Линклар

Ўзбекистонда пластик операция оммавийлашмоқда


Тошкентдаги хусусий клиника врачининг айтишича, ўзбекистонлик аёллар кўпроқ юзларидаги ажинларини торттириш муолажаларини қилдирса-да, тананинг бошқа қисмларини “тўғрилаш” операциялари ҳам тез-тез ўтказиб турилади.

Тошкентдаги хусусий клиника врачининг айтишича, ўзбекистонлик аёллар кўпроқ юзларидаги ажинларини торттириш муолажаларини қилдирса-да, тананинг бошқа қисмларини “тўғрилаш” операциялари ҳам тез-тез ўтказиб турилади.

Ғарбда асосан шоу бизнес намояндалари орасида кенг қўлланиладиган пластик операциялар оддий ўзбек аëллари орасида тобора урф бўлиб бормоқда.


"Гўзаллик меъморлари" Тошкентда

Тошкентда 3-5 май кунлари марказий осиёлик пластик жарроҳларнинг 3-конференцияси ўтказилмоқда.

“Сен ёлғиз эмассан” болалар жамғармаси ва Ўзбекистон пластик жарроҳлар жамияти томонидан ташкиллаштирилган “Пластик жарроҳликнинг долзарб муаммолари” номли анжуманда юзида туғма нуқсони бўлган болалар реабилитациясига доир тадбирларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинади.

Пластик хирургия муаммоларига бағишланган анжуманнинг Тошкентда учинчи марта ўтказилаётгани Ўзбекистонда бу соҳага алоҳида эътибор қаратилаётгани далолатидир, демоқда мутахассислар.

Айни пайтда, эстетик сабабларга кўра пластик жарроҳларга мурожаат қилаётганлар сонининг кўпайиши ҳам бу фикрнинг яна бир тасдиғидир.


Пластик жарроҳнинг қўли-қўлига тегмайди...

Тошкентдаги энг йирик пластик жарроҳлик клиникаси хўжайини ва бош врачининг Озодликка айтишича, ўз муассасасида “одам танасининг юзидан тортиб, товонигача бўлган қисмларида, барча турдаги операциялар қилинади”.

Исми сир қолишини истаган суҳбатдошимиз, шу кунларда Ўзбекистонда пластик жарроҳларнинг бозори чаққон, дейди. Бундай хизматларга бўлган эҳтиёж ошиб бораётганига изоҳ сифатида пластик хирург бундай деди:

- Аниқ айтомайману, лекин Тошкент бўйича камида ўнта расман рўйхатга олинган пластик жарроҳлик клиникаси бор. Ҳаммасида иши бошдан ошиб ётибди. Масалан, менинг клиникамда ҳафтада беш кун операция ўтказилади. Мен ўзим кунда камида учта, бўлмаса саккизтагача операция қиламан, дейди жарроҳ.

Бундан ташқари палстик жарроҳлик муаммоларига бағишланган конференциянинг Ўзбекистонда учинчи марта ўтказилаётгани бу соҳанинг қанчалик ривожланганини кўрсатади, дея қўшимча қилади жарроҳ.


Ўзбек аëллари ҳам "пластик мўъжиза" сеҳрига тортилмоқда

Тошкентлик 41 ёшли Фарида исмлик аëл, пластик ва эстетик хирургия ходимлари ёрдамидан бир неча марта фойдаланган. Ҳозир нафақат Тошкент, балки вилоятларда ҳам пластик хирургия хизматларидан фойдаланиш истагида бўлганлар кўпаймоқда, дейди у.

- Эҳе, ҳозир бу оммавий тус олди. Масалан, менинг врачимни бутун республикадан чақиртиришади, у Фарғона, Андижонларга бориб, бир неча кунлаб операциялар қилади. Ўзи бу арзон эмас, лекин ёшармоқчи бўлган ва чўнтаги кўтарадиган аёллар ҳозир кўп. Хуллас, талаб жуда катта, дейди Фарида.

Лекин, дея қўшимча қилади у, пластик операцияни, масалан, оддий ўқитувчи ёки ҳамёни ориқроқ бўлган аёллар ўзига эп кўра олмайди.

- Йўқ, ўқитувчи ёки ойликка қараган аёл қилдира олмайди, албатта. Масалан, юзнинг юқори қисмини торттириш 250 доллар, пастки қисми ҳам 250 долларга тушади. Бу энди одамлар учун катта пул, дейди тадбиркорлик билан шуғулланадиган Фарида.

Тошкентдаги хусусий клиника бош врачининг айтишича, Ўзбекистонда пластик операция нархлари Европа ёки Россияга солиштирганда анча арзон ва пластик “мўъжизасидан” фойдаланиб яшармоқчи бўлган ўзбекистонлик аёлларга кўпроқ юзларидаги ажинларини торттириш муолажалари қилинади. Лекин, тананинг бошқа қисмларини “тўғрилаш” операциялари ҳам тез-тез ўтказиб турилади, дейди жарроҳ.

Фарида ҳозирча пластик хирург қўлини фақатгина юзларига теккизган. Лекин дугоналари орасида кўкраги, ҳатто думбалари шакли ва катталигини ўзгартирганлар ҳам бор.

- Бир дугонам бундан тўрт йил аввал 1500 долларга кўкрагини катталаштирди. Ҳозир жуда хурсанд. Энди, аёлларнинг бундай радикал чораларга боришининг турли сабаблари бор. Кимнидир эри мажбур қилади, яна кимдир ёш ўтган сари эрига ёқмай қолишдан чўчиб¸ шундай қилади. Дарвоқе, бир дугонам Дубайга бориб, думбасини катталаштириб келди. У бироз семиз бўлиб, жуссаси анча катта, лекин думбаси шунга яраша бўлмагани боис, операция қилдириб мослаштириб олди. Катталаштириш учун ўша ерига силикон гел қуйдириб келди Дубайда. У ҳам врачлар ишидан жуда хурсанд, дейди Тошкентлик 41 ёшли Фарида опа.

Тошкентда 3 май куни бошланган икки кунлик анжуман президент Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева ҳомийлигидаги “Сен ёлғиз эмассан” болалар жамғармаси, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Пластик жарроҳлар жамияти томонидан ташкиллаштирилган. Унда турли давлатлардан келган ўнлаб пластик жарроҳлар қатнашаётгани айтилмоқда.

“Пластик жарроҳликнинг долзарб муаммолари” номли анжуманда асосий мавзулардан бири сифатида юзида туғма нуқсони бўлган болалар реабилитациясига доир тадбирларни амалга ошириш масалаларининг муҳокама қилиниши айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG