Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:49

Китоб иқтисодиёт коллежида маош жанжали давом этмоқда


Айни дамда коллежда ишлаётган ўқитувчи бу мавзу Озодликда кўтарилганидан сўнг ўзига нисбатан раҳбарият томонидан босим бўлаётганини айтмоқда.

Китоб иқтисодиёт коллежида ўнлаб ўқитувчига ойлик берилмагани ва ўз ҳаққини талаб қилгани боис ўндан ортиқ ўқитувчининг ишдан бўшатилгани ҳақидаги мурожаатлар асосида ҳозирланган хабар 30 апрел куни Озодлик орқали тарқатилганидан сўнг ушбу коллежда ишлаётган ўқитувчилар ва уларнинг яқинларидан яна таҳририятга такрор мурожаатлар бўлмоқда.

Пластик карточкасини бермаганга ойлик йўқ

Ушбу коллежда айни дамда ишлаб турган ва исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган ўқитувчига кўра, мавзу Озодликда ёритилганидан сўнг коллеж директорининг ўқув ишлар бўйича ўринбосари унга босим қила бошлаган.

- Директор ўринбосари Соҳибова Раҳима опа ўтган душанба куни: "Бу ёққа олиб кел телефонингни", деди. Берганимдан кейин ичидаги номерларни текшириб, кимлар билан гаплашиб юрибди бу, деган гаплар бўлди. Олдига чақириб қаерга бораяпсан, нима ишлар қилиб юрибсан, деб сўраяпти. Шундан кейин мени кузатувига олган,- дейди Китоб иқтисодиёт коллежининг ўқитувчиси.

Унинг иддао қилишича, Озодликда ёритилган маош можароси ҳануз давом этмоқда. Ҳозир ҳам коллежда ўндан ортиқ ўқитувчига бир неча ойдан буён маош берилмаган.

- 5 ойдан бери ойлик олмаган эдик. Эндигина мана икки ойга 100 минг сўмдан 200 минг сўм пул тушибди. Мен нега ойлик чиқмаганини сўраб, директорнинг ёнига кирганимда: "Пластик карточкангни менга бермаганинг учун", деб жавоб берган эди. Мен пластигимни бермаган эдим. Ўзи бир ойлик маошим 208 минг сўм. Шундан 100 минг сўмдан икки марта икки ой ичида пул ташлабди,- дейди коллеж ўқитувчиси.

Исми сир қолишини сўраган бу ўқитувчига кўра, ойлик маошнинг кечиктирилиб, шунда ҳам ярми берилганига коллеж маъмуриятидан шундай жавоб олган:

- Пластик карточкангни бизга бермадинг, деган гапларни қилишади. Кейин топиб олган гапи: Сенга кўп дарс ёзиб юборганмиз, аввалги ойликлар ҳисобидан кўп пул бериб юборилган, деган сабабларни айтишади,- дейди ўқитувчи бу каби сабабларнинг мазмунини тушунмаслигини айтиб.

Биринчи марта эмас

Озодликка аввал қўнғироқ қилган бир неча собиқ ўқитувчилар ҳам шу каби муаммоларни тилга олган ва ўз ойлик маошини талаб қилганида раҳбарият турли важлар билан уларни ишдан бўшатиб юборганини даъво қилган эди.

Жумладан, 2011 йилнинг апрел ойида ишдан ноҳақ бўшатилганини айтган 26 яшар ўқитувчи Лобар Ҳусанова унга 900 минг сўмдан ортиқроқ миқдордаги иш ҳақи берилмаганини даъво қилган эди.

- Менга 940 мингмиди, шунақа миқдорда эдида ойлигим. Беринг дедим, лекин бермади. Китоб тумани бўйича кўп жойга мурожаат қилдик. Прокуратура, МХХга бордик. Бизни ҳеч қаерда тинглашмади,- дейди Лобар Ҳусанова.

Ушбу коллежда Ахброт-технологиялари ресурс маркази раҳбари бўлиб ишлаган собиқ ходим, 49 ёшли Гулчучук Тиллаева эса ойлар давомида ололмаган маошини ишдан ноҳақ бўшатилганидан сўнг ундиришга муваффақ бўлганини айтган эди.

Гулчучук Тиллаева ва Лобар Ҳусановалар Китоб Иқтисодиёт коллежида ўқитувчиларнинг маоши раҳбарият томонидан ўзлаштирилаётгани ҳоллари ҳозир ҳам давом этаётганини сўзлаган эди.

Бўлмаган гап?

Бу ҳолатларни 9 май куни Озодликка тасдиқлаган ўқитувчининг даъволари ортидан номи тилга олинган мутасадди - коллеж раҳбарининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Раҳима Соҳибова билан боғланди.

У киши айни пайтда ишлаб турган ва муқаддам ишлаб турган ўқитувчилар томонидан илгари сурилган даъволарнинг ҳаммасини мутлақ инкор қилди.

"Бўлмаган гап, ҳеч кимга босим қилганим йўқ. Ҳеч кимнинг ойлиги кечиккани йўқ. ҳамманинг пластик карточкаси ўз қўлида. Бунинг ҳаммаси бўлмаган гап", дея ўзаро суҳбатда қатъий равишда таъкидлаган Раҳима Соҳибова мавзу хусусида интервю беришдан бош тортди.

Озодликка маълум бўлишича, Китоб иқтисодиёт коллежи раҳбарияти томонидан ўқитувчиларнинг маоши берилмагани, пластик карточкаларининг ноқонуний равишда йиғиб олиниши борасида 20га яқин ўқитувчи томонидан Китоб, Шаҳрисабз туманлари суди, прокуратураси, МХХга кўп бор мурожаатлар бўлган.

Бунга оид ишлар Китоб ва Шаҳрисабз туман судларида кўриб чиқилган. Муқаддам ушбу коллеждаги раҳбар лавозимлардан бирида ишлаган ва исми ошкор этилмаслигини сўраган яна бир ходимга кўра, маҳкама жараёнида раҳбарият томонидан 30 миллион сўмга яқин миқдорда камомадга йўл қўйилгани аниқланган.

- Ўша асосда Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман суди қарори билан коллежнинг директори Шаҳодат Худойқулова ишдан бўшатилган эди. Лекин, бу аёл ўша вақтда ўзининг касаллик варақасида бўлганини даъво қилиб вазирликка борган ва вазирлик жойлашган Тошкент шаҳар Шайҳонтоҳур туман судига мурожаат қилган эди. Суд у кишининг даъвосини қондириб, ишга тиклаган эди,- деди коллежнинг собиқ мутасаддиларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Камомад бўлган

Бу манбага кўра, суд томонидан аниқланган ва тасдиқланган 30 миллион сўмлик камомад учун жавобгар коллеж ҳисобчиси, деб топилган ва у ишдан бўшатиб юборилган.

Ўша камомаднинг ичида 900 минг сўмдан 1 миллион 400 мингга қадар маоши бўлган собиқ ўқитувчилар эса ҳануз ҳаққини ундира олмай юрганини айтмоқда.

Ушбу коллежда ўқитувчилик қилган ўғлининг ҳаққи учун курашаётганини айтган яна бир тингловчи шу ҳолатларни тилга олган эди.

- Менинг ўғлимга 1 миллион 400 минг ойликни бермаган. Ҳозиргача ишсиз юрибди. У 3 йил ишлаган, олий маълумотли эди. Булар 15 киши бўлиб, прокуратура, судга мурожаат қилишди, уларнинг арзини ҳеч ким тингламади,- деди исми сир қолиши шарти билан сўзлаган яна бир суҳбатдош.

Озодлик мухбири Китоб тумани Иқтисодиёт коллежи раҳбарияти устидан Озодликка кетма-кет бўлган мурожаатлар ортидан коллеж раҳбари Шаҳодат Худойқуловага мурожаат қилган.

Озодликка интервю беришдан бош тортган Худойқулова ҳам мухбир билан ўзаро суҳбатда собиқ ўқитувчилардан тушган шикоятлардаги айбловларни тўлиқ инкор қилган.

Коллеж раҳбариятидан аниқ жавоб олишнинг имкони бўлмагач Озодлик мухбири Қашқадараё вилояти Касб-ҳунар таълим бошқармасига ҳам мурожаат қилди.

Бошқарма мутасаддиси Зафар Қобилов бу можародан хабардор экани, ўтган йили ўқитувчиларнинг мурожаати асосида Шаҳодат Худойқулова бир бор ишдан бўшатилгани, аммо суд қарори билан яна ишга қайта тиклангани ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.

Бироқ, ўқитувчиларнинг маошини ўзлаштириш, уларнинг пластик карточкаларини ноқонуний равишда йиғиб олиш ёки улардаги маблағларни ўзлаштириш бобида собиқ ходимларнинг арзу ҳоллари борасида изоҳ бера олмаслигини айтди.

Ҳозирда ишда қолаётган ва собиқ ўқитувчилар ҳануз ҳаққини ундиришдан умидвор эканини айтмоқдалар.

Озодлик айни масалада Республика Олий таълим вазирлиги ва Ўрта-махсус касб-ҳунар таълим бошқармаси мутасаддиларидан изоҳ олишга уринишда давом этади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:51 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG