Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:12

UZ миллий домени 17 ёшда


1995 йилда ташкил этилган UZ миллий доменида ўтган 17 йил мобайнида рўйхатга олинган доменлар сони 14 мингдан ошди. Айни пайтда¸ Ўзбекистондаги Интернет фойдаланувчиларининг эркин ва тўсиқсиз ахборот олиш имкони чекланганича қолмоқда.


UZ миллий домени маъмури бўлган “Uzinfocom” компютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш маркази бош директори Жалилиддин Раҳимовга кўра, UZ маконида рўйхатга олинган домен номларининг кўпайиб бораётгани миллий Интернетнинг ривожланаётганидан далолат беради.

- Шу йилни ўзида ўсиш 700 дан зиёд доменни ташкил қилди, дейди Раҳимов.

Пайшанба куни Тошкентда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги “Uzinfocom” маркази ва “ infoCOM.UZ” журнали ҳамкорликда “UZ домен зонасининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш” мавзуида ўтказган матбуот анжуманида UZ зонасида асосан Hi-Tech, маданият, илм-фан, кўнгилочар ўйинлар, спорт, бизнес йўналишида веб-сайтлар сони ортиб бораётгани такидланди.

"infoCOM.UZ” журнали бош муҳаррири Марфуа Азизова Озодлик мухбири билан суҳбатда бу ҳақда шундай деди:

- Сайтлар йилдан-йилга ошиб бораяпти. UZ миллий доменидаги сайтларимизнинг кўпчилиги аҳолига ўзини уйида туриб, ҳеч қаёққа бормасдан ўша сайтларга кириб ўзини турмушига оид, иш фаолиятида кенг фойдалана оладиган, хизматларни тавсия қиладиган сайтлар¸ айниқса¸ кўп. Мисол учун¸ мен ўзим шахсан тиббиётга оид сайтларга кўпроқ қизиқаман. Майда-чуйда нарсалар учун докторга югуриб юрмасдан шу сайтларга мурожаат қиламан. Айниқса¸ пазандачилик ва шунга ўхшаш сайтларга қизиқиш катта, дейди Марфуа Азизова.

“Uzinfocom” маркази ва “infoCOM.UZ” журнали ҳамкорликда ҳар йили миллий UZ домени фестивалини ҳам ўтказиб туришади.

- Фақат UZ доменида рўйхатдан ўтган сайтлар шу фестивалда қатнашади. Оила, фарзанд тарбиясига оид, болаларга турли ўйинларни тавсия қиладиган, пазандачилик ҳақидаги сайтларимиз кўп, дейди "infoCOM.UZ” журнали бош муҳаррири Марфуа Азизова.

UZ доменига сайр!

Ўзбекистон миллий UZ маконини кезар экансиз¸ юзлаб кўнгилочар сайтларга дуч келасиз. Мода, маданият, спорт ва ёш келинларга пазандалик, болани қандай эмизиш ҳақида маслаҳат берувчи ўнлаб сайтлар бор. Бу сайтларга Ўзбекистонда кириш бемалол.

Шундай сайтлардан бири www.generation.uz.

- 2008 йил 1 сентябр куни очганмиз бу сайтни. Биз бу сайтда бола тарбияси, уларнинг соғлиги, боланинг ҳомила пайтидан балоғат ёшига бўлган даврдаги тарбияси, репродуктив саломатликка оид тавсияларни бериб борамиз, дейди generation.uz сайти аосочиси Анна Гриценко.

Ўзбекистоннинг миллий UZ доменида қайд этилган яна бир сайт www.krasota.uz деб номланган.

Сайт асосчиси ва муҳаррири Олия Абдунабиеванинг айтишича, сайт асосан қизлар учун мўлжалланган.

- www.krasota.uz аёллар учун мўлжалланган электрон журнал ва биз буни Ўзбекистонда яшовчи аёллар учун махсус очганмиз. Сайтимизда қандай қилиб чиройли бўлиш, ўзига зеб бериш санъати, қандай кийиниш ва ҳоказо саволларга жавоб топишингиз мумкин.

Шунингдек, мода шоулари, мода янгиликлари нафақат Ўзбекистондаги, балки чет давлатлардаги мода янгиликлари ҳақида маълумотлар берамиз. Сайтимиз фақат бўяниш ва мода билан чекланмаган. Бу ерда аёлларимиз кулинария санъати, турли пишириқлар қилишни ўрганишлари ҳам мумкин, дейди Олия Абдунабиева.

UZ миллий доменида дуч келганимиз яна бир сайт www.classicmusic.uz сайти бўлди.

Ўзбек ҳофизлари қўшиқлари бу сайтда жам бўлган. Сайт асосчиси Ҳусниддин Ато сайтга кирувчилар¸ асосан¸ чет давлатларда яшовчи ўзбеклар эканини айтади.

- Маданий-миллий меросимиздаги эҳтиëжни кўра билиб сайт яратганман. Менинг сайтим техник ëки бошқа жиҳатлардан унчалик кучли эмас. Лекин ўйлайманки мумтоз мусиқа ихлосмандлари учун шундай сайт зарур, дейди Ҳусниддин Ато.

Шаҳар бедарвоза эмас

Ўзбекистоннинг UZ интернет маконини кезиб, мамлакатда содир бўлаётган ҳодисалар ҳақида ахборот берувчи мустақил сайтларни топа олмадик.

Ўз исмини айтишни истамаган ўзбекистонлик Интернет соҳаси мутахассисининг айтишича, UZ доменида мустақил ахборот ёки сиёсий сайтларнинг ўзи йўқ.

Сиёсий сайтлар бўлгани тақдирда ҳам¸ улар ҳукумат назоратидаги сайтлардир.

- Шаҳар бедарвоза эмас дейишадику. Бу сайтларни барчаси контрол қилинади. Домен номини сотиб олиб сиз ҳам сайт очишингиз мумкин. Лекин, у ерда ҳукуматга ёқмайдиган хабарларни ëзишни бошлашингиз билан¸ ўзингизни хавф остига қўясиз. Сизни любой маҳал ëпиб қўйиши ëки Ўзбекистон судлари жиноий жавобгарликка тортиши мумкин, дейди ўз исмини айтишни истамаган Интернет соҳаси мутахассиси.

Бу йил Ўзбекистонда Интернет фойдаланувчилари сони 9 миллионга яқинлашди.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги келтирган бу рақам рост бўлса¸ мамлакатда қарийб ҳар уч одамнинг бири Интернетдан фойдаланади.

Ўзбекистон беҳаё сайтларни тўсиш, конституциявий тузумни ағдаришга қаратилган ахборотни тўхтатиш важи билан қатор халқаро оммавий ахборот воситалари веб-сайтларига тўсиқ қўйган.

Тошкент ҳукумати йиллардан бери халқаро майдонда "Интернет душманлари" рўйхатига киритиб келинади.
XS
SM
MD
LG