Линклар

Тожикистон энергетик лойиҳаларни амалга оширишда, шу жумладан, Роғун ГЭСи қурилишини якунлаш бўйича Европа Иттифоқи қўлловига умид қилади.

Бу ҳақда Тожикистон парламенти қуйи палатасининг раис муовини Амиршо Миралиев Европа Иттифоқи делегацияси билан ҳафта сўнгида ўтказилган учрашув чоғида билдирди.

Миралиев Ўзбекистон 2009 йил ноябрида Марказий Осиё ягона энергетика тизимидан чиққанидан кейин Тожикистонда истеъмолчиларни электр билан таъминлаш сезиларли даражада ёмонлашганини қайд этди ҳамда Тожикистон раҳбарияти бу вазиятдан чиқиш ва республика эҳтиёжларини қондириш учун электр ишлаб чиқарадиган янги иншоотлар қуришга мажбур эканини таъкидлади.

Роғун ГЭСининг барпо этилиши минтақа учун катта хавф туғдириши ҳақида бир неча бор чиқиш қилган расмий Тошкент бу лойиҳага аввал-бошданоқ қаршилик қилиб келади. Душанбе эса бу хавотирлар ўринсиз эканини, Роғун ГЭСи қурилиши Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар учун фойдали эканини такрорлашдан чарчамайди.

Тожикистонлик депутатлар билан учрашган Европарламент делегацияси раҳбари Паоло Бартолоззи Европа Иттифоқи Марказий Осиёдаги сув-энергетика можаролари ҳал бўлишидан манфаатдор эканини ҳамда бу борада амалий ёрдам учун ЕИ ташқи ишлар вазирларига мурожаат қилишини билдирди.
XS
SM
MD
LG