Линклар

Москвада Ғалаба паради бўлиб ўтди


9 май паради учун Москва маркази йўловчилар учун тўсиб қўйилди.

9 май паради учун Москва маркази йўловчилар учун тўсиб қўйилди.

Қизил Майдонда ҳарбий парад ўтди

Москва марказида катта тантаналар билан Ғалаба куни паради ўтказилди.

Қизил майдоннинг марказий трибунасида куни кеча қасамёдга келтирилган президент Владимир Путин ҳамда кечагина парламент томонидан Бош вазир этиб тайинланган Дмитрий Медведев, жамоатчилик арбоблари, ветеранлар ва кўп сонли хорижлик меҳмонлар ҳарбий парадни томоша қилди.

Парадда нутқ сўзлаган президент Путин бу Ғалабага ҳисса қўшган ва нацизмни йўқ қилишда иштирок этган мамлакатларга ўз миннатдорчилигини билдирди.

Бу йилги ҳарбий парад ҳам одатдагидек Россия ҳарбий қудрати намойиш қилиш учун яна бир баҳона бўлди.

Парадда энг замонавий ҳарбий техника ва 14 минг пиёда аскарлар иштирок этди. 2011 йилда Ғалаба парадида 106 дона ҳарбий техника ўтган бўлса, бу йил Қизил Майдондан 100 донага яқин зирҳли машина, танк, ракета комплекслари, қитаъалараро баллистик ракеталар ва бошқа оғир ҳарбий техника ўтди.

Ҳарбий қисмлар ва техниканинг майдондан ўтишини кўп сонли ҳарбий оркестр мусиқа билан таъминлаб турди.

Тантаналар осмонда байроқлар осилган вертолётлар ўтиши билан якунланди.
Буларнинг барчаси талайгина мушкулликлар билан юзма-юз бўлаётган мамлакатнинг ҳарбий қудратини намойиш этиш мақсадида қилинганди.

Москвадаги параднинг ўтказилиши яхши об-ҳаво шароитларини таъминлаш мақсадида Россия Ҳарбий-ҳаво кучлари авиацияси 10 та АН-12 ва АН-26 учоқлари осмонга махсус реагентлар сепиб, булутларни тарқатди.

Россия Мудофаа вазирлиги тарқатган хабарга кўра, 9 май куни Москванинг 14 жойида тантанали 30 карра артиллерия салюти отилади.



Шаҳар маркази москваликлар учун яна ёпилди

Байрам танталанари ўтказилаётган бир пайтда Россия пойтахти маркази оддий йўловчи ва шаҳар транспорти ҳаракати учун яна ёпилди.

Оғир ҳарбий техника ва 14 минг аскарнинг Қизил Майдондаги ҳарбий парад репетициясига ўтишини таъминлаш учун бу йил 26 апрел, 1 май, 3 май ва 6 май кунлари кечки пайт Москва маркази тўлиқ ҳаракат учун ёпилгани москваликлар ва кўп сонли шаҳар меҳмонларининг норозилигини келтириб чиқарди.

Россиялик таниқли блогер Рустем Адагамов парад ва байрамнинг зарурлигини инкор этмасдан, уни ўтказиш тартиб-қоидаларидан норози эканини айтади.

- Ҳар сафар шаҳарнинг маркази кечки 6 га ёпилади ва парад репетицияси давомида одамлар тасаввур қилиб бўлмайдиган тиқинлар ва пробкаларда ўтиришга мажбур. Шунинг учун уларнинг бу парадга ижобий қарашлари мумкинлигига ишониш қийин. Аксинча, одамларда салбий муносабат яратиляпти. Нима учун соат 6 да кўчаларни ёпиб одамларнинг ғазабини қўзитиш керак?- дейди Озодлик Радиосига шаҳарликлар кайфиятини акс эттиришга уринган блогер Адагамов.

Москваликлар собиқ Совет даврида бунданда ҳашаматлироқ парадлар ўтказилгани, лекин шаҳар тўсилмаганини яхши эслашади.

Парадни кузатиб бораётган яна бир москвалик Кирилл Александров бундай дабдабали маросимларга сарфланаётган маблағлар ветеранларга берилса фойдалироқ бўлишини айтади.

- Парадлар ветеранларга керак эмас. Бундай тадбирлар режим учун муҳим тарғибот-ташвиқотчилик ролини, мафкуравий мансубликни белгилаш вазифасини бажариб келмоқда. Мен парадларга қарши эмасман, лекин бизда парад ғалати кўринишга эга. ХХ асрнинг иккинчи ярмида ғалаба қозонган Қизил Армия ветеранлари қашшоқ ва вайрона мамлакатда яшаб келдилар, урушни ютказган вермахт солдатларининг турмуш тарзи билан солиштиришни ҳам истамайман. Жуда бўлмаганда, Ғалаба тантаналарида аксил-гитлерчи коалицияси вакиллари ҳам парадда иштирок этса мазмунлироқ бўларди, дея ўз фикрини билдирди москвалик Кирилл Александров.

Унинг сўзларига қўшимча тарзда, Москва ҳукуматининг расмий маълумотига кўра, байрам юришларига давлат бюджетидан 100 миллион рубл (3 миллион АҚШ доллари), булутларни тарқатишга эса 64 миллион рубл (2 миллион АҚШ доллари) ажратилганини айтса бўлади.

9 май Ғалаба кунини Россияда яшаб меҳнат қилаётган саноқсиз ўзбек меҳнат муҳожирлари ҳам нишонламоқда. Бу кун фаррош, таксичи ва коммунал хизматчиларидан ташқари мардикорларнинг аксариятига дам олиш кунлари берилган.

Бир неча йилдан буён Ғалаба парадига чиқишини айтган андижонлик Алишер, москваликлардан фарқли ўлароқ, бу кунда ўтказиладиган парад ва тантаналар ўта муҳим, деб ҳисоблайди.

- Бўлгани яхши, ака. Қанчалик қийинчилик билан бўлган бу! Бизда ҳам намоз ўқиганда ҳамма жойлар ёпилиб кетадику. У ҳам, бу ҳам байрам-да. Чакана қийинчиликлар билан бўлганми бу жанглар, почти 50 миллион одам ўлган бу урушда. Айрим ўрислар ахмоқлик қилиб нацистлик қилиб, Гитлерни расмини чиқариб юрибди. Бизда, Ўзбекистонда эса мотам байрами қилиб қўйди. Ҳа, бу ҳақиқатан ғалаба ҳисоблангандан кейин ғалаба нишонлансин, бизда эса мотам. Немислар мотам қилса ярашади!– дейди Москванинг ёпиқ кўчаларидан ўтаётган техникани томоша қилаётган андижонлик Алишер.

Айни пайтда, Россия пойтахтида мухолифат кучларининг норозилик акциялари давом этмоқда.

Москва полицияси мухолифатнинг пойтахт марказидаги Баррикадная метро бекати яқинида уюштирган “халқ сайли”ни тарқатиб юборди ва қатор мухолифат фаолларини яна қўлга олди.



XS
SM
MD
LG