Линклар

logo-print

Россияда норозилик акциялари бостирилди


6 май кунги норозилик махсус полиция кучлари томонидан шавқатсизларча бостирилди.

6 май кунги норозилик махсус полиция кучлари томонидан шавқатсизларча бостирилди.

Владимир Путин инагурациясидан бир кун олдин Россия мухолифати мамлакат бўйлаб “Миллионлар марши” ўтказди. Акция иштирокчилари Путиннинг Кремлга қайтиб келишига норозилик билдирди.


Мухолифатнинг 6 май соат 15:00 га белгиланган оммавий “Миллионлар марши” Калужская майдонида ўрнатилган металлодетекторлар ёнидаги оммавий тиқилинчдан бошланди ва полиция билан оммавий тўқнашувлар билан якунланди.

Олдинги декабр, январ ва феврал ойларидаги норозилик чиқишлардан фарқли ўлароқ, 6 майда Болотная майдонида ўтказилиши режалаштирилган акция бошланмасдан ўз якунига етди: мухолифат лидерларидан бири Сергей Удалцов “кескин ҳаракатлар вақти етиб келгани” ва мухолифатнинг олдинги талаблари бажарилмагунига қадар улар тарқамасликларини маълум қилди.

- Владимир Путин инагурацияси арафасида биз kўчага чиқиб “Бизга нолегитим ҳокимият керак эмас! Бизга Россияни яна 6 йил талон-тарож қиладиган ҳукумат керак эмас!” демоқчимиз. Биз декабрда, февралда, мартда чиқиб талаб қўйган эдик. Ҳокимият бизнинг талабларимизни инкор этиб юзимизга тупурди, қалбаки сайловлар ўтказди, амалда бирорта сиёсий ислоҳот ўтказмади. Биз талаб қилишни давом этамиз, деди Озодлик мухбирига “Сўл фронт” етакчиси Сергей Удалцов.

Юриш иштирокчилари “Россия Путинсиз!”, “Учинчи муддат – қамоққа!”, “Путин-лижа-Магадан!”, деб бақирди.



Юришда мухолифат етакчилари Григорий Явлинский, Михаил Касянов, Сергей Митрохин, Борис Немцов, жамоатчилик фаоли Евгения Чирикова, ёзувчи Дмитрий Биков ва бошқалар иштирок этди.

Ички ишлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра, оммавий акцияга 8000 одам йиғилган. Аммо марш ташкилотчилари Москва марказида 50 мингдан зиёд одам тўпланганини айтмоқда. Аввалига шаҳар мэрияси акцияга рухсат беришни охирги кунгача чўзди, кейин 6 майда Поклонная майдонида Путин тарафдорларининг намойиши бўлиб ўтишини эълон қилди.

Аксилпутинчилар билан хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувлар Болотнаяга ўтиб кетаётганларни майдонда бошқа жой қолмагани иддаоси билан полиция тўхтатишни бошлаганидан кейин содир бўлгани хабар қилинмоқда. Митинг ташкилотчилари, жумладан Алексей Навалний, Борис Немцов ва Сергей Удалцовлар бунга жавобан йиғилганларни ўтириб норозиликни давом этиришга чақирди.

Ўз ўрнида полиция тадбир якунига етганини эълон қилди ва одамларни Болотная майдонидан сиқиб чиқара бошлади. Мухолифат етакчилари ҳибсга олинди.

Бу сафар ОМОН қўшинлари кескин ҳаракат қилиб¸ митинг иштирокчиларига қарши резина таёқлари, кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди. Полиция хабарига кўра, 6 май куни полиция ва митинг иштирокчилари ўртасида бўлиб ўтган тўқнашувлар давомида 30 нафар полициячи ва 47 нафар намойишчи жароҳат олган.

Митингни тарқатиш давомида ҳибсга олинган Борис Немцов Озодликка телефон орқали берган интервьюсида ОМОН мухолифат лидерларини кафега бостириб кириб ушлаб кетганини гапиради.

- Бизга нисбатан кескин ҳаракат қилинди. Шахсан мени дубинкалар билан уришди, майкаларимни йиртиб юборишди. Бу ерда ўтирган йигитларни ҳам худди шундай ушлашди. Мен ўзим “Жан-Жак” кафесида ўтирган эдим. Жазаваси тутган ОМОН кафеда кофе ичиб ўтирган одамларни ушлаб автозакларга тиқишни бошлади. Бу одамлар орасида митингга мутлақо алоқаси йўқлар ҳам бор эди. Менимча, полиция қўрқоқ “инагуратор” Путиннинг ҳаммани ушлаш тўғрисида берган буйруғини бажарди, дейди Немцов.



Москва полицияси Болотнаядан ташқари шаҳарнинг бошқа бир нечта жойида Путин ҳокимиятига қарши норозилик намойишлари олдини олди.

Намойиш давомида бир одамнинг ҳалок бўлгани хабар қилинди.

“Миллионлар марши”ни тепаликдан фотога олиш ниятида Якиманка кўчасидаги уйларнинг ёнғинга қарши нарвонига чиққан удмуртиялик Кирилл исмли блоггер 5 қават тепалигидан тушиб кетиб ҳалок бўлди. 25 яшар бу йигит бирор оммавий ахборот воситасига ишламаган, шунчаки фотосуратларни ўзининг LiveJournal даги саҳифасида чоп этиб юрган.

“Миллионлар марши” Россиянинг Владивосток, Петербург, Уфа, Томск, Кемерово, Новосибирск, Челябинск ва бошқа шаҳарларида ўтказилди. Бу шаҳарларда ҳам полиция томонидан мухолифат вакиллари қўлга олингани тўғрисида хабар қилинмоқда.



Айтиш жоизки, бундан бир мунча вақт олдинроқ, эндиликда собиқ президент Дмитрий Медведев таклифи билан Россияда 10 кунлик Янги йил дам олиш кунлари қисқартирилди. Бу йил россияликларга 6 майдан 9 майгача дам олиш эълон қилинди.

Кузатувчилар бу усул ёрдамида ҳукумат 6-7 май кунларига Москва ва Россиянинг бошқа шаҳарларида уюштирилиши кутилаётган мухолифат кучларининг норозилик акциялари ҳовурини пасайтиришни режалаганини гапирмоқда.

Шунингдек, 6-7 май кунлари мухолифатнинг норозилик акциялари трансляцияси билан шуғулланган қатор Интернет сайтларига оммавий ҳужумлар уюштирилиши ва Твиттерда спам-ботлар билан бостирилиши кузатилди.
XS
SM
MD
LG