пайтда диндор ёшларни мобил телефондаги диний материал учун ҳам қамаш кўпаймоқда.

Тошкентда фаолият юритувчи Эксперт ишчи гуруҳига кўра, жорий йил бошидан буён мамлакатнинг турли вилоятларида мобил телефонларидаги маълумотлар учун 25-35 ёш оралиғидаги диндор фуқаролар қамоққа олинган.

– Маълумотлар сақлаш, бўлишиш, уларни томоша қилиш ëки эшитиш ҳам, агар улар диний мавзуда бўлса, ҳозирги пайтда Жиноят кодески билан жазоланадиган ҳаракатга айланиб улгураяпти, – дейди Экперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов.

Кузатувчиларга кўра, мамлакат бўйлаб коллеж ва лицейларда ўтказилаётган тадбирларда ёшлар мобил телефон орқали диний роликлар, маърузалар билан танишиш ёки тарқатишдан сақланишга чақирилмоқда.

Ўзбекистонда сўнгги пайтларда уяли алоқа воситалари орқали ахборот алмашувини назорат қилиш кучайгани айтилади.

2011 йил мартдаёқ “Яқин Шарқдаги инқилоблардан сабоқ чиқарган” Ўзбекистон ҳукумати оммавий тарзда SMS ёзишмаларини назорат қилишга уринаётгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Жорий йилнинг 19 апрелида эса Ўзбекистондаги уяли алоқа операторларидан бири – Ucellнинг назорат акцияларига эгалик қилувчи TeliaSonera ширкати хавфсизлик идоралари билан ҳамкорлик қилинишини тан олди.
XS
SM
MD
LG