Линклар

logo-print

Андижон Тиббиёт институтининг пахтага чиқмагани учун ўтган йил ўқишдан ҳайдалиб¸ жорий йил март ойида ўз курсига қайта тикланган 12 талабаси билан боғлиқ жараëн ҳақида Озодликка сўзлаган манбалар шуни таъкидламоқда.



Воқеанинг расмий талқини

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг “Ҳуқуқ” газетасида куни-кеча берилган хабарда 2011 йил 7 октябрда институт ректори буйруғи билан талабалар сафидан четлатилган А.Исаков, Д.Мирзаев, А.Ҳакимов, А.Ҳошимов, Ғ.Ҳайдаров, И.Ледяева, Д.Баротов, З.Султонов, Л.Исаев, У.Қўчқоров, Ж.Камолов ва Б.Исомиддиновларнинг ўқишга тиклангани маълум қилинган эди.

Хабарда Андижон Давлат Тиббиёт институтида меъёрий ҳужжатлар ижроси ўрганилганда қатор қонунбузарликлар, жумладан, талабаларни асоссиз равишда ўқишдан четлатиш ҳолати аниқлангани, бу ҳол прокуратура томонидан “фуқароларнинг Конституциявий ҳуқуқлари бузилиши”, дея баҳолагани айтилган эди.


Норасмий талқин

Бу воқеани ўрганиш жараëнида Озодлик мухбири талабаларнинг институтга қайтарилиши ортида бошқа сабаблар борлигидан хабар топди.

Жумладан, Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда институтнинг 6-курсида таҳсил оладиган талабаларидан бири ўқишга тикланган талабаларнинг "конституцион ҳақлари тикланиши" ортидаги асл сабаб¸ Тошкентдаги нуфузли танишлари эканини иддао қилди:

- Ўқишга тикланганлардан икки нафарини мен яқиндан танийман. Улар ҳар йили пахтага ё чиқмайди, ё пахтадан қочади. Шу вақтгача ҳайдалмас эди. Бир йил олдин ишга янги тайинланган ректоримиз Алишер Қаюмович (Шодмонов) буни оғир олди ва 6-курсдан биттани, 5-курсдан 5-6 та болани ҳайдади, менимча. Лекин, шу болалар бирданига ўқишга тикланди ва бизнинг билишимизча, уларни таниш-билишлари тиклади, деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка сўзлаган талаба.

Бу талаба пахтага чиқмади, деб ҳайдалган ва кейинчалик ўқишга тикланганлар орасида 5-курсда ўқийдиган Инна Ледяева, Дониёр Баротов, Заҳириддин Султонов ва 6-курсда ўқийдиган Акмал Ҳакимовларни шахсан танишини айтди.

- Булар ўша 2011 йилда пахта сезонида ўқишдан ҳайдалган эди. Бир ойча бўлди ўқишга тикланишди ва тикланганда ҳам ўзининг курсига тикланди. Одатда, талабалар пахтани деб ҳайдалганда бир курс пастга тикланади. Булар ҳаммаси ўзига тўқ оилаларнинг болалари, дейди ўз хавфсизлиги боис исми келтирилишини истамаган талаба.

Андижон Давлат Тиббиёт институтининг 6-курсида таҳсил оладиган яна бир талаба эса бу йигитларнинг ўқишга тикланиш сабабидан хабардор экани ва бунинг жуда оддий ҳол эканини сўзлади.

- Бу йигитларнинг тўрттасини мен яхши танийман. Уларни аввалги ректоримиз Мамазоир Хўжамбердиев ўқишга киргизган. Ҳозир у киши Сенатор. Булар ўқишдан қувилганидан кейин тўғри у кишига боришган. У киши битта телефон билан ҳал қилди ишни, деб айтишди бизга. Шунинг учун бу йигитлар ўз курсига қайта тикланди. Газеталарда нималар ёзганини биз билмаймиз, бизнинг билганимиз шу, дейди Андижон Тиббиёт институтининг 6-курсида ўқиётган яна бир талаба.

Ҳар икки талабанинг таъкидлашича¸ улар ўқиëтган олийгоҳда йилига камида 4-5 нафар талаба пахтага чиқмагани учун ўқишдан ҳайдалади.

- Лекин уларнинг ҳаммаси кейинги йили ҳайдалган курсидан ўқишга тикланади. Қандай тикланишини ўзлари яхши билади. Лекин пахтага чиқмагани учун ўқишдан ҳайдалгани ноҳақ бўлган, деб тикланишига кўзим етмайди. Просто, бу болалар бир йиллик контрактига куяди, шу, дейди АнДМИнинг 6-курсида ўқиётган талаба.

Озодлик мухбирининг Сенатор Хўжамбердиев кўмагида ўқишга қайта тиклангани айтилган талабаларнинг ўзи билан боғланиш уринишлари натижа бермади.

Айни пайтда Андижон Тиббиёт институти раҳбарияти ҳам бу борада аниқ жавоб беришдан тийилмоқда.


Ректор ҳукумат қарорига таянди¸ аммо

Маълумотларга кўра, Андижон Давлат Тиббиёт институти ректори аслида 12 талабани Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг “Талабалар кузги дала амалиётини ташкил этиш тўғрисида”ги 324-сонли буйруғи асосида ўқишдан ҳайдаган.

"Ҳуқуқ" газетасига кўра¸ 2012 йил март ойидан талабалар ўқишга тиклангач, институтнинг Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Мадаминжон Мадазимов, Даволаш факультети декани Ҳусанбой Мусашайхов ва Педиатрия факультети декани Абдураим Арзиқуловларга ҳайфсан эълон қилинган.

Мазкур воқеа тафсилотларини ўрганиш жараëнида Озодлик мухбири ҳайфсан олгани айтилаётган проректор билан боғланди, лекин профессор Мадазимов бу мавзуда суҳбатлашишдан бош тортди.

Эндиликда Озодлик билан сўзлашган талабалардан бирига кўра, Даволаш факультети декани Ҳусанбой Ғаниевич Мусашайхов талабалар ўқишга тикланганидан буён институтда кўринмапяти¸ аммо ректор Алишер Шодмонов ўз иш ўрнида.

Ўзбекистонда Олий таълим вазирлигининг 2009 йил 19 сентябрдаги 324-сонли буйруғи асосида пахта терими талабалар учун мажбурий малакавий амалиëтга тенглаштирилган. Пахта теримидан бош тортган талаба малакавий амалиётдан ўтмаган ҳисобланади ва шу асосда ўқишдан ҳайдалиши мумкин.

Озодлик мухбири андижонлик бир неча талабанинг ўқишга тикланишидаги иштироки хусусида олинган норасмий маълумотларга аниқлик киритишини сўраб, Андижон Давлат Тиббиёт институнинг собиқ ректори¸ ҳозирда Ўзбекистон Сенатининг Илм-фан, таълим, маданият ва спорт қўмитаси раиси Мамазоир Хўжамбердиев қабулхонаси билан ҳам боғланди.

Аммо Сенатор билан суҳбатлашиш имкони топилмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG