Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:49

Тошкентда юзлаб уй-жой ширкати раҳбари жазоланди


Ўзбекистонда 90-йилларда бошланган кўп қаватли уйларни хусусийлаштириш жараёнида ЖЭК тугатилиб¸ хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари тузилди.
Ўзбекистонда 90-йилларда бошланган кўп қаватли уйларни хусусийлаштириш жараёнида ЖЭК тугатилиб¸ хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари тузилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги тарқатган хабарга кўра¸ пойтахтдаги кўп қаватли уйларни бошқаришга масъул бўлган 206 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари ишдан бўшатилган, 481 та ширкат раҳбарига нисбатан кескин чора кўрилган.



Мазкур рақамлар Тошкент шаҳар ҳокимлигида 2012 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича ўтказилган йиғилишда маълум қилинган.

Маҳаллий матбуотда 3 май куни эълон қилинган хабарга кўра, шаҳар ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини тубдан ўзгартириш заруратига урғу берган.

Ҳокимлик расмийси ишдан олинган ёки жазога тортилган ширкат раислари “бугунги кун талабига жавоб бермагани”, “коммунал тўлов йиғимларини мақсадсиз сарфлагани”ни таъкидлаган.

Мулкдорларнинг нега ҳафсаласи пир бўлди?

Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати бир пайтлар ЖЭК деб аталган идоранинг вориси саналади.

Ўзбекистонда 90-йилларда кўп қаватли уйларни хусусийлаштириш жараёни бошланди. Ушбу ўзгаришлар даврида собиқ тузумдан қолган асорат сифатида ЖЭК ошиғич тугатилиб, умидбахш ваъдалар билан хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари тузишга киришилди.

Хусусий ширкатлар юзага келиши билан турар жойларга далхдор муаммолар ҳал бўлиб қолмади. Таҳлилчиларга кўра, ширкатлар “эски ҳаммом, эски тос” қабилида иш тутгани, коммунал муаммолар ечими турар жой эгалари елкасига юкланиши ортидан тез фурсатда аҳолининг ҳафсаласи пир бўлди.

Амалдаги меъёрларга мувофиқ, хусусий ширкат умумий мулк саналган объектлар – иссиқ ва совуқ сув, канализация қувурлари, электр тармоқлари, ертўла ва ундаги муҳандислик иншоотлари, подъезд, кўп қаватли уй томи ва лифтларининг созу бутлиги учун жавоб беради.

Аммо кўпдан ширкатлар кўрсатаётган хизмат аҳоли талабини қондирмаётгани ҳақида айтилади.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти маълумотига кўра, 2011 йилнинг ёзида Юнусобод туманида яшовчи В.Рудакованинг уйидан чакки ўтиб, янги таъмирдан чиққан хоналар абгор аҳволга келади. Ширкат ва фуқаро ўртасида тузилган шартнома бўйича камчиликни ширкат бартараф этиши керак эди. Фуқаро В.Рудакова “Диана таъмирлаш коммуналчи” ширкатига мурожаат қилади. Аммо ширкат раҳбари турли баҳона билан томни таъмирлашдан бош тортади. Квартира эгаси бир миллион 980 минг сўм сарфлаб томни ямайди. Чўнтагидан тўлаган маблағини қайтариб олиш учун эса квартира эгаси бир неча ой идорама-идора югуришга мажбур бўлади.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман бир неча йил олдин Яккасарой туманидаги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларида мониторинг ўтказган. Ўрганишлардан кейин Омбудсман уй-жой мулкдорлари ширкати кўп ҳолларда аҳолининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этмаётир, деган хулосага келган.

“Ширкат раҳбарини ҳокимлик қўяди”

2006 йил 12 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида” қонуни кучга кирган.

Қонун талабига кўра, ширкат раиси йилда камида бир марта мулкдорларга амалга оширилган ишлар, йиғилган маблағ сарфи хусусида ҳисобот бериши керак.

Озодлик мухбири суҳбатлашган аксар тошкентликлар ширкат ҳисобот бермаслигини, айрим фуқаролар эса ширкат раиси кимлигини ҳам билмаслигини айтди.

Зикр этилган қонунда қайд этилишича, ширкат нотижорат ташкилот бўлиб, хусусий турар жой мулкдорларининг ташаббуси билан тузилади.

Тошкентдаги ўз исмини ошкор қилишни истамаган маҳалла фаолларидан бири уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари кўпинча туман ҳокимликлари томонидан қўйилишини билдирди.

– Ширкат раҳбарини аҳолининг ўзи сайлаши керак. Қонунда шунақа дейилган. Кейин фуқароларнинг ўзи ўша раҳбар фаолиятини кузатиб борадиган тафтиш комиссиясини тузади. Лекин тўғрисини айтганда, кўпинча ширкат раисларини туман ҳокимлиги қўяди. Бу номзодни одамлар хоҳлаганда ҳам бўшатолмайди, дейди тошкентлик маҳалла фаоли.

“Ўзкоммунхизмат” агентлиги маълумотига кўра, мамлакатда 30 мингдан ошиқ кўп қаватли уйлар бор, улар 5000 га яқин хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига бирлашган. Мамлакатдаги биринчи уй-жой мулкдорлари ширкати 1999 йилда ташкил қилинган.
XS
SM
MD
LG