Линклар

logo-print

Қозоғистонда журналистга ҳужум қилганликда гумонланганлар ушланди


Қозоғистонлик журналист Луқпан Ахмедяров.

Қозоғистонлик журналист Луқпан Ахмедяров.

Ғарбий Қозоғистон вилоятининг туманларидан бирида “Уральская неделя” газетасининг мухбири Луқпан Ахмедяровга ҳужум қилганликда гумонланган бир неча киши қўлга олинди.

“Интерфакс-Казахстан” агентлигининг хабар қилишича, гумонланувчиларни махсус топшириқларни бажарувчи гуруҳ ходимлари ушлаган.

- Қўлга олинганлар журналистга буюртма асосида ҳужум қилганларини тан олдилар, жиноят буюртмачисининг кимлиги аниқланмоқда, - дея иқтибос келтиради агентлик ўз манбаси сўзларидан.

Аввал хабар қилганимиздек, шу йилнинг 19 апрел куни Луқпан Ахмедяровга қуролланган шахслар ҳужум қилган, журналист оғир жароҳат билан касалхонага етказилганди.

Полиция ҳужумчилар хатти-ҳаракатини суиқасд ўлароқ баҳолаб, ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғаган ва журналистга ҳужум қилган шахслар ҳақидаги маълумот учун катта миқдорда пул мукофоти ваъда қилганди.

Ахмедяровга қилинган ҳужум катта шов-шувга сабаб бўлди. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар Қозоғистон расмийларини бу борада зудлик билан текширув ўтказиб, жиноятчиларни топиб, уларга тегишли жазо беришга чақирганди.

Қарийб 20 кун муқаддам қуролли ҳужумга учраган ”Уральская неделя” газетаси мухбири Луқпан Ахмедяров ҳозирда ўзини анча яхши ҳис қилаётганини айтмоқда. 5 май куни эрталаб касалхонадан чиққан журналист ўпкаси атрофидаги битмаган жароҳатлар туфайли яна бир муддат ўз уйида тин олишини билдирган.
XS
SM
MD
LG