Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:58

"Чинни бозор" иши бўйича яна бир неча амалдор ҳибсга олинди


Бу ҳақда Озодликка сўзлаган даъвогарлар амалдорлар жазоланиши билан бирга ўз ҳақларининг тўлиқ ундирилишини ҳам сўрамоқда.


Тошкент вилоят прокуратурасида “Чинни бозор”даги дўконларни қуриш чоғидаги қонунбузарликлар аниқланиши ортидан яна бир неча амалдор ҳибсга олинган ва улар устидан тез кунларда маҳкама бошланиши кутилмоқда.

Ушбу ишда даъвогар сифатида иштирок этган Шоира Содиқбековага кўра, "Чинни бозор" иши ортидан Тошкент вилояти Солиқ бошқармасининг Бозорлар ва савдо комплексларини назорат қилиш бўлими бошлиғи Рустам Турсунбоев ҳам айни дамда ҳибсда сақланмоқда.

Бунга қадар Тошкент вилояти Жиноий ишлар суди ҳукмига биноан, аввалига, “Чинни бозор”даги дўконларни қуриш ишларида прораб бўлиб ишлаган биргина амалдор — Фарҳод Абдураззоқовга 15,5 йиллик қамоқ жазоси берилган эди.

- Ҳозирги кунда бозор раҳбари Раҳим Аҳмедов ва унинг куёвига нисбатан тергов ишлари олиб борилмоқда. Иш яқин кунларда судга чиқиши ҳақида биз даъвогарлага хабар беришди. "Чинни бозор" иши бўйича ҳозир вилоят ва республика солиқ қўмитасининг Бозор ва савдо комплекслари бўйича назорат бўлимларининг раҳбарлари ҳам терговга тортилганини айтишди. Яъни, булар жиноий занжир бўлиб кетганда, дейди Шоира Содиқбекова.

Унинг сўзларига кўра, битта жиноий занжирга тизилаётган мулозимларнинг “ТАТИКО” номли сохта фирма ташкил қилиб, давлат ғазнасидан олинган 4 миллиард сўмнинг ўзлаштиргани аниқлангани биринчи суд ҳукмида кўрсатилган.

Айблов хулосасида судланувчиларнинг “Чинни бозор”даги қурилиш ишлари учун , давлат бюджетидан ажратилган 4 миллиард сўм пулни ўзлаштириб юборгани қайд қилинган.

Тошкент вилояти Солиқ бошқармаси бу жиноятга алоқадорликда айбланаётган Бозорлар ва савдо комплексларини назорат қилиш бўлими бошлиғи Рустам Турсунбоевнинг ҳибсда сақланаётганига оид маълумотларга ойдинлик киритмади.

- Телефонда бунақа маълумотлар берилмаслигини яхши биласизку, деди Озодлик мурожаатига жавобан солиқ бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими.

Аммо ўзаро суҳбатдан аниқ бўлишича, Турсунбоев бундан бир неча ой муқаддам ишдан бўшатилган.

"Чинни бозор" ва Тошкент вилоят солиқ идораси мулозимларига нисбатан давом этаётган бу маҳкамаларни диққат билан кузатаётган тадбиркорлардан яна бири Расулжон ака бу жараённи жуда адолатли, деб баҳолади.

- Ҳақиқатда асос бу ерда. Тўғри қилинган, деб ҳисоблайман. Аслида айби бўлмаса, биров уни ҳибсга ҳам олмасдику. Биздан ҳар куни ҳар хил пул йиғимлари бўлардида. Энди яхши бўлиб қолар¸ балки, дея умид қилади Расул ака.

"Чинни бозор"да савдо қиладиган суҳбатдошларга кўра, яқинда бозор раҳбари вазифасини бажарувчи янги раҳбар ишга тайинланган. Аммо, бозор тадбиркорлари бу киши билан яқиндан танишиш имконига ҳозирча эга бўлмаганини айтмоқда.

- Бироқ, бозорда катта ўзгариш бўлгани йўқ. Паттачилар, қўриқчилар кўринмай қолган эди, яна пайдо бўлиб қолишди. Олдингидай пул йиғимлари ҳам давом этаяпти. Шу ҳозирча, ишимиз нормал, дейди Расул ака.

Аммо ўғли "Чинни бозор" да тадбиркорлик қилган¸ ўзи эса айни бозорда дўконга эга бўлган Шоира Содиқбекова ўзи каби даъвогарларнинг асосий талаби ҳануз тўлиқ қондирилмаганидан норози.

- Суд жараёнидан кейин бизнинг дўкон учун 2008 йилда тўлаганимиз сумманинг ўзини қайтариб берди. У пайтда битта дўкон 24 миллион сўм эди. Лекин, ҳозир бу пулга битта дўкон олишнинг иложи йўқ, қимматлаб кетди. Шуни мен банкдаги ўсиш даражаси билан сўрадим, лекин бермади. Яъни, моддий-маънавий зарар ундирилмади, фақат ўзимиз берган пулни ўша 2008 йилги қийматда ундириб беришди, холос, дейди Шоира Содиқбекова.

Шоира Содиқбекова тўрт хоналик квартирасини сотиб, икки ўғлига “Чинни бозор”дан иккита дўкон сотиб олиш учун бозор маъмуриятига пул тўлагани, бироқ Содиқбековлар оиласига бозордан фақат битта дўкон берилганини айтиб, маҳкамага мурожаат қилган эди.

Эндиликда Содиқбековлар оиласи ўзига етган моддий-маънавий зарарнинг ҳам қопланишини талаб қилмоқда.

Асосан, хўжалик ва маиший техника моллари билан савдо қилинадиган "Чинни бозор" маъмурияти, солиқ инспекцияси ва СЭС ходимларидан иборат жами 20 дан ортиқ шахс коррупция ва давлат мулкини ўзлаштиришга оид 10 га яқин жиноятда айбланиб, шу йилнинг 19 январ куни ҳибсга олинган эди.

2010 йилнинг феврал ойида Тошкентдаги энг катта улгуржи бозорларидан яна бири бўлган “Карвонбозор” маъмурлари ҳам иқтисодий жиноятларда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

Норасмий маълумотларга кўра, “Карвонбозор” раҳбарияти 30 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пулни ўзлаштирганликда айбланган.

Баъзи норасмий манбалар Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудидаги шу каби бозорларда содир бўлган жиноятлар ортидан айни кунларда Республика Давлат Солиқ қўмитасининг Бозор ва савдо комплексларини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи ҳам терговга тортилганини айтмоқда.

Аммо ҳозирча бу хабар расмий тасдиғини топгани йўқ.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:13 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG