Линклар

logo-print

Ўзбекистонда тадбиркорнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги бўйича ўтган йили 155 та жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2011 йил бўйича ҳисоботида маълум қилинди.

Прокуратура матбуот хизматига кўра, ҳисобот йилида тадбиркорлар ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 980 та тақдимнома, қонунга зид ҳужжатларга нисбатан 1144 протест киритилган.

Тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашган 1661 нафар мансабдор шахс қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирилган, 1027 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган.

Тадбиркорларга етказилган зарарларни қоплаш мақсадида судларга 450 миллион сўмлик даъво аризалари киритилган.

Матбуот хизмати таъкидича¸ прокуратуранинг “Ишонч телефонлари”га тадбиркорлик субъектларидан 2800 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушиб, улардан 2265 таси қаноатлантирилиб, уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланганлиги кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот ҳизматидан олинган маълумотга кўра, ўтган йил бошқа давлат идоралари билан ҳамкорликда 430 минг тадбиркор билан жами 8800 та учрашув ўтказилган, 6700 тадбиркорлик субъектига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган.

Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида қилинган бу ҳаракатлар натижасида мамлакатда 11800 янги ишчи ўрни очилган, дейилади Бош прокуратура ҳисоботида.

"Кичик бизнес ва тадбиркорлик йили" шиори остида ўтган 2011 йилда ҳуқуқлари бузилган ўзбек тадбиркорлари орасида самарқандлик тадбиркор Раҳматулло Насруллоев ҳам бор.

Насруллоев ўтган йили Самарқанд шаҳар бозори ҳудудида таъмирлаш ишлари ўтказиш баҳонасида 500 миллион сўмлик дўконини бузиб ташлашгани, ўз ҳуқуқлари бузилишидан шикоят қилиб, расмий идоралар, жумладан бош прокуратурага мурожаат қилганидан сўнг, унга янги дўкон қуриш учун ер ажратиш тўғрисида қарор чиқарилганини айтади.

- Бизларнинг ҳуқуқларимиз конституцияга ëзилганда, хусусий мулк давлат ҳимоясида, давлатимиз ҳимоясида деб ëзиб қўйилган. Лекин бизларнинг қонунларимизни маҳаллий ҳокимлар писанд қилмайди. Бизларнинг конституциявий ҳуқуқимизни бузган ҳисобланади.

Мана 500 миллионга ҳам бунақа магазинни қуриб бўлмайди. Бирор тийин бермадилар. Бутун оиламнинг маблағи кетган эди бу магазинга. Прокуратурага мурожаат қилдик, республика судига ҳам мурожаат қилдик. Кейин ҳуқуқларим озгина бўлса ҳам тикланишига муваффақ бўлдим, дейди Насруллоев.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳуқуқлари паймол қилинган тадбиркорларни прокуратуранинг ишонч телефонларига мурожаат қилишни тавсия этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG