Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:46

Хатлон Ўзбеклар жамияти раҳбари калтакланди


Хатлон вилояти Ўзбеклар жамияти раиси Салим Шамсиддинов.
Хатлон вилояти Ўзбеклар жамияти раиси Салим Шамсиддинов.

Тожикистондаги Хатлон вилояти Ўзбеклар жамияти раиси Салим Шамсиддинов номаълум шахслар томонидан калтаклаб кетилишини ўз фаолияти, хусусан Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари шаънига айтган танқидлари билан боғламоқда.

Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда Салим Шамсиддиновнинг ўзи воқеа ўтган шанба куни кундузги соат 2:30 ларда, Қўрғонтепадаги уйи олдида рўй берганини маълум қилди. Шамсиддиновнинг айтишича, уч нафар номаълум шахс темир труба бўлаги билан боши ва оёқларига урган.

Озодлик мухбири Шамсиддиновдан хабар олгани уйига борганида, унинг боши ва оёғидан жиддий жароҳат олганига гувоҳ бўлди. 57 яшар Шамсиддинов ҳужумчиларни танимаслиги, лекин улар ўзини уйи олдида кутиб турганларини таъкидлади. Шамсиддинов шифохонада даволаниш учун қолмаганини у ерда қолиш ҳаёти учун хатарли экани билан тушунтирди.

- Бу ҳужум буюртма бўлган, бунга шубҳам йўқ. Чунки ҳеч ким бекордан бекорга, куппа-кундузи КГБ биноси олдида одамни дўппосламайди. Уч нафар барзанги йигит мени труба билан оёқларим ва бошимга урганини воқеа гувоҳлари кўришди. Мени ўша берган интервьюим учун каттароқ одамлар буюртмасига кўра, калтаклашди, дейди Салим Шамсиддинов Озодликнинг тожик хизмати мухбири билан суҳбатда.

Салим Шамсиддинов боши ва оёқлари жиддий жароҳат олган.
Салим Шамсиддинов боши ва оёқлари жиддий жароҳат олган.
Шамсиддиновнинг сўзларига кўра, уни калтаклашаётган пайтда воқеа жойидан тасодифан ўтиб кетаётган милиция ходими ўзига ёрдамга ошиққан ва ҳужумчилар қочиб қолган.

Хатлон вилояти Ўзбеклар жамияти раиси ҳужумни ўз фаолияти билан боғламоқда. Хусусан, унинг фикрича, бунга Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматига нисбатан билдирган танқидий фикрлари сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Шамсиддинов апрел ойида маҳаллий матбуотда эълон қилган мақоласида икки давлат ўртасидаги муносабатларни “Совуқ уруш” даврига қиёслаб, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни Тожикистонга нисбатан босим сиёсатини ўзгартиришга чақирган эди.

Ўтган ҳафта эса, "Миллат" газетасига берган интервьюсида у Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонни Ўзбекистон билан дипломатик муносабатларнинг боши берк кўчага кириб қолгани сабабчиси сифатида танқид қилди. Жумладан¸ Шамсиддинов Душанбе раҳбари “баъзи миллатчи тарихчилар гапига кириб, расмий Тошкент билан муносабатларни кескинлаштириб, Тожикистон учун муаммолар яратмоқда” қабилидаги фикрларни илгари сурди. Шунингдек, у Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги муаммоларни халқлар эмас, икки президент ўртасидаги муаммолар дея атади.

Айни газетанинг кейинги сонида Тожикистон Республика Ўзбеклар жамияти раиси Муҳаррам Мирзаолимова бу фикрларига раддия эълон қилиб, Шамсиддиновни “одобсизлик”да айблади ва унинг нуқтаи назари Республика Ўзбеклар жамиятига тааллуқли эмас, дея баёнот берди.

Хатлон вилояти Ўзбеклар жамиятига 2004 йилдан бери раҳбарлик қилиб келган Салим Шамсиддинов бир йил аввал Республика Ўзбеклар жамияти раиси муовини вазифасига ҳам тайинланган эди.

Лекин 5 май - айнан у калтакланган куни Республика Ўзбеклар жамияти навбатдан ташқари мажлис ўтказиб, Салим Шамсиддиновни жамият аъзолигидан чиқарди.

Тожикистон Ўзбеклар жамияти раиси Муҳаррам Мирзаолимова Озодлик билан қисқа суҳбатда, Шамсиддиновнинг жамият сафидан айнан у калтакланган кунда чиқарилгани хусусида изоҳ бермади.

Қўрғонтепа шаҳар ички ишлар бўлими Салим Шамсиддиновнинг калтаклангани юзасидан суриштирув бошланганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG