Линклар

Қозоқ кончилари иш ташлашни тўхтатди


Жезқазғанлик кончилар намойиши, 2012 йилнинг 6 майи.

Жезқазғанлик кончилар намойиши, 2012 йилнинг 6 майи.

“Қазахмис” корпорациясининг “Анненский” кони ишчилари 7 май куни ширкат раҳбариятида ўз талабларини бажариш ваъдасини олгандан сўнг иш ташлашни бас қилди.

Жезқазғандаги “Молодежная газета” муҳаррири Берик Жағипаровнинг Озодлик радиоси қозоқ шўъбасига маълум қилишича, “Қазахмис” корпорацияси бош директори Эдуард Огай иш ташлаган кончилар талаби тўлалигича бажарилишига ваъда берган, шундан сўнг иш ташловчилар кондан чиққанлар.

6 май куни жезқазғанлик кончилар ойлик маошлари 100 фоизга оширилмагунича кондан чиқмаслигини билдиргандилар.

Ўтган шанба куни иш ташлаш эълон “Анненский” кони ишчилари уларга энг кам маош 150 минг танга (1000 АҚШ долларидан кўпроқ – таҳр.) қилиб белгиланиши, бевосита қазиш ишлари билан шуғулланувчи кишиларга эса 350-500 минг танга (тақрибан 2,4 - 3,4 минг АҚШ доллари – таҳр.) ойлик берилишини талаб қилиб чиққандилар.

Бауиржан исмли кончининг айтишича, ўтган кунлар ичида жами 350 киши иш ташлаган. Унга кўра, корпорация вакиллари май ойидан маошни 100 фоизга оширишга ваъда берганлар.

Берик Жағипаров фикрича, “Анненский” конида юзага келган вазият “Қазахмис” корпорацияси раҳбариятини жиддий хавотирга солиб қўйган.

- “Анненский” конида 65-67-конлар кончилари ҳамда “Шарқ ва Ғарб - Жезқазған” кони ишчилари йиғила бошлади. Ширкат раҳбарияти иш ташлаган кончилар сони кўпайиб, беш минг кишига етишидан ташвишга тушиб қолган, - деди жезқазғанлик журналист Берик Жағипаров.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG