Линклар

АҚШдаги ўзбеклар Шукурдан нега хафа?


Озодбек Назарбеков ва Шукрулло Исроиловнинг АҚШдаги концерти афишаси

Озодбек Назарбеков ва Шукрулло Исроиловнинг АҚШдаги концерти афишаси

Ўзбекистонлик таниқли қизиқчи Шукрулло Исроиловнинг АҚШга концерт сафари чоғида у ердаги ўзбекларга гастарбайтерлар деб мурожаат қилгани мухлисларига бироз оғир ботган кўринади. Интернетда бу юзадан қизиқчи шаънига эътирозлар ёғилмоқда.

Ўзбекистонлик қизиқчи Шукрулло Исроилов ўтган ҳафта таниқли хофиз Озодбек Назарбеков билан АҚШга келганида Ню Йоркнинг Жон Кеннеди аэропортида мухлисларни концертга таклиф қила туриб, уларни "гастарбайтерлар" дея атади ва сўз оҳангида бироз кесатиқ сезилгани Америкада яшаб ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирларга ёқмади чоғи.

“Иш-пишларни йиғиштирингла, Сизлани деб келдик. Иш топилади, пул ҳам топилади, биз топилмаймиз, келинглар концертимизга, ҳурматли гастарбайтерлар”,- деди Шукрулло Исроилов.



Шу ўринда айтиш жоиз, АҚШдаги ўзбекистонликларнинг кўпчилиги у ерга доимий яшаш учун кўчиб кетганлардан иборат.

Биз ким эканлигимизни ва бу ерда нима учун яшаётганимизни одамлар аниқроқ англаб етса яхши бўлар эди, дейди Ню Йоркнинг Beth Israel касалхонасида шифокор бўлиб ишлайдиган Сардор Илхомов.

- Концертига билмасдан бориб қўйибман. Ҳозир борганимга афсусланяпман. Гастарбайтерлар эмиш. Америкада қанақа гастербайтер, дўстим. Биз доктор бўлиб госпиталда ишласак, шунча йил ўқиб, одамларга ёрдам берсак биз гастарбайтер бўлдикми,- дея концертга борганидан афсусланади Сардор.

Гастарбайтер ёмон сўз эмаску

Гастербайтер немисча сўз бўлиб, меҳмон ишчи ёки меҳнат муҳожири маъносини беради. Гастарбайтер ёмон сўз эмаску, дея сўраймиз асли ўзбекистонлик шифокордан.

- Тўғри ёмон сўз эмас. Лекин у сўзни бошқа йўналишда ишлатди-да. Бизга нисбатан ҳунук маънода айтган-да буни, ҳудди биз ердан чиққан қўзиқориндек ҳаммамиз қора ишчи. Ахир уни ўзи гастарбайтер деб атаётган одамларнинг пулини олгани келганку бу ерга,- дейди Сардор Илхомов.

Шукрулло Исроиловнинг Ню Йорк аэропортида айтганлари тушириб олинган видеотасвир Интернетдаги Youtube видеопорталига қўйилган. АҚШдаги ўзбеклар қизиқчидан хафа эканликларини видео остига қўйилган ўнлаб изоҳлардан ҳам пайқаш мумкин.

"Шукур ака, сиз айтаётган ўша гастарбайтерлар нима касб қилишидан қатъий назар нонини ҳалол топаяпти, буни унутманг",- деб изоҳ қолдирган ўзини Наргиз деб таништирган Интернет фойдаланувчи.

Ўзбекистонлик хофиз Озодбек Назарбеков ва қизиқчи Шукрулло Исроиловнинг “Хуш келдингиз” деб номланган концерти 26-29 апрел кунлари АҚШнинг Бруклин, Куинз ва Филаделфия шаҳарларида ўтказилди.

Бруклиндаги “Millenuim Theatre” залида ўтказилган концертга йиғилган томошабинлар сони 300дан ошмаган.

“Назарбековнинг Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройида 15 кун давомида берган концерт дастури мухлислар билан тўлиб тошганди. Ҳатто чипта етмай қолган. Лекин нима учун хонанда Ўзбекистондан АҚШдаги ўзбеклар учун концерт бергани келадию зал тўлмай қолади? Ё бунга қизиқчи Шукрулло Исроиловнинг ўйламай айтган гапи сабаб бўлдимикин?”,- дея хабар берди UzTV New York хусусий канали.

"Шукур акамнинг гапини оғир олишмасин"

Шукрулло Исроиловнинг ўзидан изоҳ олиш учун кун бўйи қўнғироқ қилиб ўзини топа олмадик. Охири, телефон гўшагини Шукрулло Исроиловнинг укаси олди.

- Акмни гапига хафа бўлишмасин. У гапни Шукур акам уларга эмас, Озодга айтганла ҳазиллашиб. Оғир олишмасин. Биза халқимизни яхши кўрамиз, қаерда бўлишидан қатъий назар яхши кўрамиз. Шукур акам ҳам сизлани яхши кўрадила, сизлани яхши кўрганликлари учун Америкага бордила концерт бергани,- деди қизиқчининг укаси.

Шукрулло Исроиловнинг ўзи АҚШдаги концерти арафасида Озодлик мухбири билан суҳбатда:

- Энди биз кўп дунё кезганмиз. Кўп мамлакатларга бордик. Лекин ўзимизнинг Ўзбекистонга тенг келадиган юртнинг ўзи йўқ. Ҳар бир инсоннинг ўзининг туғилган жойи яхши, дейди-ку. Чет элга борсак, узоғи билан бир ҳафтага бўлса, бўлди. Жонга тегади. Одам уйига кетгиси келади. Аввало Ўзбекистонимизга кўз тегмасин. Чет давлатларда юрган юртдошларга ниятимиз соғ-саломат бўлишсин. Ўзбеклигини унитишмасин,- деган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG