Линклар

logo-print

Ўзбекистон-Чехия муносабатларига 20 йил тўлди


Прага кўчаларида номалакавий қурилиш ишлари билан шуғулланаётган ўзбекларни тез-тез учратиш мумкин.

Прага кўчаларида номалакавий қурилиш ишлари билан шуғулланаётган ўзбекларни тез-тез учратиш мумкин.

Ўзбекистон ва Чехия ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 20 йил тўлди. Чехиянинг Ўзбекистондаги муваққат элчиси Роман Масарик Озодлик билан суҳбатда бу давр ичида мамлакатлар ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий муносабатлар анча ривожланганини қайд этди. Унинг айтишича, бунга Ўзбекистонда чехиялик ва аксинча Чехияда ўзбекистонлик тадбиркорлар сони ошиб бораётгани яхши мисол бўлади олади. Айни пайтда кейинги 5-6 йил ичида Чехияда малакасиз меҳнат билан шуғулланаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони ошганини кузатиш мумкин.

Чехословакия 1992 йил январида Ўзбекистон мустақиллигини тан олган ва ўша йилнинг 7 май куни икки давлат ўртасида димпломатик алоқалар ўрнатилган.

1993 йил 1 январда эса Чехословакия иккига – Чехия ва Словакияга ажраб кетади ва Ўзбекистон иккала мамлакат билан ҳам дипломатик алоқалар ўрнатади.

Шунинг учун, дейди Чехиянинг Ўзбекистон ва Тожикистондаги муваққат элчиси Роман Масарик, аслида Тошкент билан Прага ўзаро муносабатлар 20 йиллигини 2013 йил 1 январида нишонлайди.

Сана муносабати билан Озодликка интервью берган Масарик жаноблари яқин ўтмишлари бир-бирига ўхшаш икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар 20 йил давомида бир маромда ривожланиб борди, дейди.

- Мамлакатларимиз ўхшаш тарихга эга. Собиқ Совет Иттифоқи даврида бизнинг мамлакатда ҳам, Ўзбекистонда ҳам кўп нарса Москвага қарам бўлган. Яъни тарихнинг бу саҳифаларига қарашларимиз бир хилдир ва бир-биримизни яхши тушунамиз, дейди элчи.

Расмий маълмуотларга кўра, 2011 йилнинг дастлабки саккиз ойи мобайнида Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги савдо айланмаси 35 миллион АҚШ долларини ташкил қилган. Бу кўрсаткич аввалги йилларга нисбатан кўпроқ бўлса-да иккала двалат иқтисоди учун денгизда бир томчидай гапдир. Жаноб Роман Масарик бу рақамларга некбинроқ нуқтаи назардан қараш лозимлигини айтади.

- Чунки бундай рақамларга турли омиллар таъсир қилади, бугун қайси фирма Чехияникию қайсиниси Ўзбекистонники буни аниқ айтиш қийин бўлиб қолди. Ҳозирда кўплаб ўзбекистонлик тадбиркорлар Чехияда фирма очмоқда, ёки аксинча чехияликлар Ўзбекистонда ширкатларни ташкил қилмоқда. Бундай ширкатлар фаолияти учинчи мамлакатларда олиб борилиши мумкин ва унга оид маълумотлар Чехия билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмасида қайд этилмайди, шунинг учун реал вазият бундан кўра анча яхшироқ, дейди жаноб Масарик.

Элчи жаноблари Чехияда тадбиркорлик қилаётган кўплаб ўзбекистонликларни танишини айтиб, реклама бўлиб қолмасин учун алоҳида фирмалар номларини келтиришдан тийилди.

Айни пайтда, бугун Прага кўчаларида қурилиш ишлари билан шуғулланаётган ёки дўконларда қоровуллик қилаётган ўзбекларни кўп учратиш мумкин.

Элчи Роман Масарикнинг айтишича, 2008 йилда Европа Иттифоқида молиявий инқироз авж олган пайтда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг кўпчилиги Чехия ҳукумати тақдим қилган текин авиачипта ва 600 еврога тенг молиявий ёрдамни олиб, ватанларига қайтиб кетишга рози бўлган.

- Ҳозирда Чехияда малакасиз меҳнат билан шуғулланаётган ўзбекистонликлар 200 киши атрофида, дейди жаноб Масарик.

33 ёшли Саидкамол ана шундай ўзбекистонликлардан бири. Лекин унинг тахминларига кўра, ҳозирда Чехияда мардикорлик қилаётган ўзбекистонликлар мингларни ташкил қилади.

- Чехияда, менимча, 3000 лар атрофида ўзбек бўлса керак. Ундан кўпмас менимча. Умуман ҳар хил (иш билан шуғулланади). Кўпчилиги рабочий. Бизнес виза билан келган. Биринчи ўринда оддий ишчи ва бизнес визаси. Ўзбекларга асосан магазинда қоровул бўлиб туриш бўйича қизиқиш катта. Чунки тўғрироқ ишлайдида улар. Бошқа миллатлардан кўра ўзбекларга талаб кўпроқ. Қурилишда ҳам ўзбеклар кўпроқ меҳнаткашроқ.

Ўзбекистонликлар орасида визалари тугаб, мамлакатда нолегал тарзда қолаётганлар ҳам бор, дейди Саидкамол.

- Улар ҳам бор. Энди полицияга тушмасдан юришадида, дейди Прагада ишлаётган Саидкамол.

Ўтган йилнинг февралида эса Прагада қотилликда айбланган Ўзбекистон фуқароси Соҳиббек Йўлдошбоев умрбод қамоққа ҳукм қилинди. Прага суди у билан қора курсида ўтирган яна уч нафар ўзбекистонликни 19 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум қилди.

Чехиядаги ўзбеклар орасида 2005 йилги Андижон воқеалари оқибатида Ўзбекистонни тарк этган юзлаб андижонликларнинг бир қисми ҳам бор. Чехия ҳукумати андижонликларнинг 15 нафарига бошпана берган.

Муносабатларнинг 20 йиллик тарихида ўзаро дипломатик жанжал ҳам келиб чиққан. 2001 йилда ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ Чехияда қўлга олиниб, Ўзбекистонга берилмагани учун расмий Тошкент Чехияда ишлаб чиқилган трамвайларини сотиб олиш бўйича 50 миллион долларлик шартномадан воз кечган эди. Ўша пайтдаги Чехия президенти Васлав Ҳавелнинг "бир диссидентни 50 миллион долларга алиштирмайман" деган гапи ўзаро муносабатларда сиëсатнинг иқтисоддан устунлигини кўрсатган гап сифатида тарихда қолди.

XS
SM
MD
LG