Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:38

Магнитогорскда ўзбек муҳожири зўрлашда айбланмоқда


Россия расмийларига кўра¸ аксарияти оғир инсоний шароитларда яшаб-ишлаëтган меҳнат муҳожирлари орасида оғир жиноятга қўл ураëтганлар сони кўпайиб бормоқда.
Россия расмийларига кўра¸ аксарияти оғир инсоний шароитларда яшаб-ишлаëтган меҳнат муҳожирлари орасида оғир жиноятга қўл ураëтганлар сони кўпайиб бормоқда.

Магнитогорскда қамоққа олинган 40 яшар Шуҳрат Саломов 11 яшар икки қизни зўрлашда айбланмоқда. Шаҳардаги ўзбек муҳожирлари Россия матбуоти бўрттириб тақдим этаëтган бу воқеа ўзларига нисбатан миллатчи гуруҳлар муносабатинини янада ëмонлаштиришидан чўчимоқда.


Россия Тергов қўмитасининг Челябинск вилояти бўйича расмийси Владимир Шишковнинг Озодликка маълум қилишича, Саломов қизларни пичоқ билан қўрқитган.

- Тергов тахминларига кўра, жорий йилнинг 29 апрелида кечки пайт Саломов пичоқ билан икки нафар 11 ёшдаги қизни қўрқитиб, Магнитогорск шаҳрининг Ленин туманидаги ташландиқ уйлардан бирига олиб кирган ва уларга нисбатан жинсий тажовуз қилган, дейди Челябинск вилояти бўйича Тергов қўмитаси расмийси Владимир Шишков.

Тергов очиқлаётган дастлабки маълумотларга кўра, зўрлашга уринганликда айбланаётган шахс деярли жиноят устида қўлга олинган.

Шуҳрат Саломов Россия ҳудудида ноқонуний яшаб келган. Шу боис, зўрлашда айбланаётган мардикорнинг яшаш ва ишлашини назорат қилувчи Федерал Миграция хизмати ва Ички ишлар вазирлиги маҳаллий идораларининг фаолиятига баҳо берилиши кутилмоқда.

Дастлабки тафтиш ишлари олиб борилгунга қадар Ўзбекистон фуқароси Шуҳрат Саломовни ҳибсда сақлаш тўғрисида суд қарори чиқарилди.

Бу ҳодисага муносабат билдирган Челябинск вилоятидаги “Бобур” Ўзбеклар жамияти раиси Маъмуржон Қодиров¸ меҳнат муҳожирлари томонидан содир этилаётган оғир жиноятларнинг кўпайиб бораётгани сабабларига тўхталади.

- Билмадим, қишлоқдан чиқмасдан шаҳарга чиқиб ярим-яланғочларни кўриб қўзиб кетадими бу ахмоқларники... Булар фақат қурилишда юриб “голодний” бўлиб кетади-да. Қандай тарбия берасиз?! Ҳар бирини қўлидан ушлаб юролмасангиз. Ўзбекистондан келганидан кейин айримлари ўзгариб қолади: қўлига беш-ўн сўм пул тушса эркинликни ҳис қилиб, ён-атрофга қарамасдан бесўнақай юрадиганлари кўпаяди. Тартибга чақириб қўядиган ота-онаси ҳам Ўзбекистонда бўлса керак. Ёши етган 18-20 ёшга кирганлар энди келишни бошлади. Арғамчини узволиб “Мана, Россияга келдик, ҳамма ишларни қилсак бўлаверар экан”, деб ҳар хил ишларни қилгиси келади, дейди Ўзбеклар жамияти фаоли.

Маъмуржон Қодиров бундай ҳолатлар Россияда анчадан буён яшаб¸ ҳалол меҳнат қилиб келаётган миллатдошлар ҳаëтига жиддий салбий таъсир этмоқда, деган хавотирда.

“Меҳнат муҳожирлари томонидан содир этилаётган ҳар бир жиноят маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ўн карра бўрттириб кўрсатилади, тақирбошлар ва скинҳедларга эса баҳона бўлади”, дея давом этади Ўзбеклар жамияти раҳбари.

- Буларнинг қилган ишларидан уялиб ҳам кетасиз. Кейин лаънати қолганларга етади-да! Бу ердаги маҳаллий аҳолида уларга нисбатан салбий қараш пайдо бўлади. “Ҳа, булар илгаридан шу билан шуғулланиб келган, оч”, дейди. Биз ҳаракат қиламиз маданий, бошқа томонлардан гастарбайтерлар ва меҳнат муҳожирлари ҳақида, яхши инсонлар эканлигини кўрсатишга, тасаввур ҳосил қилишга ҳаракат қиламиз. Ҳар бир шундай вазиятдан кейин “Насилуют и убивают наших детей!”, дейди. Ҳар бир подада бўладику тиррақиси. .Лекин биз ҳаракат қиляпмиз иложи борича олдини олишга, “ичмагин, чекмагин”, деб. Йигирма йилга қамалиб кетса нима бўлади? Ота онаси куйиб тугайдику! Бунақа ишларни қанчасини кўряпмиз...Болаларимизга Худонинг ўзи инсоф берсин, дейди Озодликка Челябинск вилоятидаги “Бобур” Ўзбеклар жамияти раиси Маъмуржон Қодиров.

Россия Тергов қўмитасининг 2011 йил биринчи ярмига оид эълон қилган ҳисоботида муҳожирлар томонидан содир этилаётган оғир жиноятлар сони ошиб бораётганига эътибор қаратилган.

Ҳисоботда¸ айниқса¸меҳнат муҳожирлари томонидан содир этилган қотиллик ва жинсий тажовуз ҳолатларининг кўпайгани қайд этилган.
XS
SM
MD
LG