Линклар

logo-print

Оқ дўппи кийган таксичига участковой таҳдид қилди


Ўзбекистонда оқ дўппи "ваҳҳобийлик" ёки шунга ўхшаш диний оқимларга алоқадорлик аломати сифатида тақиқланган.

Ўзбекистонда оқ дўппи "ваҳҳобийлик" ёки шунга ўхшаш диний оқимларга алоқадорлик аломати сифатида тақиқланган.

Наманганлик киракаш ёзнинг иссиғида кийган оқ мато дўпписи учун оддий участка нозирлари томонидан босим остига олинганини айтмоқда.

40 ёшли наманганлик такси ҳайдовичиси Абдумуталлиб Қўқонов (хавфсизлик боис қаҳрамоннинг исми ўзгартирилган-таҳр.) Наманган шаҳри ҳудудидаги аҳоли пунктларидан бирида участка нозирлари томонидан бошидаги оқ дўпписи учун тўхтатилгани айтиб, Озодликка мурожаат қилди.

Абдумуталлиб аканинг сўзларига кўра, кўча юзида бораётган нозирлар уни "жамоат жойида ибодат либосида юрибсиз", деган сабаб билан тўхтатган.

Такси ҳайдовчиси қаймоқранг матодан тикилган бош кийимни соғлиғини сақлаш учун кийгани ва бундан ташқари, жамоат жойида эмас, балки ўз автомобилида бораётган бир пайтда тўхтатилганини айтиб, бунга эътироз билдирмоқда.

- Машинамда бораётсам, икки милиционер келиб тўхтатди. Ҳужжатларимни бердим. Кейин қарасам, улар ўша қишлоқнинг участковойи экан. "Бошингизда оқ дўппи бор экан, жамоат жойида диний либосда юрган экансиз", деб паспортимни олиб қўйишди. Телефонига суратга олишди. "Ишни судга оширамиз, жаримага тортамиз" дейишди,- дейди такси ҳайдовчиси.

Такси ҳайдовчиси бу бош кийимни соғлиги талаб қилгани боис кийишини айтмоқда.

- Бошимда яра-чақа бор. Аслида доим кепка кийиб юрардим. Бу сафар шу кепкани ювдириб қўйгандим. Қўшниникида таъзияга кирадиган эдим, шу дўппида бориб, шу бўйича йўлга чиқиб келаверган эдим. Аслида мен эртадан кечгача киркашлик қиламан, унақа намоз ўқишга вақтим йўқ мени. Лекин, шукр мусулмонман,- дейди Абдумуталлиб ака.

Унинг сўзларига кўра, унинг шахсига оид ҳамма маълумотлар ва суратини олиб қолган участка нозирлари ҳайдовчидан ўз маҳалла қўмитасидан ҳеч қандай диний оқимларга аъзо эмаслиги ёки рўйхатда турмаслиги ҳақидаги маълумотнома олиб келишни сўраган.

Абдумуталлиб Қўқонов ишнинг охири нима билан тугашини билолмай, шу кунларда қаттиқ хавотир ичида юрганини айтмоқда.

Озодлик таҳририяти келгусида тафсилотларни янада аниқлаштириб, Қўқонов билан боғлиқ воқеалар ривожини кузатиб боришга ҳаракат қилади.

Қуйида такси ҳайдовчиси билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG