Линклар

logo-print

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 10 май куни кучга кирган буйруғи давлат идоралари ҳужжатлари тилини тартибга солишга қаратилган.


Мазкур буйруқнинг журналистика тилига дахли йўқ. Шундай бўлса-да¸ “Ўзбекистон” телеканали журналистлари тили, умуман давлат тилининг бугунги аҳволига Адлия вазирининг буйруғи призмаси орқали назар ташлаймиз.


Пайтавага қурт тушди

Ишонмасаям бўлаверадиган хабарларга қараганда, “Ўзбекистон” телерадиоканали журналистларининг пайтавасига шу кунларда қурт тушган.

Журналистлар тушликка олганлари сомсани жағи куйганига қарамай¸ йўл-йўлакай апил-тапил еб, кутубхонага чопаётганмишлар – уларга ўзбек тили дарсликлари етказиб беролмай кутубхоначи опалар сочларини юлаётганмиш.

Опалардан бирини Анҳор бўйида кўрганлар бор: сочлари ёйилган, қўлида кутубхона картотекасининг “Ў” ҳарфли қутиси, ўтган-кетганга “Мени кутубхонага оббориб қўйинглар”, деб ялинармиш.

Ўтган-кетганлар бир кутубхоначи опага, бир унинг қўлидаги қутига, бир ҳўўв наридаги янги кутубхонага қарармиш.

Кутубхонада китоб етмай қолган журналистлар кечқурунлари уйларида корейсча сериал кўриш ўрнига ўғил-қизларининг дарсликларини ўқиётганмиш.

Ёши ўтганроқ бир журналист акахоннинг уйига кеча “Тез ёрдам” чақиришибди. У яшайдиган маҳалланинг соқолсиз оқсоқолидан олинган хабарга қараганда, чала саводи кирилл ёзувида чиққан журналист ўз қизининг лотин ёзувидаги “O’zbek tili” дарслигида Sex сўзини кўриб қолибди.

Журналист “Ўзбекистонда sex йўқ!”деб ҳайқирибдию “O’zbek tili” билан қизининг қаншарига бир туширибди.

“Sex СССРда йўқ эди, Ўзбекистонда бор. Бир пайтлар бизникидаям бўлган. Қаншарини ёрдингиз, бўйига етиб қолган қизингиз энди ёриқ қаншари билан эрлик бўладими ё эсэсэсрлик бўладими?!”, деб йиғлаб, шифон сарафанининг бандини ҳўл қилибди журналистнинг хотини.

Қаншаридан қон тўхтаган қизгина sex секс эмас, цех эканлигини адасига тушунтирмоқчи бўптию қўрқиб индамабди, хонасига кириб бойфренд... йўғ-э, йигитига SMS ёзиб ўзини овутибди...

“Ўзбекистон” телерадиоканали дарвозахонасида турувчи соқчилардан биридан бузуқ телефон орқали олинган узуқ маълумотга кўра, 30 апрелдан бери журналистлар тилдан имтиҳон топшираётганмиш.

“Имтиҳонни тил дўхтирлари олаяпти”, деб хабар қилди соқчи.

10 кундан бери тил имтиҳони топширар эканлар, тележурналистлар орасида ирим-сиримлар ҳам шаклланибди.

“Тилимга тирсак чиқди”, дермиш имтиҳонга кириб кетаётган журналист.
Бу гапга жавобан кети тилга олинмаган ҳайвон қолмаганмиш.

Адлия вазири буйруғи

“Ўзбекистон” телерадиоканали журналистлари пайтавасига қурт туширган – Адлия вазири Н. Йўлдошевдир. (Расман – Н. Юлдашев)

Рус тилида ёзадиган Norma.uz сайтининг хабар қилишича, вазир 30 апрел куни бир буйруқ имзолаган.

Буйруқки, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари қабул қиладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга оид.

Токи ўша ҳужжатларда “сўзлашув тили шакллари, давлат тилида маъносини тўла ифодалай оладиган сўз ва тушунчалар мавжуд тақдирда чет тиллардаги атамалар...” ишлатилмасин.

Шунингдек, давлат ҳужжатларини ёзишда “қабул қилинган умумий грамматик, орфографик ва пунктуацион қоидаларга риоя” қилинсин ва уларда ҳуқуқий атамалар ишлатилсин, расмий услубда ёзилсин!

Адлия вазирининг буйруғи 10 май куни кучга кирди.

Таркибига “Ўзбекистон” телерадиоканали кирадиган Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳам давлат муассасаси.

Демак, Адлия вазирининг буйруғи мазкур компания учун ҳам буйруқ.

Тележурналистларни “Ўзбек тили” ва ”O’zbek tili” дарсликларини ўқишга ана ўша буйруқ мажбур қилди.

Яшасин Адлия вазири!

Бу шиорни СССРдан қолган плакатларнинг орқа томонига ёзиб олиб, вазирлик олдида пикет ўтказишга шахсан мен тайёрман.

Чунки “Ўзбекистон” телерадиоканали зиммасига расман юклатилган вазифалар орасида тилга олинмаган бир вазифа бор.

Вазифаки, мамлакат халқини, Адлия вазири тили билан айтганда, “қабул қилинган умумий грамматик, орфографик, орфоэпик (бунисини ўзимиздан қўшдик) ва пунктуацион қоидаларга риоя” қилишга ўргатиш вазифасидир.

“Ўзбекистон” каналининг “тилига тирсак чиққан” журналистлари эса, аксинча, аксини қилаяптики, зора Адлия вазирининг буйруғи уларни тўғри йўлга солиб қўйса!

Тилга чиққан тирсак

Мана “Ахборот”нинг биргина сонидан олинган бир неча парча:

“Молия вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотда 2012 йилги макриқтисодий кўрсаткичлар прогнози солиқ ва бюджет сиëсатининг асосий йўналишлари ҳақида сўз борар экан...”.

“Макр иқтисодий кўрсаткичлар”, дейдими, журналист опа?

Билиб айтаяптими, билмайми? Ўзбекистоннинг ўзига хос иқтисодий модели ютуқларини кўролмаётган бўлмасин бу журналист?!

“Макроиқтисодий”ни “макроиқтисодий”, деб тўғри талаффуз қилиш ўрнига у атайлаб “макр иқтисодий” деяётган бўлмасин?

Томошабинга зарарли мессеж етказмоқчи эмасмикан?!

Эээ, узр, Адлия вазирининг буйруғи эсдан чиқибди, “мессеж” сўзини қайтариб олдик.

Энди бу парчани эшитинг.

“Мазкур тузим ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишлик муҳим омилга айланиб ижтимоий ҳолатни таъминлашда фаол кўмаклашмоқда”.

Мухбир тилидан чиққан жумладаги феълнинг шаклига эътибор бердингизми?

“Қилишлик”, дедия! Қилишлик, кўришлик, билишлик, уришлик...

Нима бу? Давлат телевидениесими ё масжид минбарими?

Бу мухбирнинг ҳам умр йўлини бир тафтиш қилиши керак, керакли органлар. Исломчилардан бўлиб юрмасин.

Энди мана бу икки парчага эътибор беринг:

“Парламент комиссиясининг экспертлар гуруҳи томонидан танлаб олинган 80та энг яхши лойиҳалардан...”

“Айни пайтда жамият ҳаëтининг турли жабҳаларида 5000дан зиëд нодавлат нотижорат ташкилотлари иш юритмоқда”.

Рақамдан кейин келадиган отга “лар” қўшмаган журналистнинг мўмиёсини осори-атиқалар музейидан топмасангиз, тиригини тополмайсиз бугунги кунда. Шунинг учун Адлия вазиридан илтимос: рақамдан кейин келадиган отга “лар” қўшишни қонунийлаштириб беринг, барака топкур!

Тинглаганингиз парчалар овоз эди – учди-кетди – овозга тугма қадаб бўлмайди.
Лекин Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси журналистларининг тугма қадаса бўладиган сўзларидаям хатолар “мижир-мижир”.

“Teledasto’rlar”

Масалан, компания расмий сайтининг бош саҳифасида “Teledasto’rlar”, деган сўз кўрсатувлар рўйхатига дастор бўлиб турибди.

“Дастур”ни билардик, “дастор” ҳам онда-сонда ишлатилиб туради. ДастЎр сўзини қаердан олишдийкан?

Ернинг биринчи сунъий йўлдоши учирилган кунларда ўзбек таржимонлари орасида бир дадили бўлган экан, “спутник”ни “йўлдош”, деб олган ва ўшандан бери “спутник” эмас “йўлдош”, деб ишлатар эдик.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси сайтида эса, “йўлдош” сўзидан воз кечибдилар: “Спутник кўрсаткичлари”, деб ишлатишибди.

Қаёққа қараяпти, ўзи, Адлия вазири Н. Йўлдошев (расман – Н. Юлдашев)?

Ҳа, ҳа, қаёққа қараяпти?

Вазир мамлакат президенти чет эллик меҳмонлар билан учрашувларда қайси тилдан фойдаланаётганига ҳам эътибор бермаяпти.

Мана, “Ахборот”нинг бугун тилга олганимиз сонидан яна бир парча.

Сюжет Венгрия президенти Пал Шмитднинг Ўзбекистонга сафари, президент Каримов билан учрашуви тўғрисида эди.

“Музокарада минтақада тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жумладан Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш билан боғлиқ масалалар хусусида ҳам фикр-мулоҳазалар юритилди.

Президент Ислом Каримов: Проблемы своей страны должен решать сам афганский народ. Только путëм достижения компромисса, консенсуса между противоборствующими сторонами, вовлечения в этот процесс самих афганцев, а также социально-экономического возрождения Афганистана с помощью мирового сообщества можно достигнуть мира и стабильности в этом государстве.

Президент Пал Шмитд: Вы, уважаемый президент, являетесь залогом стабильности всего этого региона. Узбекистан занимает все более весомую и авторитетную позицию на международной арене”.

30 миллион кишилик халқи бор ЎЗБЕКистон президенти ЧЕТ ЭЛлик меҳмон билан ЎЗ ДАВЛАТИ ТИЛИда эмас, БОШҚА давлат тили – РУС тилида сўзлашганига эътибор бердингизми?

Халқи 10 миллион кишигина бўлган ВЕНГРИЯ президенти эса, ВЕНГЕР тилида гапирди. Ўзбекистонлик таржимон унинг сўзларини ЎЗБЕК тилига эмас, РУС тилига ўгирди.

Учрашув тўғрисида ЎЗБЕК тилида ҳикоя қилиб бераётган “Ахборот” эса, бу икки раҳбарнинг айтганларини ДАВЛАТ ТИЛИга таржима қилиб бермади.

Адлия вазири Ўзбекистон мустақилликка эришганидан бери кузатилаётган бундай кўринишга ўзининг ҳуқуқий баҳосини берганми-йўқми – билмаймиз.

Лекин “биламиз”, деб айтиш даражасидаги тахминимизча, Адлия вазири Н. Йўлдошев (расман Н. Юлдашев) 30 апрел кунги буйруғи билан САБАБга қарши эмас, ОҚИБАТга қарши – ўзбек тилини саксовулдай қуруқ ва дағал, жонсиз, руҳсиз ва рангсиз бир матаҳга айлантириб қўйган 20 йиллик эътиборсизликка қарши курашмоқчи...

...деб ўйлагимиз келди.

Ўйлагимиз келди, орзу қилдик-да, энди.

Туяям ҳаммомни орзу қилган-ку?!

Муҳим эслатма

Адлия вазири Н. Йўлдошев (расман – Н. Юлдашев) 30 апрел кунги буйруғи билан вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари қабул қиладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда “эскирган ва кўп маъноли сўз ва иборалар, образли ўхшатишлар, эпитетлар ва метафоралар” ишлатишни ҳам тақиқлаб қўйди.

“Ўзбекистон” телеканали давлатга қарашли муассаса бўлгани билан, ҳар эҳтимолга қарши, бу меъёрнинг тележурналистларга дахли йўқлигини эслатиб қўймоқчиман.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG