Линклар

Ўзбек экологлари "ТАЛКО"дан товон пули сўрамоқда


Тожикистоннинг Турсунзода шаҳридаги алюминий заводи.

Тожикистоннинг Турсунзода шаҳридаги алюминий заводи.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати Тожикистон алюминий заводидан атроф-муҳит ва халқ саломатлигига етказган зарарини қоплаш учун 450 миллион АҚШ доллари миқдорида товон пули талаб қилмоқда.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати раиси Борий Алихонов ва унинг ўринбосари Саидрасул Сангинов Тожикистондаги “ТАЛКО” давлат унитар корхонасидан 447,3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги зарарни қоплашни талаб қилмоқда.

Бу ҳақда хабар тарқатган 12.uz ахборот порталига кўра, тожик алюминий заводининг Сурхондарё вилояти аҳолиси саломатлиги ва генофондига ҳар йили етказадиган зарари 31,2 миллион долларни ташкил этади.

Бундан ташқари¸ ҳар йили флюороза (таркибида фтор кўп бўлган сув ва меваларни истеъмол қилиш натижасида келиб чиқадиган тиш касаллиги - таҳр.) ни даволаш учун 16 миллион, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш учун 0,75 миллион, қон касалликларини даволаш учун 4,8 миллион, эндокринология ва ошқозон ичак касалликларини даволаш учун 3,3 миллион ва нафас олиш йўлларининг давоси учун 3,9 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланмоқда.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати баëнотига кўра, завод 2007-2011 йиллар давомида 156 миллион доллар миқдорида иқтисодий зарар ҳам келтирган; 16 ёшгача бўлган ногирон болаларнинг қарови учун давлат харажати сўнгги тўрт йил ичида 28 миллион долларни ташкил қилган.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати экология ва инсон саломатлигига жиддий зарар етказаётганини назарда тутган ҳолда, тожик алюминий заводи фаолиятини тўхтатиш зарур, деб ҳисоблайди.

Озодлик мухбири Ўзбекистон Экологик ҳаракатига қўнғироқ қилиб, мазкур талабни изоҳлаб беришни сўради.

Бироқ ўзини ҳаракат матбуот хизмати ходими деб таништирган Эркин исмли суҳбатдош Озодликнинг Ўзбекистонда расман аккредитациядан ўтмаганини айтиб, ёзма равишда мурожаат қилишимизни билдирди.

Тожикистон алюминий заводи муаммолари билан шуғулланадиган тожикистонлик иқтисодчи Давлатмурод Жумаев Озодлик билан суҳбатда, ўзбек экологларининг бу баёнотини "сиёсий ўйин" деб атади:

- Бу¸ албатта, ҳаммаси сиёсий ўйиндир. Бу янги гап эмас. Бу баёнотларнинг ҳаммаси Роғун ГЭСига бориб тақалади. Биласизми, Роғун ГЭСи қурилиши бошлангунча бунақа гаплар йўқ эди. Мана ўзбек экологлари шунча зарар етказяпти, дейишибди. Лекин, мана завод 50 йилдан буён ишлаяптию лекин бирорта ишчи ўша ерда заҳарланиб ўлибди, деган гапни эшитганимиз йўқ.

Йўлларнинг ёпилиши, вагонларнинг ушлаб турилиши ва Тожикистон тараққиёти учун қўйилаётган бошқа тўсиқлар Ўзбекистон ҳукуматининг Роғун қурилмаслиги учун Тожикистонга ўтказаётган босимларидир. Икки қардош халқ учун тинчлик ва осойишталик керак, бунақа сиёсий ўйинлар керак эмас, дейди тожикистонлик иқтисодчи Давлатмурод Жумаев.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати 2008 йил август ойида президент Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил қилинган унга Ўзбекистон Олий Мажлисидан 15 та ўрин берилган эди.

Кузатувчилар бу ҳаракатни Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасидаги муаммоларни халқаро майдонга олиб чиқадиган сиёсий куч сифатида ташкил қилинганини айтадилар.

"Бу ҳаракатга сиëсий куч бериш керак. Халқнинг номидан гапиришга¸ давлатимиз номидан гапиришга катта имконият беришимиз керак. Мен Ўзбекистон ҳақида гапираëтганим йўқ. Мен Ўрта Осиë ҳақида гапираяпман. “Эй халқаро жамоатчилик¸ БМТ¸ эшитинглар¸ қачонгача қуруқ ваъда билан юрамиз? Бизнинг ҳам эртанги кундан умидимиз катта. Билиб қўйинглар¸ кучимизни кўрсатамиз” деб халқимизнинг намоëндалари сифатида сиëсий майдонга чиқади"¸ деган эди Ислом Каримов.

2010 йилнинг 25 март куни Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида ҳукумат рухсати билан норозилик намойиши ўтказилди. Ўзбекистон Экологик ҳаракати ташкил қилган бу намойишда 1200 киши Тожикистоннинг “Талко” алюмин заводида ишлаб чиқариш кенгайтирилишига норозилик билдирган.

Ўтган йил июл ойида Ўзбекистон Эклологик ҳаракати раиси ўринбосари, профессор Саидрасул Сангинов экологлар ва Сурхондарё вилояти жамоатчилиги “ТАЛКО”ни халқаро судларга беришга тайёргарлик кўраётганини айтган эди.

2011 йилнинг сентябр ойида Ўзбекистон экологик ҳаракати ТАЛКОнинг Ўзбекистон аҳолиси саломатлигига ва атроф -муҳитга етказаётган салбий таъсири ҳақида жамоатчилик норозилиги акс этган мурожаатномани БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига топширган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG