Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:59

Чироқчида икки бола селдан нобуд бўлди


Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманига келган сел оқибатида 14 яшар икки ўсмир нобуд бўлди. Тинимсиз ёққан ёмғир оқибатида аҳоли уйларига жиддий шикаст етгани айтилмоқда.

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги Ўмакай қишлоқ фуқаролари йиғини раиси Сайфиддин Йўлдошевнинг Озодликка айтишича, 2 май кунги сел Сарсон қишлоғидаги 135-мактаб ўқитувчиси Тўлқин Диёровнинг 1998 йилда туғилган ўғлини олиб кетган:

- Сел келган пайтда у мол боқиб юрган. Селдан югуриб ўтаман деганми ёки молини қайтараман деганми, ишқилиб, сел бир километр пастга олиб кетиб қолибди. Шўрлик болани кейин кўприкнинг тагидаги бир ковакдан топиб олишибди, дейди Сайфиддин Йўлдошев.

Қишлоқ оқсоқолининг айтишича, ўн йилдан буён бу ҳудудда бундай қаттиқ сел бўлмаган:

- Ёмғир жуда кўп бўлди. Менинг тошдан кўтарилган 60 метр деворим ҳам қулаб тушди. Қарши-Самарқанд автомобил йўлининг бир қанча қисмини ҳам сел ювиб кетди, дейди Ўмакай қишлоқ фуқаролари йиғини раиси Сайфиддин Йўлдошев.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Чироқчи тумани бўлими раҳбари Рустам Жўраев 25 апрел кунги сел оқибатида 14 ёшли қиз ҳам нобуд бўлганини билдирди:

- Ўша куни кечаси бизга Қаноатли қишлоқ фуқаролари йиғинига қарашли Чорвадор қишлоғидан хабар келди. Туман ҳокими муовини билан бирга бордик. 1998 йилда туғилган, 14 ёшли қизалоқ уйини олдида ўйнаб юрганда сел олиб кетиб қолибди. Бола нобуд бўлди. У ерлар тоғли ҳудуд эмас, сел бирданига келиб қолганда, дейди Рустам Жўраев.

Жорий йилнинг 21 февралига ўтар кечаси Ғаллаорол туманининг Жума, Чўмичли, Тошкамар, Жарбулоқ, Турк ва Каризқудуқ қишлоқларини сув босган эди.

Ўзбекистон ҳукумати Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида юз берган сел ва сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун 2 миллиард 92 миллион сўм маблағ ажратилганини эълон қилди.

22 апрел куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги тоғ этакларида жойлашган қишлоқларда ҳам тошқин рўй берди. Ўрмонтепа, Қорапойча ҳамда Дўнгқишлоқда аҳолининг уйларини сув босиш, кўчаларни сув босиш ҳолатлари кузатилган.
XS
SM
MD
LG