Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:49

Ашхободда мусулмон дунёсидаги қочқинлар масаласи муҳокама қилинади


Туркиядаги суриялик қочқинлар лагери, 2012 йил 15 марти.
Туркиядаги суриялик қочқинлар лагери, 2012 йил 15 марти.

Шу йилнинг 10-11 май кунилари Туркманистон пойтахтида “Мусулмон дунёсида қочқинлар” дея номланган халқаро анжуман бўлиб ўтади.

Бу ҳақда БМТ янгиликлар маркази хабар қилди.

Ислом ҳамкорлиги ташкилотига аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари кенгаши ва БМТ қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармаси кўмагида Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан уюштирилаётган мазкур тадбирда ИҲТга аъзо мамлакатлардан 500 киши, халқаро ва минтақавий ташкилотлардан 40 нафар вакил қатнашиши кутилмоқда.

Анжуманда иштирокчилар қочқинларнинг ўз ватанига ихтиёрий равишда қайтиши ва уларнинг реинтеграцияси учун шарт-шароит яратиш масалаларини муҳокама қиладилар.

Тадбир ташкилотчиларига кўра, мазкур муаммонинг долзарблиги шу кунда араб оламидан бўлган қочқинлар сонининг тобора ошиб бораётгани билан ҳам боғлиқ. Дейлик, Сурияда бир йилдан буён давом этаётган тўқнашувлар сабабли бу мамлакатдан қўшни Туркияга 24 мингдан зиёд қочқин бошпана сўраб келган.

Айни муаммо Марказий Осиё минтақаси учун ҳам долзарбдир, чунки минтақа мамлакатларида бугунги кунда аксариятини афғонистонликлар, чеченистонликлар ва хитойлик уйғурлар ташкил қилган 10 минг чоғли қочқин яшайди.

БМТ маълумотларига кўра, Туркманистон пойтахтида ўтказилажак анжуманда Ашхобод декларацияси ва Мусулмон дунёсидаги қочқинлар бўйича ҳаракат режаси қабул қилинади.

Анжуман кун тартибига Туркманистоннинг қочқинлар билан ишлаш соҳасидаги тажрибасига бағишланган алоҳида сессия ўтказилиши ҳам кутилмоқда. Туркманистонликларда бундай тажриба етарли эканини ўтган ҳафта ҳукумат мажлисида сўзлаган президент Бердимуҳаммедов ҳам таъкидлаганди.

- БМТ қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссар дастури Ижроия қўмитасининг доимий аъзоси бўлган Туркманистон қочқинларга ёрдам бериш бўйича конкрет қадамларни амалга ошириб, жаҳон ҳамжамиятининг бу борадаги саъй-кўшишида фаол иштирок этмоқда ва бу соҳада жамланган тажриба билан ўртоқлашишга тайёр, - деганди Бердимуҳаммедов.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили президент Қурбонқули Бердимуҳаммедов фармони билан Туркманистонда яшаётган 3318 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс бу мамлакат фуқаролигини олган.

Айни пайтда кузатувчилар Марказий Осиёнинг энг ёпиқ мамлакатларидан бири бўлган Туркманистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият аянчли эканини, мамлакат эркинликлар борасидаги халқаро рейтингларда мудом энг қуйи ўринларни эгаллаб туришини таъкидлаб келадилар.
XS
SM
MD
LG