Линклар

logo-print

Ўзбек ëшлари 2-жаҳон уруши ҳақида нима билади?


Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистондан 1,5 миллион одам қатнашгани айтилади.

Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистондан 1,5 миллион одам қатнашгани айтилади.

Иккинчи жаҳон уруши билан орамиздаги масофа узоқлашган сайин бу уруш ҳақидаги тасаввурлар ҳам мавҳумлашаëтгани кузатилади. Иккинчи жаҳон урушини тарих китобидан эмас, балки кинолардан билаëтган ëшларга микрофон тутдик.

Нацист Германияси устидан қозонилган ғалаба нишонланадиган кунда Ўзбекистон ëшларининг баъзи вакилларига қўнғироқ қилиб, Иккинчи жаҳон уруши ҳақида биласизми деган савол билан мурожаат қилдик.

26 яшар Марғилонлик тадбиркор Абдулазиз Иккинчи жаҳон уруши ҳақида кинолар ва компютер ўйинлари орқали хабардор бўлганини айтади:

- Иккинчи жаҳон уруши деганда ўша киноларда кўп кўрганмиз, ҳозир мана компютер ўйинлари бор, кўп ўйнаганмиз Иккинчи жаҳон уруши тўғрисида, кадрлар сразу кўзга кўринади.

Айни пайтда Абдулазиз ўз ота-боболарининг иккинчи жаҳон урушида қатнашмаганини билдирди.

Бухоролик 18 яшар Музаффар исмли талаба Иккинчи жаҳон урушидан кўра 1999 йил 16 феврал куни Ўзбекистонга ҳужум қилмоқчи бўлган "террорчилар" ҳақида яҳшироқ билишини айтади.

- Яқинда, огоҳлик давр талаби деган суҳбат бўлди. Ўша суҳбатда тинчлигимизни бузаëтганлар ҳақида гапиришди.

Уруш ҳақида, Ҳитлер ҳақида эшитганмисиз деган саволимизга Музаффар ҳам киноларда кўрганмиз, деган қисқа жавобни берди.

Тожикистондан Хоразмга келин бўлиб тушган Сеторабону исмли уй бекасининг жавоби қисқа бўлди.

- Мен фақат битта урушни биламан, у ҳам бўлса Тожикистондаги фуқаролар уруш (1992-97 йиллар). Ўша уруш боис оиламиз сарсон бўлди.

Суҳбатдошнинг уруш ҳақида бошқа фикр билдиришга истаги бўлмади.

Тиббиëт соҳасида илм қилаëтган 25 яшар Сардорбек Раҳмонов уруш борасида ўз тенгдошларидан кўра кўпроқ билиши маълум бўлди:

- Иккинчи жаҳон уруши дейилганда кўз олдимизга нима келади? Ҳарқалай бу тарихда муҳрланиб қолган. Ҳозир кимлардан сўрасангиз, Иккинчи жаҳон урушини сўрасангиз, ҳаммаси “Россия федерациясида рўй берган. СССРда рўй берган” деб айтишади. Лекин аслида олиб қарайдиган бўлсак, Иккинчи жаҳон урушида бизнинг Ўзбекистоннинг ўрни жуда ҳам катта рол ўйнайди. Чунки суриштириб кўрсангиз, одамлардан сўрайдиган бўлсангиз ëки одамлар қаердансан деб сизга савол беришса, “Ўзбекистонданман, Тошкентданман” деса, ҳаммаси бир бўлиб “город хлеба” дейишади, “нон шаҳри” дейишади. Шунинг учун Иккинчи жаҳон урушида неча-неча ота-боболаримиз, ҳамюртларимиз қанчаси ўзларининг ҳаëтларини бағишлаган. Урушда ғолиб бўлиш учун анча ўзларининг кучларини аяшмаган. Шунинг учун иккинчи жаҳон уруши дейилганда кўз олдимизга бизнинг ота-боболаримиз келади.

Яқинларингиз бу урушда қатнашганми деган саволни Сардорбек Раҳмоновга бердик:

- Қатнашган. Менинг онамнинг оталари, боболари урушга борган. Шу билан улар кейин урушдан қайтиб келмаган. Шаҳид бўлганлар хуллас. Уларнинг исм-фамилиялари Мустақиллик майдонидаги шаҳидлар майдонидаги китобларда акс эттирилган. Қатор қариндошларимиз, ота-боболаримиз урушда қатнашган.

Сардорбек Раҳмонов Иккинчи жаҳон уруши ғалабасида ўзбеклар ҳам ҳисса қўшганидан ғурурланишини айтади.

1941 йилда 6,5 миллион аҳолиси бўлган Ўзбекистондан 1,5 миллион одам урушга жалб қилинган.

Расмий маълумотларга кўра, бу урушда ярим миллион ўзбек ҳалок бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG