Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:38

Путин яна қасам ичди


Путин қасам ичмоқда
Путин қасам ичмоқда

7 май куни Кремлнинг тантаналар залида Владимир Путин учинчи марта Россия президенти сифатида қасамëд қилди. Бу маросим арафасида мухолифат етакчиларининг аксари ҳибсга олинди.

Путиннинг қасамëдга келтирилиш маросимида ҳукумат аъзолари¸ Давлат думаси депутатлари¸ Конституцион суд вакиллари¸ дипломатлар¸ диндорлар шунингдек илм-фан ҳамда маданият арбобларидан иборат 3000 дан ошиқ меҳмон иштирок этди.

Қасамëд маросимини жонли тарзда олиб кўрсатган Россиянинг “Биринчи канал”и маросимни сайловолди эҳтирослар ортда қолди¸ Путин энди барча россияликларнинг ягона президенти деган таъкид билан тақдим этди.

Россия Конституциясига қўл қўйиб қилган қасамëдида Путин ҳам¸ анъанага кўра¸ мамлакат фуқароларининг конституцион ҳақларини ҳимоя қилиш ҳақида онт ичди:

- Россия президенти ваколатларини ижро этиш давомида инсон ва фуқаро ҳақларини ҳурмат қилиш ва уни амалга кўчириш¸ Россия Федерацияси конституциясига амал қилиш ва уни ҳимоялаш¸ давлат суверенитети ва мустақиллиги¸ унинг хавфсизлиги ва яхлитлигини қўриқлаш ва халққа садоқат билан хизмат қилишга онт ичаман¸ деди тантанали маросимда Владимир Путин.

Путин яна қасам ичди
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:27 0:00


Расмий қасамëд маросими Путинга яхши таниш – у бундан аввал ҳам икки марта 2000 ва 2004 йилларда президент сифатида қасамëд қилган¸ 2008 йилда эса¸ президентлик рамзларини ўзи танлаган ворис – Дмитрий Медведевга топшириш маросимини бажо келтирган эди.

Орадан тўрт йил ўтиб¸ Дмитрий Медведев айни рамзларни тантанали тарзда яна Путиннинг ўзига қайтарди.

- Давлат раҳбари сифатидаги ишимни якунлар эканман¸ мени ўтган йиллар давомида қўллаганларнинг барчасига раҳмат айтмоқчиман. Мен сизга юксак ишончингиз ва кўрсатган ëрдамингиз учун ташаккур билдираман¸ деган Медведев Путиннинг президентликка қайта келишини олқишлади.

- Мен Владимир Владимирович Путиннинг бугун президентликка қайтганидан хурсандман. У жуда тажрибали ва кучли лидер ва уни мамлакатимизнинг аксар фуқаролари қўллайди¸ деди Медведев.

Аввалги тўрт йиллик муддатларидан фарқли Владимир Путин 2012 йилнинг 7 майидан бошлаб Россия президенти сифатида 6 йил иқтидорда қолади.



Москвадаги мустақил журналистларнинг хабар қилишича¸ Путинни қасамëдга келтириш маросими ўтган кун Москва маркази тўлиғича хавфсизлик кучлари қамалига олинган.

Шаҳар маркази ҳам ердан¸ ҳам ҳаводан тўлиқ назорат қилинган¸ оддий аҳоли Кремлга туташ ҳудудлардан ҳайдаб чиқарилган¸ метронинг марказий бекатлари ëпиб қўйилган.

Айни пайтда¸ 7 май куни Путин мухолифлари норозилик юриши ўтказишга уринди ва бу тадбирни тарқатиш учун кўп сонли хавфсизлик кучлари жалб қилинди.

- Учинчи муддатни қамоқда ўтасин! Учинчи муддатни қамоқда ўтасин! - деган шиорлар билан чиққан аксил-путинчилар¸ хусусан Борис Немцовнинг полиция томонидан қўлга олингани айтилмоқда.

7 май куни Озодлик мухбирлари суҳбатлашган айрим намойишчилар Путинга қарши норозиликнинг бундан сўнг ҳам давом этажагини билдирдилар.

- Биз норозиликни тўхтатмаймиз ва ҳеч қаерга кетмаймиз¸ зотан борадиган жойимиз йўқ. На мен ва ўртоқларимдан бирортаси Россиядан чиқиб кетмоқчи эмасмиз. Бу бизнинг ватанимиз ва биз уни севамиз ва ташлаб кетмаймиз¸ дейди 25 яшар тарихчи Денис Иванов.

58 яшар Сергей Иванов ҳам айни фикрда:

- Мен ўз фикримни билдиришим шарт деб ҳисоблайман. Путиннинг конституцияга қарши тарзда ҳокимиятни қўлга олганига ишонаман¸ дейди компютер муҳандиси бўлган бу Иванов.

Инаугурация арафасида аксилпутинчиларнинг таниқли намояндалари Алексей Навалний ва Сергей Удалцовлар қўлга олинди.

Якшанба куни Москвада “Миллионлар марши” номи остида ўтказилган намойиш чоғида куч ишлатар тузилма ходимлари ва митингчилар ўртасида содир бўлган тўқнашув чоғида, полиция маълумотларига кўра, 450 киши қўлга олинган.

Сўнгги маълумотларга кўра, кечаги намойишда 17 нафар мухолифат фаоли ва 20 нафар полициячи тан жароҳати олган. 6 май куни Москвада бўлиб ўтган тартибсизликлар юзасидан жиноий иш ҳам қўзғатилган.
XS
SM
MD
LG