Линклар

Д. Нўмонова: "Болаларим ИИВ ертўласида!"


Дилбар Нўмонованинг бу рўйхатда суратлари келтирилган ўғли Маҳмуд Суюнов ва куёви Зокир Хисматуллинлар 3 йилдан буён бедарак.

Дилбар Нўмонованинг бу рўйхатда суратлари келтирилган ўғли Маҳмуд Суюнов ва куёви Зокир Хисматуллинлар 3 йилдан буён бедарак.

3 йилдан буён ўғли ва куёви қидирувда, деб эълон қилинган тошкентлик Дилбар Нўмонова Озодлик билан суҳбатда фарзандларининг Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳибсхонасида сақланаётганини иддао қилмоқда.

Аёлнинг сўзларига кўра, 23 ёшли ўғли Маҳмуд Суюнов ва 36 ёшли куёви Зокир Хисматуллинлар 2009 йилнинг 9 августида Учтепа туманидаги хонадонлардан бирига устачилик қилиш учун боришган.

- Ўша куни ремонтни тугатамиз, бугун охирги кун, деб кетишган эди. Кечки соат 5 яримларгача телефони ишлаб турди. Кейин телефонлари узилди. Эрталабгача кутдик келишмади. Кейин 02га телефон қилдик. Иккита милиционер келиб, у ёқ-бу ёққа телефон қилиб, охири Чилонзорда юздан ортиқ одам қўлга олинган, лекин ҳали ҳаммаси рўйхатга олинмаган, деган гапни аниқлаб беришди,- дейди Дилбар Нўмонова.

Бу аёл ўша куниёқ Чилонзор тумани ИИБсига боргани, аммо у ердан ўғли ва куёвининг дарагини тополмагач, йигитлар устачилик қилган Учтепа туманидаги хонадонга борганини айтади.

- Ўша ерда қўшнилар айтишди: иккаласиниям бошига қоп кийдириб, қўлларини орқасига қилиб, машинага солиб олиб кетишди, деб. Кейин улар ремонт қилган уйнинг эгасини топиб, бирга борсак, уйда чироқлар ёниқ, асбоблар сочилиб ётибди, лекин болалар йўқ. Машина ҳам йўқ. Икки-уч кундан кейин машинани милиционерлар олиб келиб беришди. Лекин, ўшандан бери болаларимиз йўқ,- дейди Дилбар Нўмонова.

Унга кўра, 2009 йил августдан буён ўғли Маҳмуд Суюнов ва куёви Зокир Хисматуллинларни сўраб қилган мурожаатларига жавобан ИИБ уларнинг қидирувда эканини айтиб келмоқда.

Уларнинг суратлари эса қидирилаётганлар рўйхатига киритилган. Аммо, аёл буни ёлғон даъво, деб ҳисобламоқда ва бунга бир неча асослари борлигини айтмоқда.

Нўъмонованинг болалари ғойиб бўлган куни - 2009 йилнинг 9 августида Ўзбекистон ИИВнинг Террорга қарши кураш ва коррупция бўлими ходими, подполковник Ҳасан Асадов ўз уйида отиб кетилган. Бундан бир неча кун муқаддам - 31 июлда эса Тошкент имом-хатиби Анвар қори Турсуновга суиқасд уюштирилган эди. Ўша куни кечқурун Чилонзор туманида милиция юздан ортиқ ёш йигитларни ҳибсга олган.

Бундан ташқари, воқеадан бир ҳафта ўтиб, Дилбар Нўмонованинг қизи ҳам Мадина Хисматуллина ҳам ҳибсга олинган.

- Болаларимни йўқ, йўқ, деб ўтириб, ҳокимиятдан келдик, деб, ҳеч қанақа қоғоз кўрсатмасдан, қизимнинг уйини тинтув қилишди. Компютерларни олиб кетишди. Кейин эса қизимни қайсидир бир аёлни ҳақорат қилди, деган сохта сабаб билан 15 суткага ҳибс қилиб, сўроқ-саволлар пайтида фақат болаларимни, айниқса, куёвимни сўрашди. Шу Анвар қори домлага суиқасдда буларам айбдорлиги масаласида сўроқ қилишган,- дейди Дилбар Нўмонова.

Шундан буён орадан 3 йил ўтди ва Нўмонова ўшандан буён болалари бедарак кетганидан хавотирда яшамоқда.

Нўмонова бу орада Мирзо-Улуғбек тумани, Тошкент шаҳри ИИБ ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ, МХХ, прокуратурага такрор-такрор мурожаат қилгани, аммо болаларининг қидирувда эканидан бошқа жавоб ололмаётганини айтмоқда.

- Мен ўртада суриштиртирсам, ўртага тушган одамлар айтишдики, МВДни подвалида ўтиришибди, деб. Булар эса тан олмаяпти. 3 йилдан буён топардида болаларимни. Мен 25 йиллик педагогман. Болаларимни етимликда катта қилганман ва мен террористни тарбия қилганим йўқ. Улар уста эди холос, бегуноҳ. Лекин 3 йилдан буён арзимни тинглайдиган бирор идора топа олмаганим учун ноилож сизларга мурожаат қилдим,- дейди Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида истиқомат қиладиган 57 ёшли ўқитувчи Дилбар Нўмонова.

У 3 йилдан буён қидираётган 23 ёшли ўғли Маҳмуд Суюновнинг маълумоти ўрта, устачилик билан шуғулланиб келган. 36 ёшли куёви, икки фарзанднинг отаси Зокир Хисматуллин ҳам уста.

Онанинг сўзларига кўра, бу йигитлар сўнгги 2 йил ичида биргаликда хусусий уйларда таъмирлаш ишлари билан шуғулланиб, тирикчилик қилишган.

Дилбар Нўмонова фарзандларининг Ўзбекистон ИИВнинг Террорга қарши кураш ва коррупция бўлими ходими, подполковник Ҳасан Асадов ҳамда Тошкент шаҳри имом-хатиби Анвар қори Турсуновга уюштирилган суиқасдга қандайдир алоқаси борлигини мутлақо инкор қилмоқда.

Аммо, бу аёлнинг мурожаати остида 2010 йилдан буён йигитларнинг иши билан шуғулланиб келаётган Ўзбекистон Экспертлар ишчи гуруҳи бу оилага нисбатан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан содир этилган қатор қонунбузарликларни аниқлаганини маълум қилди.

- Бу йигитлар ғойиб бўлганидан сўнг ёлланган адвокатлар, аввалига, уларнинг Тошкент вилояти ИИБнинг тергов изоляторида сақланаётгани, 16 августга учрашув белгиланганини айтган. Лекин 2 кун ўтгандан кейин иккаласи бирдан: "Адашибмиз, булар айни фамилиядаги бошқа одамлар экан", деб айтишган. Умуман, бу ишда қарама-қаршилик жуда кўп. Мисол учун, айрим расмий ҳужжатларда йигитлар 14 июлда, айримларида 29 августда қидирув эълон қилинган. Шунақа қарама-қаршиликлар боис, бу йигитлар ИИБ ёки МХХ қўлида, дея тахмин қилиш мумкин, дейди Ўзбекистон Экспертлар ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов.

Гуруҳ ишни ўрганиш жараёнида бир неча қонунбузарликлар, жумладан: бу йигитларнинг иш жойидан ўғирланиши, яқинларига хабар берилмагани, тушунтириш берилмаган ҳолда қидирувга берилиши, уларга тегишли автомобилнинг ноқонуний равишда олиб қўйилиши, Зокир Хисматуллинга қарашли уч хонали уйнинг мусодара қилиниши, бундан ташқари, Зокир Хисматулиннинг ўзи ва рафиқаси оиласининг 3 йилдан буён ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан муттасил таъқибга олиниши каби ҳолатлар аниқланганини санаб ўтган.

Ташкилот тарқатган баёнотда айтилишича, бу иш 2009 йилда давлат мулозими ва диний уламога нисбатан содир этилган жиноятлар ортидан Ўзбекистон фуқароларига тиркалган сохта жиноий ишлардан биридир.

Дилбар Нўмонова бу ҳолатнинг ҳаммасини тасдиқлар экан, шу кунларда куёвининг номида бўлган Мирзо Улуғбек туманидаги уч хонали уй мусодара қилиб бўлинганини ҳам айтади.

- У ерда қизим 2 та боласи билан, қайнонаси ва қайин акасининг оиласи яшарди. Давлатдан одам келиб, уйни бўшатинг, дебди. Қизим мактаб битгунча яшаб турайлик, деган экан, уйни сотиб олган одам майли, 1 июнгача яшаб туринг, дебди. Куёвим ҳали қидирувда, ҳали у судлангани йўқ, лекин унинг уйини ҳам, машинасини ҳам мусодара қилиб бўлишди,- дейди Дилбар Нўмонова.

Эндиликда бу аёл ягона умиди инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи маҳаллий ва халқаро ташкилотлар, хориж матбуотига мурожаат қилиш орқали ўз арзини дунёга етказиш ва шунинг ортидан нажот топиш эканини айтмоқда.

Шу ўринда Дилбар Нўмонова каби ҳуқуқ-тартибот идоралари қидирувда, деб эълон қилган яқинларининг ҳибсхоналарда қолаётганини даъво қилиб юрган фуқаролар Озодликка бунга қадар ҳам мурожаат қилганини эслатиб ўтиш жоиз.

Бундай фуқаролар яқинларининг ҳибсда эканига оид кўплаб норасмий маълумотлар ва гувоҳлар кўрсатмаларига эга экани, аммо ҳуқуқ-тартибот идоралари буни инобатга олмаслигидан нолийдилар.

Ҳуқуқ фаоллари ва адвокатлар, баъзи ҳолларда, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ноқнуний равишда ўғирлаб кетилган шахсларнинг тергов чоғидаги қийноқлар боис вафот этиши ва буни яшириш мақсадида ИИВ ходимлари уларни қидирувга бериб, ишни бости-бости қилиб юбориши ҳоллари мавжудлигини айтиб келади.

2011 йилнинг 3 ноябрида "Фарғона" нашри "Жаллоднинг пушаймони" номли видеоматериални эълон қилган ва унда ўзини 1963 йилда Жиззахда туғилган¸ тўрт марта судланган Александр Раҳмонов деб таништирган шахс собиқ маҳбуслар ва ҳибсга олинганларнинг яқинлари ҳамда адвокатлари гапириб келган қийноқлар, қотилликларга оид тахминларни тасдиқлаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG