Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:32

Оилангиз бир ҳафтада қанча гўшт ейди?


Марғилон бозорининг гўшт сотиладиган қисми, 2012 йил 31 март.
Марғилон бозорининг гўшт сотиладиган қисми, 2012 йил 31 март.

Дунё бўйича гўштга талаб ортиб бормоқда. Британияда чиқадиган The Economist журнали маълумотига кўра, 50 йил олдин дунё аҳолиси йилига 70 миллион тонна гўшт истеъмол қилган. 2007 йилга келиб бу кўрсаткич 268 миллион тоннага етган.


1961 йилда дунёдаги ҳар бир одам йилига 22 килограмм гўшт истеъмол қилган бўлса, 2007 йилга келиб бу рақам 40 килограмм ташкил этган.

The Economist журнали дунёнинг 177 давлатида қанча гўшт истеъмол қилиниши ҳақидаги рўйхатни эълон қилди. Унда биринчи ўринни Люксембург эгаллаган. Журнал маълумотига кўра, бу давлатнинг ҳар бир фуқароси йилига 136,5 кг гўштни паққос туширар экан.

Рўйхатда охирги ўринни эгаллаган Ҳиндистонда бир киши йилига 3,2 килограмм гўшт истеъмол қилар экан.

Ўзбекистон 177та давлат ичида 120-ўринга қўйилган. The Economist журнали маълумотига кўра, Ўзбекистонда ҳар бир одам бир йилда 25,8 килограмм гўшт истеъмол қилар экан.

Ҳафта саволи рукнининг бугунги сонида респондентларга “Оилангиз бир ҳафтада қанча гўшт ейди?” деган савол билан мурожаат қилдик.


Убайдулла ака, Самарқанд, пенсионер:

- Оилада биз тўрт кишимиз. Бир ўғлим армияда, биттаси ўқишда. Икки кишида бизлар, озчиликмиз. Бир кило, бир ярим кило гўшт еймиз. Мол гўшти 15 минг сўмга чиқиб кетди. 15 кунлардан зиëдроқ бўлди-да, аввал 12-13 минг эди. 15 мингга чиқиб кетди яна. Сабаби мол боқиш озуқаси қиммат бўлиб кетди. Мол боқишлар кам бўлаяпти. Бозорларга тушадиган моллар қиммат нархда. Битта молни сўйиб чиқса, обедгача икки-уч соатда тугатаяпти. Чунки мол гўшти кўп чиқса, арзон бўлади. Оз чиқаяпти бозорга гўшт. Шунинг учун қиммат бўлиб кетди. Ким қанча гўшт ейиши ҳолига яраша-да. Масалан, пули бор кўпроқ истеъмол қилади. Пули йўқлар озроқ. Ҳафтада 200 грамм, ярим кило гўшт емайдиганлар ҳам бор. Ҳамма баробар эмас-да. Олдин икки-уч килолаб олардик. Ҳозир 1-1,5 кило олаяпмиз. 15 минг сўмлик гўшт олганингиздан кейин бу ëғи етмайди. Битта гўшт билан битмайди-ку. Сабзиси бор, картошкаси бор, пиëзи бор, бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари бор.

Эргаш ака, Қорақалпоғистон, тижоратчи:

- Оиламизда 15 киши бор. Ҳафтасида 5-6 кило гўшт сотиб оламиз. Бизда асосан мол гўшти ейилади. Қўй гўшти унча кетмайди бизда. Қассоб йигит бор, ҳар 2-3 кунда 2-3 кило гўшт олиб келади. Асосан палов, қовурдоқ еймиз. Агар меҳмон келса, ҳафтасига 3-4 марта палов пиширишга тўғри келади. Бизда бир кило гўшт 12–13 минг сўм. Бир кило гуруч 1800–2000 минг сўмдан. Қозоғистоннинг бир қоп уни 50 минг сўм. Ёмон эмас, яхши. Арзонлади, унлар бир-икки йил бурун 95-100 минг сўм эди, ҳозир 50 минг сўмга тушиб қолди.

Ботир, Қашқадарë, тижоратчи:

- Тўрт кишимиз. Иккита ўғилчам бор. Бир ҳафтага икки кило мол ëки қўй гўшти оламиз. Ҳозир 15 минг мол гўшти, 17 минг қўй гўшти. Олдингидай шароитлар йўқ, ака. Деярли икки йил ишсиз юрдик. Ҳозир энди бир-икки кило олиб турибмиз. Ҳамманинг ҳам ош егиси келади, яхшироқ овқатларни егиси келади. Ҳозир энди шароитимиз унчалик эмас. Олдингидай пулимиз ҳам йўқ.

Иброҳим, Бухоро, ногирон:

- Бизнинг оиламизда, Худо хоҳласа, март ойининг охиридан бошлаб уч киши бўлдик. Ўғилчам туғилди. Оллоҳга беҳисоб шукур. Бизлар, умуман олганда, бир ойда 2,5-3 кило гўшт сотиб оламиз. Шахсан мен гўштсиз овқатни умуман ейишим қийин, масалан. Шунинг учун мен ейдиган овқатда гўшт бўлиши албатта шарт. Шунинг учун, иложи борича, гўштни оиладан узмасликка ҳаракат қиламан. Бизларнинг оиламизда бир ойда 2,5-3 кило атрофида гўшт кетади. Масалан, манти ëки сомса қилинадиган бўлса, тўрт килодан ошиқроқ ҳам кетган ҳолатлари бўлган. Баъзан гўштни кўпроқ харид қилган пайтда барибир гўштга пул сарф қилганда ëки бошқа қилганда оиланинг бошқа бир нималарига қанақадир таъсирини ўтказмай қолмайди.

Баҳригул, Фарғона, уй бекаси:

- Оилада етти кишимиз. Бир ҳафтада ярим кило гўшт еймиз. Овозингизни яxши эшитмаяпман. Қайта қўнғироқ қилинг...

Мухлиса, Тошкент, тадбиркор аëл:

- Оилада уч кишимиз. Эрим, неварам ва мен. Неварам кичкина. Ҳафтасига тахминан 3 кило оламиз. Кўпроқ мол гўшти. Хўжайинимнинг давлениеси бор. Қўй гўшти ея олмайдилар. Ора-орада ўзим учун оламан қўй гўшти. Асосан ейдиганимиз мол гўшти. Гўштдан ташқари, колбаса маҳсулотлари олинади, товуқ олинади табака учун, товуқни мен табакадан бошқага ишлатмайман, лекин кўпчиликка қимматлик қилади. Анча одамни биламан, бир ҳафтада бир кило гўшт ололмайдиган оилалар ҳам бор.

Азиза, Жиззах, ҳамшира:

- Уч киши яшаймиз. Акам, кеннойим ва мен. Кўпроқ мол гўшти еймиз. Ҳафтада бир ярим кило гўшт есак керак. Тўғрисини айтсам, мен ҳисобламайман. Кеннойим овқат пиширадилар. Мен билмайман ...

Насиба, Тошкент, тиббиёт ходими:

- Оилада тўрт кишимиз. Ҳафтасига икки килодан, бир ойда 8-10 кило гўшт сотиб оламиз, запаси билан. Мол, қўй гўшти аралаш еймиз. Ўртада жигар, товуқ гўшти келади. Гоҳида оёқ олиб келишса, холодец қайнатамиз. Ундан ташқари, яна колбаса, сосиска олиб келамиз. Орасида консервалар бўлади. Асосан қовурма овқатлар пиширамиз. Янги гўшт келганда албатта қайнатма шўрва бўлади, шу. Ҳозир гўшт қиммат бўлиб кетди. Лахм гўшт 21 минг килоси. Барибир қиммат. Илгарига нисбатан камроқ сотиб оляпмиз. Илгари холодилникнинг биттасида музлаткич тўла гўшт бўларди. Ҳозир энди имкониятга қараб, 2-3 кило, баъзан 1 кило запас гўт бўлади. Ундан ортиғи бўлмайди. Қиммат бўлгани учун камроқ.

Феруза, Хоразм, талаба:

- Бизда бир кило гўшт 13 минг сўм. Оиламизда олти кишимиз. Бир ҳафтада 2 – 2,5 кило гўшт кетади. Мол гўшти еймиз. Қўй гўшти ҳам бўлаверади, фарқи йўқ. Ҳар хил овқат пиширамиз. Солишимизга қараб кетади. Кўпроқ гўшт солсак, кўп кетади, кам солсак, камроқ кетади.

Муҳтарам тингловчи, Сиз ҳам "Ҳафта саволи"га жавоб ёзмоқчи ёки шу мавзуда маълумот бермоқчи бўлсангиз "Шарҳлар" тугмачасини босиб, фикр-мулоҳазаларингизни ёзиб қолдиришингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG