Линклар

Ўш воқеаларига бағишланган филм муаллифи, кинорежиссёр Абдулазиз Маҳмудов 8 май куни Тошкент шаҳар Миробод тумани ички ишлар бўлимига чақиртирилди. Терговчилар чақиртирув сабабини режиссёрнинг бир пайтлар мухолифат сафида бўлгани боис махсус рўйхатга тушгани, шунинг учун у билан доимий мулоқотда бўлиш эҳтиёжи билан изоҳлашди. Абдулазиз Маҳмудов суратга олган “Ўтмиш ва келажак оралиғида” номли ҳужжатли фильм шу йил март ойида “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан Ўзбекистон ҳудудида намойиш қилиш тақиқлаб қўйилган эди. Режиссёрнинг айтишича, Миробод тумани ички ишлар бўлими унинг шахси билан қизиқиб қолгани филм билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Абдулазиз Маҳмудов билан, дастлаб куннинг биринчи ярмида, у Миробод туман ички ишлар бўлимига кетаётган пайтда боғландик. Кинорежиссёрнинг айтишича, куни-кеча телефон орқали уни чақиртирган милиция ходими чақиртирув сабабини унинг бир пайтлар мухолифат фаоли бўлгани билан тушунтирган.

- Сабабини сўрасам, “энди сиз мухолифат аъзосисиз, рўйхатимизга тушгансиз, шунинг учун биз рўйхатга тушган одамлар билан доим мулоқотда бўламиз. Шунинг учун келинг, сиз билан мулоқот қилмоқчимиз, гапирадиган гапларимиз бор”, дея жавоб берди.

Абдулазиз Маҳмудов суратга олган “Ўтмиш ва келажак оралиғида” номли ҳужжатли филм 1990 ва 2010 йилда рўй берган Ўш фожиаларига бағишланган. Март ойида “Ўзбеккино” миллий агентлиги эксперт комиссияси ҳужжатли филм ўзбек томошабини учун хос эмаслигини айтиб, Ўзбекистонда уни намойиш қилишни тақиқлаб қўйди.

Ўша кунлари кинорежиссёр Озодлик радиосига берган интервьюсида “Ўзбеккино” миллий агентлиги эксперт комиссияси аъзоларини савиясизлик ва филм моҳиятини тушунмаганликда айблаган эди. Абдулазиз Маҳмудов “филм тақиқланганидан сўнг ҳамда интервью эълон қилингач, Миробод ички ишлар бўлими мен билан қизиқиб қолди”, дейди.

Режиссёр Миробод тумани ички ишлар бошқармасида сўроқ қилинаётган пайтда у киши билан яна боғландик ва телефон гўшагини бу иш билан шуғулланаётган терговчига беришни илтимос қилдик. Ўзини Элбек Ҳайруллаев деб таништирган терговчи бу хусусда изоҳ беришдан бош тортди. “Ҳаммасини Абдулазиз аканинг ўзидан кейинроқ сўраб оласиз”, деди терговчи Ҳайруллаев.

Сўроқдан кейин маълум бўлишича, суҳбат Ўш фожиалари ҳақидаги ўша филмдан бошланган ва шундан кейин 20 йил аввал Абдулазиз Маҳмудовнинг сиёсий айбловлар билан судга тортилгани юзасидан қизиқиш билдирилган.

- Аввал филм ҳақид савол-сўроқ қилишиб, кейин қачон ва нима сбабдан судланганим ҳақида тушунтириш хати ёздиришди. 1993 йилда давлатга қарши фаолиятда айбланиб, судга тортиганман, уч йиллик шартли жазо олганман. Шуни ёзиб бердим. Ўша пайтда мени учётга қўйишган эди, ҳар ойда икки марта ИИВга бориб тушунтириш хати ёзиб қайтар эдим. Энди ҳозир терговчиларнинг айтишяптики, “сен ҳали ҳам ўша учётда турибсан, келиб туришинг керак вақти-вақти билан, қаерда ва нима қилаётганинг ҳақида маълумот бериб туришинг керак дейишмоқда, дейди Абдулазиз Маҳмудов.

У билан бирга сўроқда қатнашган Ўзбекистон эксперт ишчи гуруҳи, ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов режиссёрнинг 1993 йилда чиқарилган уч йиллик шартли жазо юзасидан сўроққа чақиртирилиб, потенциал жиноятчилар рўйхатига киритилиши мантиққа тўғри келмайди, дейди.

- Биз бу ҳақда сўроқ пайтида бир неча марта сўрадик, лекин улар аниқ жавобдан қочишди, дейди Суҳроб Исмоилов.

Маълум бўлишича, сўроқ пайтида терговчилар, гап орасида, Абдулазиз Маҳмудов шахси билан нафақат милиция, бошқа идоралар, хусусан прокуратура ва миллий хавфсизлик хизмати ҳам қизиқиш билдираётганини айтиб ўтган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG