Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:30

Ўзбекистон режими - Ҳолливуд саҳнасида


Ҳолливуд актëрлари 6 май куни АҚШнинг Санта Моника шаҳридаги Broad Stage Theatre саҳнасида Ислом Каримов режими ва инсон ҳуқуқлари учун курашга оид томоша кўрсатишди.

"Қалб ҳайқириғи: озодлик овозга муҳтож" деб номланган спектакл таниқли Ҳолливуд сценаристи Жонатон Фелдман тарафидан саҳналаштирилди.

Саҳна асари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари шавқатсиз топталиши ҳақидадир.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли, ҳозирда рухий шифохонага ташланган Елена Урлаева ролини Кэролайн Аарон, президент Ислом Каримов ролини эса Рено Вилсон ўйнади.

Мазкур спектакл Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ташаббуси билан саҳналаштирилди.

Ҳолливуд актерларини қандай қилиб бу спектаклга кўндирдингизлар, -деб сўраймиз Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари тадқиқотчиси Стив Свердловдан:

- Аслида бу ғоя уларни ўзларидан чиқди. Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари учун жон куйдирадиган актерлар эди улар. Спектаклни мен ҳам томоша қилдим, жуда таъсирли томоша бўлди. Мен актёрларга Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти номидан гулдаста ва уларни хатини ҳам топширдим, - деди Свердлов.

Театр саҳнасида актëрлар 2011 йилда Ўзбекистондан Human Rights Watch филиалининг чиқариб юборилишини ҳам намойиш қилишди.

- Мен маданият ва санъат дунëни ўзгартириши мумкинлигига ишонадиган одамлар қаторига кираман. 19 асрда АҚШдаги қулчилик ҳақида ëзилган бир қатор китоблар қулчиликка қарши кураш йўлини бошлаб берди, - дейди Стив Свердлов.

6 май куни Ҳолливуд сахнасида намойиш этилган спектакл Ўзбекистон ҳақидаги биринчи саҳна асари бўлди.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти бу саҳна асарининг яқин кунларда DVD дискларга кўчирилиб¸ жамоатчиликка тарқатилишини маълум қилди.

Бош қароргоҳи АҚШ да жойлашган ҲРУ бундан аввал ҳам Америкадаги турли ноҳукумат ташкилотлари билан ҳамкорликда Ўзбекистонда инсон ҳақлари топталиши¸ хусусан болаларнинг мажбуран пахта теримига ҳайдалаëтганига оид театрлаштирилган норозилик тадбирлари ўтказган эди.

ҲРУ ҳамкорлигида Ню Йоркда уюштирилган шундай норозилик тадбирлари оқибатида президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг 2011 йилги Ню Йорк мода ҳафталиги доирасида белгиланган Guli брэнди шоуси расмий дастурдан олиб ташланган эди.
XS
SM
MD
LG