Линклар

logo-print

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти 2012 йилнинг дастлабки тўрт ойи давомида дунё бозоридаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархига оид янги таҳлилий ҳисобот эълон қилди.


Қароргоҳи Римда жойлашган БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳисоботига кўра, 2012 йилнинг март-апрел ойларида дунё бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ўртача 1,4 фоизга арзонлаган.

Халқаро ташкилот ҳисоботида жорий йилда дунё бўйича бошоқли ўсимликлар ҳосили рекорд даражада етиштирилиши кутилаётгани ва ошиб бораётган эҳтиёжни бемалол қондира олиши таъкидланган.

Хусусан, бу йил дунё бўйича буғдой таъминоти етарли бўлиши ва 2012-2013 йилги талабни бемалол қондириши кутилаётгани боис бу маҳсулот нархи кўтарилиши башорат қилинмаган.

Ҳисоботда 2012 йилда, асосан, ривожланаётган давлатларда парранда ва чўчқа гўшти етиштириш бир оз кўпайиши сабабли халқаро бозорда гўшт таъминоти икки фоизга кўпайиб, 302 миллион тоннага етиши қайд этилган.

Айни пайтда, дунё бозорида гўшт нархи рекорд даражага яқин ҳолатда сақланиб қолмоқда. Бунга 2011 йилда чорва моллари орасида касалликлар тарқалгани, қурғоқчилик боис моллар сони камайгани, ем нархи ошгани ва бошқа омиллар сабаб қилиб кўрсатилган. Жорий йилда халқаро бозорда гўшт савдосининг 2,2 фоизга кўпайиб, 29,2 миллион тоннага етиши кутилмоқда.

Жорий йилда дунё бўйича сут ва сут маҳсулотлари етиштириш ҳам 2,7 фоизга кўпайиб, 750 миллион тоннани ташкил этилиши кутилмоқда.

2012 йилда дунёнинг қатор минтақаларида сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўпайиши ва бу асосан Осиё давлатлари ҳиссасига тўғри келиши башорат қилинмоқда.

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик ташкилоти ҳисоботида айтилишича¸ жорий йилда қатор давлатлар, жумладан, Бразилияда шакар ишлаб чиқариш кўпайиши боис дунё бозорида шакар нархи бир оз арзон бўлиши кутилмоқда.

Ташкилот 2011-2012 йилда дунё бўйича 3,7 миллион тонна шакар истеъмол қилинишини башорат қилинган. Бу 2010-2011 йилга нисбатан 2,2 фоизга кўп. Ҳисоботга кўра, таъминот яхшиланиши ва нархлар бир оз пасайиши шакар истеъмоли кўпайишига сабаб бўлиши мумкин.

Жаҳон банки апрел ойи охирида эълон қилган ҳисоботда дунё бўйлаб озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошаётганидан ташвиш билдирилган эди.

Халқаро молия идораси мутахассислари нарх-навонинг ошишини нефтнинг қимматлагани ва об-ҳавонинг ноқулай келгани билан изоҳлаган.

Бироқ Жаҳон банки ҳисоботида 2012 йилнинг серҳосил бўлиши кутилаётгани туфайли озиқ-овқат нархларининг яна пастлаши башорат қилинган.

Жаҳон бўйлаб нарх-наволар ошиши тенденцияси кузатилаётган бўлса, Ўзбекистонда жорий йилда озиқ-овқат нархлари барқарор қолгани айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG