Линклар

Чегара билмас мухбирлар: Ислом Каримов - эркин матбуот кушандаси


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов.

Президент Ислом Каримов эркин матбуот кушандалари рўйхатида қолди. Қароргоҳи Парижда жйолашгган Чегара билмас мухбирлар ташкилоти матбуот эркинлиги куни муносабати билан эълон қилган рўйхатга 41 давлат раҳбари киритилган.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўлими раҳбари Йоаҳим Бирснинг Озодликка айтишича, президент Каримовнинг “кушандалар” рўйхатида қолиши Ўзбекистондаги вазият мантиғидан келиб чиққан.

- Ҳақиқатан, афсуски, Ислом Каримовнинг бу рўйхатда қолиши ҳеч ким учун кутилмаган ҳол эмас. Чунки Ўзбекистонда матбуот эркинлигига оид вазият яхши томонга ўзгариш у ёқда турсин, шу даражада ёмонлашиб бормоқдаки, мамлакатда мустақил журналистика мутлақ имконсиз бўлиб қолмоқда. Ўзбекистонда барча матбуот воситалари ҳукуматнинг бевосита назорати остида қолмоқда. Ҳозирда камида 10 нафар журналист қамоққа ташланган, дейди Чегара билмас мухбирлар ташкилоти вакили.

Йоаҳим Бирс, шунингдек Ўзбекистоннинг ўз фикрини эркин билдиришга ҳаракат қилган журналистлар, ҳуқуқ фаоллари ва бошқа фуқаролар қамоққа ёки руҳий касалликлар шифохоналарига ташланиб, қийноққа солинаётган, умуман танқидий фикрларни бўғиш учун барча воситалар қўлланадиган мамлакатга айланганини қайд этади.

Бу вазият учун, дейди матбуот эркинлиги ҳимояси билан шуғулланадиган ташкилот вакили, бевосита Ислом Каримовнинг ўзи масъулдир.

- Ўзбекистонда шафқатсиз дикататорликни ўрнатиб, якка ҳукмрон бўлган Ислом Каримовнинг сўнгги қарорларидан бири Интернет устидан давлат назоратини янада кучайтириш бўлди. Ҳозирда Ўзбекистонда ахборот оқими тўлалигича назорат остига олинган. Мамлакатда қолган мустақил журналистлар яширинча фаолият олиб боришга ва мамлакат ташқарисида жойлашган матбуот воситалари билан бекитиқча ҳамкорлик қилишга мажбур қолмоқда, дейди Йоаҳим Бирс.

Ислом Каримовнинг "эркин матбуот кушандаси" мақомига лойиқ деб топилишига, Чегара билмас мухбирлар ташкилоти, Тошкент режимининг нафақат Ўзбекистон, балки хориж матбуоти овозини ўчиришга уринганини асос қилиб келтиради. Ўтган йили Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг ўз отасини “диктатор” дея атагани боис Францияда чиқадиган Rue89 нашрини судга бергани бунга мисол, дейди ташкилот вакили.

- Ислом Каримов қизининг Ўзбекистонда амал қилган цензурани хориж матбуотига қўллашга уринганидан ҳам даҳшатга тушдик, ҳам ҳайрон қолдик. Отасини “диктатор”, деб атаганидан хафа бўлган Лола Каримова француз нашрини судга берди, лекин Париж суди кутилганидек ҳар қандай матбуот воситаси Каримовни “диктатор”, деб аташга ҳақли, деган ҳукм чиқарди. Бу ҳолат ҳам Каримов режимининг танқидга тоқатсиз эканини кўрсатади. Каримовнинг диктаторлик усуллар билан давлатни бошқаришига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Лекин унинг қизи бу ҳақда эркин фикр билдириш мумкинлигини ақлига сиғдира олмаслиги яна бир марта намоён бўлди, дейди Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўлими раҳбари Йоаҳим Бирс.

Эркин матбуот кушандалари рўйхати 3 май – Матбуот эркинлиги куни муносабати билан эълон қилинди. Унга Ўзбекистон раҳбаридан ташқари, Россиянинг янги сайланган президенти Владимир Путин, Туркманистон Президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов, Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ун кабилар ҳам киритилган.

Айни санага бағишлаб Freedom House – Озодлик уйи ташкилоти ҳафта бошида эълон қилган “Матбуот эркинлиги” бўйича 2012 йилги ҳисоботида Ўзбекистонни матбуот мутлақ бўғилган мамалакат сифатида 197 давлат ичида 195 ўринга қўйди.

Чоршанба куни эса, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистонни матбуот энг кучли цензура қилинаëтган ўн давлат рўйхатига киритди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG